Ғуломжон Ёқубов: Мен Хам кимларгадир ёКмайман!Ғуломжон Ёқубов:

Агар ҳаёт ҳар доим ҳам ғалабалардан иборат бўлганида эди, марралар учун интилмай қўярдик. Бугунги қаҳрамонимизни яхши танийсиз, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, “Олтин диск” мукофоти, “Дўстлик”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳиби Ғуломжон Ёқубов! Бир қарашда бу инсоннинг ҳаёти фақат ғалабалардан иборатдек кўринади. Аслида-чи? Аслида, Ғуломжон Ёқубовнинг дардлари, ҳасратлари, йўқотганлари қўшиқларида… Қаҳрамонимизнинг ҳар бир кунида шукр бор… эҳтимол, шу сабаб ҳам Ғуломжон Ёқубовни шиддат, шаҳд тарк этмас. Яна бошқалардан бошқача яшашга эмас, балки бошқаларга халал бермасдан, бировларнинг эмас, ўзининг умр йўлларидан юришни яхши кўради. Дардлар меники, изтироблар меники, ҳаётим меники, лекин қўшиқларим, санъатим сизники… Ғуломжон Ёқубовнинг нигоҳларидан ҳамиша мана шу сўзларни ўқиймиз!

  • Санъат ўртамиёналикни қанчалик қабул қилади?
  • Энди бу борада ҳамманинг ўз хулосаси бор. Майдонда ўртамиёна ижод қилаётганлар кўп. Балки синовларда тура олмагандир, балки бу борига кўникишдир, эҳтимол, унинг имкони ўша даража бўлиши мумкин. Мен иккита қўшиқ билан бутун умрини ўтказганларни биламан. Яна бир пайтлар меҳнат қилиб қўйганман, деб юрганлар ҳам бор. Лекин йиллар билан тенгма-тенг, шижоат билан, изланишлар билан ҳар доим олға юраётганлар ҳам кўп. Бу одамнинг ўзига боғлиқ. Ҳаракат қилган, меҳнат қилган, ўзини аямаган, касбини сева олган одамни тўхтатиб бўлмайди. Аслида, ҳамма бир хил бўлиши шарт эмас. Дунё ўзи шундай яралган.
  • Машҳурликнинг юки оғир…ми?
  • Ҳар ҳолда, енгил эмас. Лекин одамзоднинг бир хил юриши жуда қийин. Ҳаётнинг паст-баландларида, синовларида бир қадар ўзгаришга мажбур бўласиз. Аммо санъаткор ҳамиша бир маромда юриши керак. Ижодда эмас, ҳаётда албатта! Ижодда шиддат керак! Яна санъаткорга хос “юлдузлик” касаллиги ҳам бор. Лекин мен шу касалликка чалинмаганман-ов. Агар у-бу кимнинг кўнглида бўлса билмадим… Биз фонограммани билмасдик, яқин йилларда пайдо бўлди. Баъзида микрофонсиз куйлаганмиз. Ҳозир ёшлар орасида сал ноқулайлик бўлса, “мен бу шароитда қўшиқ айтмайман”, дейди. Биз устозларни кўрдик, ўргандик, ёнларида юришдан, хизматларини қилишдан эринмадик. Ёшми – каттами хизматимизни сидқидилдан қилдик, ёлғон куйламадик. Эҳтимол, кимгадир қаттиқ гапирган жойларим бордир, лекин доим, аввало, муомала билан тушунтиришни яхши кўраман. Мисқоллаб йиғилган обрўни сақлаш ҳам алоҳида меҳнат!
  • Устозлар “мактаб кўрганмиз”, деган гапни айтишади. Бугунги ёшлар “мактаб кўраяптими”?
  • “Устоз кўрмаган шогирд минг мақомга йўрғалар”, деган мақол бор. Ёшлар устоз кўраяпти, лекин мактабни ҳис қилмаяпти. Баъзида устозидан кўпроқ олқиш олса, оёғи ердан узилиб қолганларини ҳам кўрдим…. Ўзидан ўзи ҳеч нарса бўлмайди, ҳеч ким ўзидан – ўзи юзага чиқмайди. Битта қўшиқ билан узоққа бориб бўлмайди. Кўрдик, бир пайтлар майдонни тўлдирганларнинг ҳаммаси ҳам бугун сафимизда эмас. Нафақат устозлар йўли, балки ёшларнинг ҳам ижодини ўрганиш керак. Ҳар бир замоннинг зайли бор, талаблари бор. Агар саҳнада ўзингизни ашулангизни топмасангиз, у ерда узоқ қолмайсиз. Авжли композициялар кам, хориж мусиқаларига ўзбекча сўз қўйиш кўп. Бу касбни яхши билмаслик, меҳнатига туриб бермаслик дегани. Куйлаётган одам ўзининг мумтоз мусиқасини билиши шарт. Биз классик санъатимизни ўргандик, куйладик. Халқимизга ўзигагина хос асарлар керак. Ўзбекни ашуласида авжи, дарди, қувончи бўлмаса, у ўзбекча бўлмайди.
  • Бугун мухлис билан санъаткорнинг ўртасида масофа қолмагандек…
  • Афсуски ҳа, лекин масофа бўлиши шарт. Санъаткор ўзига хос маданияти, фаросати билан ажралиб туриши керак. Кўрганман, Фахриддин Умаровни кўрганда одамлар ҳавас билан бирга ҳурмат билан қарарди. Ҳозир қўшнисига қарагандек қарайди. Бу ерда манманлик ҳақида гап кетмаяпти. Санъаткор самимият, ҳурматни сақлаган ҳолда масофани ҳам белгилаб олиши шарт. Бугун ижтимоий тармоқларда “артистларни” кўриб хафа бўлиб кетаман. Қани уят, андиша, касбга ҳурмат? Саҳнага кўчадан югуриб келиб, бозорга кийиган кийимида чиқиб кетади. Балки замон шундай дейишар, аммо замон ҳам маданиятга муҳтож!
  • Репертуарингизда ранг-баранглик яққол кўринади. Қўшиқ танлашда инжиқмисиз ёки таваккал куйлайсизми?
  • Жуда инжиқман. То қалбимга кириб ўзимга роҳат бағишламагунча куйламаслик керак деб ўйлайман. Инсон туғилганидан бошлаб дид, фаросат шаклланиб боради. Бу ҳаммаси кўзга кўринади, сезилади. Ғашимга тегадиган ҳолатлар бор, мен ҳам кимларгадир ёқмайман. Бу ҳақиқат. Нафақат қўшиқларим, имижим ҳам доим муҳокамада. “Қизил кияди, сариқ кияди”, деган гапларни эшитаман. Менга шу ёқади, ўзимга эп кўраман. Аммо ҳеч қачон танлаган йўлимда қўл учида меҳнат қилмадим.
  • Ҳаёт сизни катта дард билан синади… аммо синмадингиз? Иродали бўлиш осон бўлмаса керак…
  • Осон эмас, аммо кучли бўлишга мажбурмиз. Чунки бу ҳаёт ва унда ҳамма нарса бўлади. Қаранг, умримизнинг тонги ва туни бор. Умр омонат, уни чиройли, мазмунли ва ирода билан яшашга мажбурмиз.
  • Эътирозларингиз борми ҳаётга?
  • Йўқ! Аллоҳнинг ўзи беради ва ўзи олади! Пешонага ёзганидан, берган такдиридан бошқасини ололмаймиз. Мен фақат Худога эгилдим, бандасига эмас. Тақдиримдаги ҳар бир оним ҳам Аллоҳга таваккал!
  • Сиз воз кечган одамлар борми?
  • Бор… Лекин уларни номини айтмайман. Синовли дунё бу! Яхшисига осмонга чикиб кетиш шарт эмас. Ёмонларига ерга кириб кетиш ҳам хато. Ҳамма қатори, эл қатори яшайлик!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *