Эркинлик бу статика эмас, эркинлик бу – динамика

Ватандошлар кимлар?
Ватандошлар – барча муаммоларнинг ечими айнан бир нуқтада эканини тушуниб етган
ва бирлаша олган инсонлардир. Бу нуқта биз учун – шаффоф сайловдир.
Ҳамид Содиқ

Сўнгги пайтларда дунё сиёсий майдонида ўзгаришлар жадал суратларда ўсиб бормоқда. ХХI аср дунёсини чуқур таҳлил қилишда, шунингдек, мамлакатимизда бўлаётган ислоҳотларни халқимиз онгига етказишда ўзининг эркин фикри ва кучли билимига эга бўлган шахсларга нисбатан бугун жамиятда эҳтиёж катта. Ҳуқуқшунос Ҳамид Содиқ билан бугун айрим ечимини кутаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш хусусида суҳбатлашамиз.

  • Суҳбатимиз аввалида, биз кўп маротаба ишлатадиган, аммо кўпчилик бир маънода қабул қиладиган атамалар ва уларнинг маъносига тўхталсак: халқ, омма ва жамият тушунчалари…
  • Бу уч тушунча бир-бирига яқин. Тилимизда синоним сўз сифатида қўлланилади. Аслида, бу сўзлар илмий истилоҳда турлича талқин қилинади. Ҳар хил йўналишларда: масалан, ҳуқуқшуносликда, сиёсат-шуносликда бошқача таъриф берилади. Халқ тушунчаси кўпинча ҳуқуқий жиҳатдан қўлланилади. Масалан, давлатларнинг конституция-ларида халқ тушунчаси инсонларнинг сиёсий сифатларидан, ҳокимиятни баланслаб турувчи кучдан қатъи назар қўлланилади. Юридик термин нуқтаи назаридан қарасак, халқ – маълум бир ҳудудда яшовчи, давлат ҳокимияти органлари томонидан ҳуқуқлари ҳимоя қилинадиган инсонлар жамланмасидир. Халқ – ҳокимиятни шакллантиришда иштирок этадиган ягона куч. Жамият эса ўта мураккаб таркибли ва институционал муносабатларга киришадиган тўплам. Омма тушунчаси ишлатилганда сиёсий миллат тушунчасини ҳам қўллаш лозим. Чунки, омма ҳам, сиёсий миллат ҳам юридик жиҳатдан – халқ дейилади. Лекин, бу иккала тушунчанинг ўртасида катта фарқ бор. Омма – ўзи ваколат берган ҳокимият органларига таъсир ўтказа олмайдиган инсонлар гуруҳи. Яна “омма”ни ифодаловчи масса термини ҳам мавжуд. Нима учун масса дейилади, деган савол туғилади. Чунки, масса юмшоқ субстанция ҳисобланиб, хоҳлаган пайтда хоҳлаган кўринишга келтириш мумкин. Сиёсий миллат – ўзи ваколат берган ҳокимият органларини яхши тушунади, уларни тизгинлаб туришда ақл билан иштирок этадиган жамиятдир. Бизнинг асосий мақсадимиз ҳам халқимиздаги омма сифатини камайтириш ва сиёсий миллат даражасига олиб чиқишдан иборат.
    Эътибор берадиган бўлсак, рус тилида “Средства Массовых информации” дейилади. Нега? Чунки, информациялар оммага қаратилади. Информация сўзининг маъноси “ин”- қайта, “форма”-форматлаш, шакл беришдир. Оммавий ахборот воситалари оммани ҳамиша бир шаклга келтиради. Масалан, Гитлер Германиясида пропаганда вазирлиги бўлганлиги тарихдан маълум. Вазирлик сифатли жамиятни ҳам фашистлар кўринишига олиб келган. Африкада катта-катта геноцидлар ОАВ орқали амалга оширилади. Баъзи давлатлар ОАВ фаолиятини ижобий йўлга қўйиш орқали оммадан сиёсий миллатни вужудга келтиради. Оммавий ахборот воситалари шундай восита ёки қуролки, жамиятни яхши ёки ёмон формат – шаклга келтира олади.
  • Бугун бизнинг сиёсий миллат даражасига чиқишдаги ҳаракат тезлигимиз қандай?
  • Сиёсий миллат даражасига чиқиш ҳеч қачон осон бўлмаган. Мамлакатимизда бу жараён тартибли, тизимли кечаяпти дейиш бироз мушкул. Унутмаслигимиз керак бўлган муҳим жиҳат бор. Яъни миллат сиёсийлашиб боргани сари ҳокимият циркулацияси, яъни айланмаси вужудга кела бошлайди. Жамиятда ўзининг ҳар томонлама салоҳиятини кўрсата оладиган ва ҳокимиятни бошқариши мумкин бўлган ватандошларнинг кўзга кўриниши сиёсий миллат шаклланаётганлигининг белгиларидан. Тарихда ҳам, ҳозирги кунда ҳам мамлакатларда сиёсий миллат ва давлат органлари бир-бири билан рақобатда! Шунинг учун ҳам табиий равишда давлатдаги жараёнларнинг кечишига монеълик юзага келади. Тарихга назар солсак, жадидларда бу жараён репрессия билан кечган. Маълум давлатларда бундай баҳсларга киришиш учун ҳатто сиёсий институтлар ташкил этилган.
    Бугунги кунда мамлакатимизда сиёсий институтлар яъни Парламент, сиёсий партиялар, ОАВ, нодавлат ташкилотлари мавжуд. Лекин уларнинг фаолияти бошқа масала. Дарон Аджемоғлу ва Жеймс Робинсоннинг “Узкий коридор” асарида “қизил қиролича назарияси” келтирилади. Барчамиз билган машҳур эртакда Қизил қиролича ва Алиса қўл ушлашиб бир жойда югураверади ва ҳеч қаерга кетмайди. Бундан маъно шуки, жамият ва давлат ҳамиша бир-бири билан қўл ушлашиб юриши керак. Бир-биридан олдинлаб кетмаслиги лозим.
  • Бугунги кунда долзарб ва ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган таълим сизнингча, табақалашиб қолмадими?
  • Тан олиш керак, ўтган 26-27 йил мобайнида таълим билан боғлиқ жиддий ислоҳот амалга оширилмади. Янги маъмурият даврига келиб, сиёсий элитани кадрлар билан таъминловчи манба йўқ. Бу пайтда уларнинг олдида иккита йўл турарди: биринчиси бутун бир тизимни тезликда ривожлантириб, сиёсий кадрлар йиғиб олиш; иккинчиси: маълум бир қатламга эътибор қаратиш. Президент мактабларига келадиган бўлсак, бу катта мессаге ҳисобланади. Танлаб олиш тизимидан тортиб энг сифатли билимлар бериш технологиялари орқали тайёрланган ўқувчилар келажакда сиёсий элита вертикалини тўлдирувчи шахслар бўлиб етишади. Таълим тизимини бирданига жаҳон талаблари асосида моддий таъминлаш ва у ердан сифатли кадрларни олиш бироз мушкул ва шунинг учун турли мактаблар ташкил этиляпти. Аслида, бу ёмон танлов эмас. Лекин унутмаслик керакки, давлат мактаблари жамиятга керак бўладиган сиёсий, илмий, диний, ҳарбий элитасининг шаклланишида муҳим ҳисобланади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мактабларнинг фақат бир турига урғу беравериш жамиятда оқсашни вужудга келтираверади. Узоқ истиқболда мактаб таълимининг ўзагини бир турдаги мактаб ташкил қилиб қолмаслиги керак.
    Юло Вооглайд ўзининг “Ватандошлик дастури” асарида: “Таълим соғлик кабидир. Уни инсондан ажратиб ёки организмларга бўлиб бўлмайди” – дейди. Таълимга умумий тафаккур асосида қараш унинг синхрон ривожланишига олиб келади. Олий таълим тизимида жамиятнинг энг сиёсий ёки сиёсий актив бўлиши керак бўлган қатлами таҳсил олади. Мана шу тўрт ёки ундан кўпроқ давр инсоннинг энг сиёсийлашадиган даври ҳисобланади. Таълимдаги энг катта ўзгаришлардан бири 1 августда бўлиб ўтадиган коррупцион куннинг тугатилишидир. Барчамиз биламизки, 1 августда “бункер”лар бўларди. Ҳатто 70-80% талабалар ўқишга пул билан қабул қилинарди. Ҳозирги пайтда квоталарнинг кўпайиши ва қабул кунларининг диверсификация қилиниши яъни 10-15 кун ичида турли жойларда имтиҳонларнинг ўтказилиши коррупциянинг олдини олди. Талабалар сифатли таълимни талаб қилаяпти, тизимга бўлган эътирозларни билдиряпти. Бундай эркинлик – нормал ҳолат. Олий таълимнинг коррупциядан ажратиб олиниши тизимга импульс берди. Бунинг натижасида талабаларнинг иқтидори, эркин фикрларида кўрина бошлайди. Эътибор қаратишимиз керак бўлган яна бир талаб иш билан таъминлай олмайдиган хусусий олий таълим муассасалари ёпилади дейилди. Табиий савол туғилади: Ўзбекистон Республикасида асосий иш берувчи ким? Давлат. Сифатли таълим олган бугунги битирувчи катта эҳтимол билан давлат ишида ишламайди. Иккинчи маъмурият даврида глобаллашувнинг шундай шартларини қабул қилдикки, бу жараёнларни тўхтатишнинг имкони йўқ.
  • Сўз эркинлиги борасида амалга оширилган ислоҳотлар хусусидаги фикрларингиз ҳам қизиқ.
  • Сўз эркинлиги – сиёсий институтларнинг бир-бирини баланслаши натижасида вужудга келадиган жараён. Эркинликни таъминлаш учун унинг устида ҳар куни ишлаш керак. Шундай экан, жамиятнинг онгига эркинлик, мустақиллик каби тушунчалар мунтазам ислоҳ қилинишини сингдиришимиз лозим. Ҳар куни бутун дунёда мустақиллик билан боғлиқ маълум бир геосиёсий, ичкисиёсий жараёнлар вужудга келади. Халқнинг кун тартибида ҳар куни эркинлик масаласи туриши керак. Эркинлик – бу статика эмас, эркинлик бу – динамика.
  • Ахборотларнинг кўплиги, маълумотларнинг сония сари янгиланиши натижасида биз бўлиб ўтган воқеаларни тез унутаяпмиз. Муаммоларни эшитамиз, муносабат билдирамиз. Аммо ечими билан қизиқмаяпмиз.
  • Маълум бир муаммони муҳокама қилганимизда шахсларни, ҳодисаларни эмас, тизимларни ва ғояларни муҳокама қиламиз. Жамиятда бошқарув қарорларига таъсир кўрсатувчи ричаг муҳим. Агар таъсир ўтказиш имконияти юқори бўлса, янги ахборотлар вужудга келади.
    Ҳақиқий ватандош атрофидаги воқеаларга, муаммоларга бефарқ эмас. Биз қайси касбда ишлашимиздан қатъи назар, умумий келишувнинг нуқтасини топа олмас эканмиз, ҳеч биримизнинг муаммомиз ҳал бўлмайди.
    • Умида Ҳақбердиева
      суҳбатлашди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *