БАХОР
КЕЛДИ
СИЗНИ
СЎРОКЛАБ…

Гўё, 1-март устознинг таваллуд куни билан бирга, чор тарафда янграётган Зулфияхоним исми, шеър-у қўшиқлари билан бирга қаердандир ўзлари ҳам кўринадигандек… Чимкент кўчасидаги уйларидами ё Композиторлар кўчасидаги ҳовлисидами чиройли кийиниб бизни қарши оладигандай…

Óçáåêñêàÿ ïîýòåññà Çóëüôèÿ.


Ахир, доим шундай бўларди-ку. Опа жуда қаттиқ тайинлаб қўйганлари учун биз таваллуд кунларида қимматбаҳо совға кўтариб бормасдик. Фақат гулдаста бўларди қўлларимизда. Гунафшани ниҳоятда яхши кўрганлари учун бир неча боғлам шу митти гулчаларни олиб борардим. Устоз худди дунёдаги энг ноёб гулни кўргандек узоқ ҳидлаб, меҳмонхона тўридаги жавон тепасига – Ҳамид Олимжоннинг график рассом чизган суврати остига бармоқдек биллур вазачага солиб қўярдилар. Кимдир ширинликми, ҳадями олиб келса, ростдан, ранжирдилар:
– Сизларнинг бурчларинг кўп. Болаларинг ёш. Баъзиларингнинг уй ташвишларинг бор. Шу эҳтиёжларингдан сиқиб, менга совға олиб келсаларинг, (Гапнинг шу ерига келганида қўли билан юрагини кўрсатардилар) мана бу ерим оғрийди..
Фақат аёллар йиғилган бу даврага (Мухлис, шогирд эр кишилар опани остонадан табриклаб қайтардилар) ўша пайтнинг “мана ман” деган аёллари – вазирлар, вазир ўринбосарлари, таниқли олималар ҳам ташриф буюришарди. Биз ошхонада Ҳулкар опам ёки Риоя келинойимнинг олдларида ўралашиб юрсак, устоз:
– Қани, меҳмонлар келишига ҳаммаларинг чиройли бўлиб, менинг ёнимда ўтиринглар. Пешбанд тақиб ошхонадан чиқиб келманглар, – дердилар.
Биз ўша даврнинг гуллари билан бир дастурхонда ўтирардик. Боз устига, устоз ҳаммамизни уларга бирма-бир таништирар, ёмонимизни яшириб, яхшимизни ошириб тақдим қилардилар. Биз уларнинг кўзларига “Зулфияхоним қизлари” бўлиб ўрнашиб қолардик. Кези келса, мана шу нарса бизга яшил чироқ бўларди. Қайсидир бир битмай турган ишимизнинг битиб кетишига ёрдам бериб юборарди. Шахсан ўзим шаҳарга рўйхатга ўтишга қийналиб юрганимда. Ижроқўмда мени кўриб қолган мансабдор бир аёл:
– Ие, сиз Зулфия опанинг қизларидансиз-ку, бу ёққа юринг-чи…, – деб ишимнинг битишини тезлаштириб юборганлар.
Шарқда устоз, шогирдлик анъаналари ҳамиша бўлган. Устоз фақат ўргатувчи, йўл очувчи, қўлловчи эмас, у шогирди учун ўзини жавобгар ҳисоблаган. Опада ҳам бизга нисбатан шундай ҳиссиётлари бор эди. Ўзлари талантига умид билдирган қайси биримиз матбуотда кўринмай қолсак:

  • Нега Дилбардан (Ҳамзахўжаева, қўқонлик шоира ) дарак йўқ… Уллибиби (Отаева, хоразмлик шоира)га хат ёзинглар, янги шеърларини юборсин, – деб эсимизга солиб турардилар. Оила қуриш масалаларимизга ҳам бефарқ бўлмас, қайси биримизнинг ҳаётимизда кимдир пайдо бўлса-ю, тўй масалалари қўзғалаётган бўлса:
    – Ўша йигит билан мен ҳам бир гаплашай, –дердилар. Адиба Дилбар Саидова, шоира Муҳтарама Улуғовалар турмушга чиқаётганларида шундай бўлганди. Бу оналарча тергаш, оналарча синов бизга малол келмас, балки кўнглимизда “Опага ҳам маъқул келди-ю…”, тарзидаги бир ишончни уйғотарди.
    Биримизга “Оқ йўл“ ёзиб, адабиётнинг катта майдонларига йўллаган, бошқа бировимизнинг уй олишимизга ёрдам берган… Лекин шундай бўлса-да, бизнинг елкамизга юк ортмасдилар. “Сен мендан қарздорсан”, деган таънаси умуман бўлмасди.
    Етмиш беш ёшларини нишонлаш арафаси эди, адашмасам. Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти устознинг уч томлик сайланма асарларини режага киритди. Ўша кунларда Зулфияхонимнинг бирозгина тоби қочиброқ юрганди. Нашриёт эса тинмай қўлёзмани қистарди. Авваллари эрта кеч бориб ёрдам бериб юрдим. Бу пайтда опа нафақага чиққан, мен эса “Саодат” журналида ишлардим. Ахийри, жуда қистовга тушгач, ўз ҳисобимдан бир ой таътил олдим. Учинчи томни бирга тайёрладик. Опа диванда ётган кўйи тинглар, мен мақолаларни ўқир, оғзаки тузатиш киритган жойларини қўлёзмада тузатар эдим. Роппа-роса бир ойда қўлёзмани нашриётга топширдик. Охирги кун кетаётганимда устоз қўлимга конверт тутқаздилар: билиб турибман: пул.
    – Зулфия опа, Сизнинг бизга шунчалик меҳнатингиз сингмадими? Биз Сизга “Раҳмат” дан бошқа ҳеч нарса демадик-ку, – дея эътироз билдира бошласам, конвертни сумкамга солдилар:
    – Сен энди оилали одамсан. Керак бўлади. Менинг ҳам кўнглим хотиржам бўлади, – дедилар. Олмасликнинг иложи бўлмади. Уйга келиб қарасам 150 сўм, бир ойлик маошим. Шу тарзда ҳалол инсон эдилар устозимиз.
    “Мен устозман”, деб юрган кўп одамларни кўрдик. Вилоятдаги қўллаганларидан доим нималарнидир таъма қилади. Зулфияхоним эса вилоятдан ижодкор қизлар Дўрмонга келса:
    – Қизимжон, (бизга кўпинча шундай дея мурожаат қилардилар), Момохол (қашқадарёлик шоира), Бибисора (Самарқандлик шоира) Дўрмонга келибди. Биз бир қадам жойда туриб таклиф қилмасак ўхшамайди. Кел, кечга бир ширин таом қилиб чақирайлик. Улар ўзлари киргани хижолат бўлаётган бўлиши мумкин, – дердилар. Ва биз кечқурун мўъжазгина дастурхон атрофида ширин суҳбатлашардик.
  • Баҳор фаслининг келишини ҳамма интиқ кутади. Чунки қиш чўзиладими ё қисқадан қайтадими, аёз билан ўтадими ё илиқроқми, барибир одам зерикиб кетади. Осмоннинг пастлаб кетганидан, яланғоч дарахтлардан…тундликдан… Аммо биз – Зулфияхоним қизлари баҳорни бошқача соғинамиз.

  • Устознинг суҳбатларидан зиё ёғдуси, покизалик нафаси келиб турарди. Олди-қочди гаплар бўлмасди. Биз устознинг тилларидан дунёнинг энг зўр ёзувчилари Чингиз Айтматов, Қайсин Қулиев, Сильва Капутикян, Марварид Дилбози, Амрита Притам, Файз Аҳмад Файз ҳақидаги ҳикояларни эшитганмиз. Мен уларнинг опага ёзган ҳурмат-эҳтиром тўла хатларини ўқиганман. Опанинг бошқа миллат ижодкорлари билан дўстлиги шахсий муносабатлар доирасида қолиб кетмаган. Устоз бу таниқли ёзувчиларнинг асарларини ўзбекчага таржима қилганлар. Қайсин Қулиевнинг шеърлари, Мустай Каримнинг “Ой тўлган оқшомда” драмалари устоз шарофати билан бизга кириб келди.
    Зулфияхоним билан боғлиқ хотиралар, назаримда, табиатнинг энг хушҳаво, энг чиройли жойларига ўхшайди. Кириб кетсанг, чиққинг келмайди… Фарзандларим дунёга келганларида уйга йўқлаб келганлари:
    – Онанг узоқда, йўқлагувчим йўқ, дея ўксиниб ўтирма, деб келдим, – дея жилмайганлари шундай кўз ўнгимда туради.
    Омон акамнинг (Зулфия опамнинг ўғиллари) ҳайдовчилари баҳорда бир елим челак гилос кўтариб келганлари:
    – Зулфия опам бериб юбордилар, “Қизимжон боққа келганида шу гилоснинг атрофида кўп юрган эди, ўтини юлдимией, сув қуйдимией… Оғзи тегсин…” деганлари…
    Биз сиздан, Сизнинг зиёнгиздан бир тола нур олдикмикан? Кошки!
    Қутлибека Раҳимбоева,
    Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *