ЁШЛАР – КЕЛАЖАГИМИЗ ПОЙДЕВОРИ

Мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш масаласи ҳамиша давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келган. Чунки юртимизда ёшларга Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг марказий манбаи сифатида қараляпти. Бугунги йигит ва қизлар моддий ишлаб чиқариш жараёни характери, иқтисодий тараққиёт мўлжалларини аниқлаш, жамиятни бошқариш характери, ҳокимият ва сиёсий соҳа табиатига таъсир ўтказиш, ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этишга, жамиятдаги маънавий-руҳий вазиятни шакллантиришга қодир бўлган ижтимоий-демографик кучдир. Бироқ ёшлар бундай аҳамиятли ижтимоий вазифаларни бажарадиган қудратга айланиши учун жамиятда, аввало, улар билан ишлашнинг замонавий ва самарали тизими мавжуд бўлмоғи даркор.

Шу нуқтаи назардан қараганда, давлатимиз раҳбарининг «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» қарори долзарблиги ҳамда ижтимоий аҳамияти билан тавсифланади. Мазкур қарорда тўрт асосий мақсад назарда тутилади:
– ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш;
– улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш;
– ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш;
– таълим муассасаларидаги маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар самарадорлигини янада ошириш.
Ушбу мақсадга эришиш учун Ўзбекистонда ёшлар билан ишлаш тизимининг энг муаммоли нуқтасига диққат қаратилмоқда. Маҳалла йигит ва қизларини қамраб олишнинг ўзига хос механизми вужудга келтириляпти. Маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозимининг жорий этилишини ана шундай баҳолаш мумкин.
Қарорда ёшлар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан маҳалладаги ёшлар етакчисининг асосий вазифалари аниқ белгилаб берилди.
Етакчилар ўзига бириктирилган маҳаллаларда фаолиятини маданият ва санъатни тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш, ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш, маънавият ҳамда китобхонликни тарғиб қилиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш, тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш каби асосий йўналишларда амалга оширади.
Ҳар чоракда маҳаллада ёшлар сиёсатини самарали амалга оширишда юқори натижадорликка эришган мамлакат бўйича энг илғор 100 нафар етакчи бир ойлик иш ҳақига тенг миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. Шунингдек, фаолиятини самарали ташкил этган, ўзининг шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлган етакчилар «Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишони билан тақдирланади.
Етакчиларнинг маданият ва санъатни тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзи ҳамда спортни оммалаштириш, ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш, маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ҳуқуқий саводхонликни ошириш, тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш йўналишларидаги фаолиятларининг вазифалари белгилаб берилаётгани уларнинг саъй-ҳаракатларини аниқ мазмун билан бойитади.
Бундан ташқари, етакчиларнинг ҳоким ёрдамчилари, фахрийлар, бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаши кўзда тутилгани мамлакатимиздаги ёшлар билан ишлаш бўйича ижтимоий механизмга яхлитлик ва тизимлилик бағишламоқда.
Қарорнинг эътиборни тортадиган яна бир жиҳати шундаки, унинг билан электрон рейтинг тизими жорий этилмоқда. Ушбу тизим маҳаллада ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини кунлик амалга ошириш ҳолати, тадбирларда маҳалладаги ёшларни тўлиқ қамраб олинганлик даражаси, «Ёшлар баланси»ни шакллантириш, «Ёшлар дафтари» ва «Ёшлар портали» электрон платформаларини рақамлаштириш даражаси, хорижда юрган маҳалла ёшлари билан яқиндан алоқанинг йўлга қўйилганлиги асосида шакллантирилади. Бундай ёндашув маҳалла етакчилари фаолиятини аниқ мезонлар асосида баҳолаб бориш, мавжуд муаммоларни жадал аниқлаш ва бартараф этиш, етакчилар фаолияти самарадорлигини мунтазам такомиллаштириш имконини яратади.
Ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, вертикал тизимни яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори асосида эндиликда етакчилар «Ёшлар баланси»ни шакллантириш, улар тўғрисидаги зарур маълумотларни «Ёшлар дафтари» ва «Ёшлар портали» электрон платформаларига киритиб, самарали иш ташкил қилмоқда. Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмаклашмоқда.
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий филиаллари масъуллари томонидан ёшларга оид Президентимизнинг фармон ва қарорлари, шунингдек, ҳукумат қарорларида белгиланган вазифаларни жойларда ёшлар билан учрашувлар, семинар-тренинглар ташкил этиш орқали етказмоқда. Шунингдек, икки йиллик меҳнат фаолияти натижаларига кўра, етакчиларнинг лавозимини ошириш юзасидан вазирлик ва идоралар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Агентлик томонидан таклиф киритилиши белгиланди. Эътиборлиси, бугунга келиб, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда Етакчилар иш фаолиятини тўлиқ рақамлаштиришга эришилди ҳамда электрон рейтинг тизими (KPI) жорий этилди.
«Ёшлар дафтари» ахборот тизими «Онлайн маҳалла» платформаси билан интеграцияланади.
Қувонарлиси, 2022 йил 7 июнда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг «Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, 1 июлдан «Ёшлар дафтари» ахборот тизими «Онлайн маҳалла» платформаси билан интеграцияланди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олимпиада, танлов ва мусобақаларнинг маҳаллий босқичларида қатнашиш харажатлари учун БХМнинг 4 бараваригача (ҳозирда 1 200 000 сўм) ҳамда халқаро босқичларида қатнашиш харажатлари учун 40 бараваригача (12 000 000 сўм) миқдорида субсидия ажратиладиган бўлди.
Шунингдек, моддий аҳволи оғир бўлган 30 ёшдан ошмаган бемор фуқароларга мамлакатда ёки хорижий давлатда даволаниш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун 50 бароваридан ошмаган миқдорда (ҳозирда 15 000 000 сўм) субсидия ажратилмоқда.
Умуман, мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга давлат сиёсати даражасида қаралаётгани, давлатимиз раҳбари ўз нутқларида ёшлар бандлигини таъминлаш ҳақида қайта-қайта тўхталаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, ёшлар бизнинг асосий таянчимиз ва суянчимиз. Улар пухта билим ҳамда даромад манбаига эга бўлса, юрт тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади, жамият ривожи учун хизмат қилади.
Тошпўлат МАТИБАЕВ,
Социология фанлари доктори, профессор

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *