Огоҳ бўлинг! Бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолманг

“Рёдан” халқаро ёшлар ҳаракати ҳақида яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар орқали маълум бўлди. Бундан аввал ҳеч ким бундай субмаданиятнинг мавжудлиги ҳақида ўйламаган ҳам эди. Жамоатчиликда ушбу ҳаракат ҳақида кўплаб тахминлар пайдо бўлди. Баъзилар “Рёдан” аъзоларини “жанговар аниме мухлислари” деб аташса, бошқалар уларни “радикал миллатчилар”, деб аташмоқда. Яна бир бошқа маълумотларга кўра, эса ёшлар субмаданият таъсирига тушиб қолишган. Хўш, аслида “Рёдан” ҳақида нима маълум, бу ҳаракат қандай пайдо бўлди ва унинг мақсади нима?


Маълумотларга кўра, “Рёдан” – “Ўргимчаклар, арвоҳлар отряди” номи билан ҳам танилган бўлиб, «Hunter x Hunter» япон анимациясидаги хаёлий жиноий гуруҳдир. Ушбу анимацион фильм 1999 йилда пайдо бўла бошлади, аммо сўнгги йилларда у бутун дунёда машҳурликка эришди.
Бир мунча вақт ўтгач, анимация мухлислари учун ўргимчак расми туширилиб ўртасига “4” рақами босилган футболка, кофталар, кепкалар ва Рёдан гуруҳи услубидаги бошқа кийимлар чиқа бошлади. Ушбу кийим «Hunter x Hunter» аниме мухлислари орасида жуда машҳур бўлди. Шунингдек, янги ҳаракат аъзолари узун қора ёки бўялган сочларда юришади. “Рёдан” вакиллари ташқи кўринишда бошқа хусусиятларга эга эмас.
Субмаданий ҳаракат аъзолари йиғилиб, уларни қизиқтирган аниме, ўйинлар ва бошқа ёшлар мавзуларини муҳокама қиладилар. Уларда қатъий мафкура ёки талаб қилинадиган тадбирлар рўйхати йўқ. Қисқаси, бу япон мультфильмларини яхши кўрадиган оддий ўсмирлардир. Улар умумий манфаатлар тамойили асосида ижтимоий гуруҳга бирлашдилар ва унга “Рёдан” номини беришди. Кейинчалик “Рёдан” икки гуруҳга бўлинди. Биринчисининг вакиллари ҳали ҳам “ўргимчаклар” кийимларини кийган ҳеч кимга ҳеч қандай хавф туғдирмайдиган оддий аниме одамлари эди. Иккинчи гуруҳ эса, тажовузкор бўлиб, йирик шаҳарлардаги савдо марказлари бўйлаб оломон ичида юра бошладилар ва бошқа субмаданият вакиллари ёки уларга ёқмаганлар билан оммавий жанглар уюштира бошлашди…
Ўзбекистонда “Рёдан” халқаро ёшлар ҳаракати гуруҳи қаердан пайдо бўлди?

Исаханова Нилуфар,
Тошкент шаҳар ИИББ
Ахборот хизмати раҳбари


– Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасига, япон комиксларидан бирининг қаҳрамонларидан илҳомланган «Рёдан» халқаро ёшлар ҳаракати мухлислари юртимизда ҳам борлиги ҳақидаги хабарлар келиб тушди. Ҳаракат ҳақида нималарни билиш лозим ва у қандай хавф туғдириши мумкин?
Дастлаб “Рёдан” ҳаракати ташкил этилганда, интернетдаги бир нечта виртуал жамоалардан иборат бўлиб, унинг аъзолари япон анимация санъати мухлислари ҳисобланган ва ўсмирларнинг қизиқишлари бўйича бирлаштиришдан бошқа мақсадларни кўзламаган эди. Болалар ўзларининг севимли санъатларини муҳокама қилар ва шунга ўхшаш кийимларни (орқасида ўргимчак расми ҳамда 4 рақами бўлган катакли шим ва футболкалар) танлашар эди.
Бироқ, вақт ўтиши билан ҳаракатдан янги йўналиш ажралиб чиқиб, улар ичида бир қатор тажовузкор шахслар пайдо бўлди. Улар ҳудуддаги вазиятни беқарорлаштириш, ўсмирларнинг тўлиқ шаклланмаган дунёқарашига таъсир ўтказиш орқали уларни назорат қилишни мақсад қилиб олдилар. Бунинг оқибатида, тармоқдаги бегона шахсларнинг бузғунчи шиорлари таъсирига берилиб кетган болалар жамоат жойларида тўпланиб, оммавий тартиббузарликларни уюштира бошладилар.
Айни пайтда “Рёдан” ҳаракати томонидан уюштирилган бундай ҳолатлар Россия Федерацияси, Украина, Белорусс ва бир қатор бошқа давлатларда қайд этилган. Жанжаллар томонларнинг турли даражадаги тан жароҳатлари олишига, шахсларнинг мулкига зарар етказилишига, кўплаб маъмурий ва жиноий ишларнинг қўзғатилишига олиб келади. Биз юртимизда бундай оқибатларни олдини олишимиз керак.
Жорий йилнинг 5 март куни бир нечта давлатларда турли бузғунчи ва адоват ғояларини тарғиб қилувчи “Рёдан” ҳаракати гуруҳи аъзолари томонидан соат 18.00 да Форумлар саройи олдида йиғилиш ўтказилиши ва пневматика, совуқ қуроллар, ўқотар қуроллар билан қуролланиб келишлиги ҳақида хабар чиқарилган. Мазкур хабарларни текшириш ва жамоат тартиби бузилишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси томонидан махсус тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилди.
5 март куни тахминан соат 18.00 ларда пойтахтимизнинг халқаро Форумлар саройи олдида 50 га яқин вояга етмаганлар тўпланганлиги аниқланди. Улар Яшнобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига олиб борилиб, профилактик суҳбат ўтказилди. Ўрганишлар жараёнида 9 нафар вояга етмаган шахслар ижтимоий тармоқлардаги “Рёдан” каналига аъзолиги аниқланди. Барча вояга етмаган шахслар шу куннинг ўзида ота-онаси ёки яқинлари билан бирга уйига қўйиб юборилган, ҳеч ким процессуал тартибда ушланмаган.
Оммавий тартибсизликни, диний, миллий, этник адоватни тарғиб қилувчи хабарларни тарқатган шахсларни аниқлаш юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилмоқда.
Шу фурсатдан фойдаланиб, пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларига мурожаат қилмоқчиман. Хабарингиз бор, ҳозирда ижтимоий тармоқлар орқали ахборот хуружи авж олмоқда. Турли оқимларнинг пайдо бўлиши ортидан, ғаразли ниятдаги шахслар бу оқимларни бошқаришга, бузғунчи ғояларни тарғиб қилишга, аҳоли орасида адоват ва ваҳима уйғотишга ҳаракат қилмоқда. “Рёдан” ҳаракати аъзолари томонидан тарқатилган хабарлар ва шу мазмундаги бошқа хабарларнинг барчаси Ички ишлар органлари томонидан текширилади, ҳар бир ҳолат ўрганилади ва қонуний баҳо берилади.
Ҳурматли ота-оналар! Фарзандларингизга эътиборли бўлинг, уларнинг қизиқишларини ўрганинг, айниқса субмаданий қизиқишларига бефарқ бўлманг.
Болаларнинг аниме ва мангага бўлган қизиқишини қоралаб бўлмайди. Лекин, бу қизиқиши туфайли у номаълум шахсларнинг таъсирига тушиб қолмаётганлигига, виртуал дунёни ҳақиқатдан ажрата олиш қобилиятини йўқотмаганлигига ишонч ҳосил қилинг.
Фарзандларингизнинг ҳаётига, уларда кечаётган ўзгаришларга бефарқ бўлманг: улар билан дўстона муносабатда бўлиш орқали қизиқишларини, иштиёқини муҳокама қилинг, шу йўл билан уларнинг фикрини ўрганасиз ва уларда бўлаётган ўзгаришларни сезиш имконингиз ошади.
Шоҳида Зуфарова,
тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *