Сериал кўришдан асл мақсад нима?

  • Дунёда илк бор 1910 йилда “Aрсен Люпен Шерлок Холмсга қарши” сериали суратга олинган.
  • Жаҳон телеэкранларида энг узоқ вақт намойиш қилинган сериаллар рўйхатида “Йўлчи юлдуз”, “Дунё қандай айланади”, “Санта-Барбара” каби сериаллар етакчилик қилади.
  • “Канизак Изаура”, “Эсмералда”, “Оддий Мария”, “Ишкомли уй”, “Жумонг”, “Денгиз ҳукмдори”, “Хинорли қор”, “Қиш сонатаси”, “Муҳташам юз йил”, “Косем”, каби сериаллар ўзбек телеканалларида энг кўп эфирга узатилган ва томошабинлар меҳрини қозонган хорижий сериаллардир.
  • “Кўнгил кўчалари”, “Домла”, “Аёл зоти”, “Шайтанат”, “Чархпалак”, “Гулхан атрофидагилар”, “Остона”, “Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси”, “Лафз” “Қайтар дунё”, “Туташ тақдирлар”, “Опа-сингиллар” каби миллий сериалларимиз мазмунан бойлиги ва томошабоплиги билан олтин фонддан ўрин олган.

Телевизор – беминнат овунчоқ. Деярли, ҳар бир кунимизнинг маълум бир қисми унинг қаршисида ўтади. Сўнгги вақтларда ўз ўрнини смартфонларга бериб қўяётгандек кўринаётган бу қурилманинг фойдаланувчилари ҳали ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Тан олиш керак, ҳамон “тўртбурчак қутича” дастурларининг томошабини бор! Сўнгги йилларда телевизор турли туман сериаллар билан томошабин диққатини жалб этаётгани ҳам ҳақиқат! Бир пайтлар Лотин Америкасининг телесериалларига мубтало бўлган томошабин бугун ўзимизнинг маҳсулотларимизни қамраб олишга улгурмаяпти. Хусусий телеканалларнинг пайдо бўлиши сериалларнинг сонига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди.
Ўзга миллатнинг ёт анъаналари акс этган фильмлардан кўра, ўзимизнинг ўзбекона телемаҳсулотларнинг кўпайгани яхши. Ҳар ҳолда, миллатнинг маънавий онгига бевосита таъсир қилувчи сериалларда миллийлик, ўзбекона руҳият намоён бўлади. Шундай деймиз-у, яна ўйланиб қоламиз. Сўнгги йиллардаги ўзбек сериаллари томошабинга ростдан ҳам кутилгандек маънавий озуқа бера оляптими? Ёки шунчаки, вақт ўтказиш учун эрмакми? Умуман, бугунги сериаллар одамнинг руҳий покланиши, яъни, “мана бу қаҳрамон қилган иши учун шу ҳолатга тушди, демак, мен бундай қилмаслигим керак экан” дея фикрлашига қай даражада имкон беради?
Ҳа, маънавиятга, руҳиятга ижобий таъсир кўрсатувчи сериаллар бор, аммо улар бармоқ билан санарли! Аниқроқ айтсак, ҳар ўнта сериалнинг биттасида шундай мақсад кўринади. Сўнгги йиллардаги сериалларнинг аксарияти оила, иккинчи хотин, қуда-анда, “дайди қизлар” каби мавзулардан иборат бўлиб қолмоқда. Қаҳрамонлар ҳам деярли ўзгармайди. Ҳар доимгидек қаттиққўл қайнона, содда келин ёки бузуқ келин, содда қайнона, ҳеч нимага аралашмайдиган қайнота, чала тадбиркор эр ва унинг синишини кутаётган ҳамкасблари, келинойиси билан чиқишмайдиган қайнсингил, чет эл сериалларига ҳавас қилган ҳолда танланган битта ноодатий қаҳрамон. Сюжет ҳам деярли бир хил, келиннинг сарпосидан камчилик топган қайнона жанжал чиқариб келинга кун бермайди. Келин эса тарбияли оқила бўлиб чиқади ва охирида қайнона қилган ишларидан афсусланади. Ёки, аксинча, қайнона келин бир-бирини яхши тушунади, ўғил эса уйидаги аёлидан қониқмай бузуқ аёллар билан кўнгилхушлик қилишни одат қилади ва охирида пушаймон бўлиб аёлидан узр сўрайди…
Бугун ростдан ҳам ҳамма тадбиркорми? Сериаллардаги ногаҳон қулоғимизга чалиниб қолаётган, “фирманинг ишларидан хабар ол”, “хорижлик ҳамкорлар билан гаплаш”, “молларни қабул қилиб ол”, “офисга келиб кет” деган жумлалардан хулоса қиладиган бўлсак, ҳамма шу иш билан банддек. Aммо қандай қилиб бу даражага етгани номаълум. Бир неча йиллар олдин давлат буютрмаси асосида телеканаллар учун суратга олинган сериаллар анчагина ҳаётий, қаҳрамонлари ҳам ёнимиздаги – биз билган одамлар эди. Кимдир ўқитувчи, кимдир савдогар яна кимдир эса оддий уста…


Тан олиш керак, бугунги сериаллар аввалгиларга нисбатан суратга олиш техникаси жиҳатидан сезиларли даражада сифатли. Ҳар ҳолда, бундан бир неча йил олдин суратга олинган сериаллар титрида сценарий муаллифи сифатида таниқли драматурглар, рол ижрочилари – профессионал актёрлар, режиссёр сифатида маҳоратли режиссёрларнинг номлари кетарди. Бастакор томонидан сериал учун алоҳида куй яратиларди. Томошабин профессионал ижродан роҳатланар эди. Диалогларда ишлатиладиган сўзларнинг юки бўлиб, маълум бир шевага асосланмаганлиги билан ҳам эфир қоидаларига жавоб берарди. Бугуннинг сериалларида эса икки ўспирин йигит бир дақиқа давомида гаплашиб туришса, йигирмага яқин “ўрто” сўзини ишлатади. Баъзи сериаллар ижодкорлари ҳатто грим нималигини билмайди. Масалан, туғруқхонада тўлғоқ дарди билан курашаётган аёлнинг қиёфаси сохта: на терлаган, на юзида дард бор. Уланган киприклар, ясама қош ва ботокс лаблар эса образнинг ёлғонлигини кўрсатади. Бу тарифлар намойиш қилинаётган сериалларнинг ҳаммасига ҳам тааллуқли эмаслигини айтган ҳолда, мавжуд ачинарли ҳолатларга кўз юмиб кетолмаймиз.
Тўғри, давлат телеканаллари томонидан ҳам, хусусий телеканаллар томонидан ҳам сифатли сериаллар намойиш этилмоқда. Хорижий фестивалларда ғолиб бўлиб қайтаётганлари ҳам бор. Aммо, қоп-қора қозоннинг кичкина жойи оқ бўлса ҳам, одам уни қора қозон сифатида кўради.
Ижодкорларни фақат қораламоқчи эмасмиз. Шунчаки, сериал суратга олишдан мақсад томошабинга оқ ва қорани ажратишига кўмаклашиш, ёмонликдан қайтариб, яхшиликка йўналтириш эканлигини эслатиб қўймоқчимиз, холос. Бир неча йил аввал суратга олинган давлат сериалларида шу сифатлар борлиги учун ҳам бугунгача уларнинг номлари унутилмади. Ҳозир эса йилига элликдан ортиқ сериаллар тақдим этилмоқда, бироқ уларнинг орасида эслашга арзигулик намойиш деярли йўқ.
Умуман олганда, бугун томошабин қандай мавзуларга муҳтож, қандай мавзулардан безди, қандай мавзуларга эҳтиёж сезмоқда?

Музаффар Эркинов, кинорежиссёр:

– Авваллари юртимизда сериаллар асосан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбектелефильм” давлат унитар корхонаси томонидан суратга олинар, ҳар битта сериал сценарийси бадиий кенгаш томонидан муҳокама қилинарди. Хусусий киностудияларга эркинлик берилиши туфайли, профессионал ижодкорлар билан бир қаторда ушбу соҳага эндигина кириб келган, ҳали унинг тартиб-қоидаларини англаб етмаган “эжодкорлар” ҳам ўзларини сериалларда синаб кўришга ўтди. Бундан ташқари, камроқ пул сарфлаш мақсадида нопрофессионал актёрларни жалб этишди. Натижада савиясиз фильм ва сериалларнинг сони ҳам орта бошлади.
Aйни кунларда намойиш этилаётган сериаллар афсуски, ўзбекона андиша ва менталитетдан йироқдек. Сериал ва фильмларнинг ёшлар тарбиясида ўрни жуда катта. Тўғри, сериал одамни тарбияламаслиги мумкин, аммо ёмон иллатларни ҳам тарғиб қилмаслиги керак. Сериалларимиз мавзусининг аксарияти ётоққа тақалган, у ердаги диалогларни эса эр ва хотин биргаликда эшитишга уялади баъзида. Бундай мавзуларни кўраётган ёшларнинг эса дийдаси қотиб бормоқда. Натижада, одам ўлдириш, ўз отасига қўл кўтариш, ўгай қизи билан “юриш”, ўз аёли бўла туриб, бегона аёл билан муносабатда бўлиш мумкин, деган фикрлар пайдо бўлмоқда. Бу эса миллатни таназзулга олиб келадиган омиллардан бири. Aслида, сериал нимага хизмат қилиши керак эди? Яхшиликка-ми ёки ёмонликка?!
Маълумот ўрнида айтиб ўтмоқчиман, кўп китоб мутолаа қилиб тураман. Ғарб ёзувчиларининг ХХ аср
бошларидаги воқеалар тасвирланган айрим асарларида қизнинг елкаси очиқ кийингани учун қаттиқ койилгани, ота қизи йигит кишини уйига бошлаб келганига чидай олмай, бошқа шаҳарга кўчиб кетгани каби бир неча воқеалар мавжуд. Бир пайтлар бу ҳолат Ғарбда ҳам қаттиқ қораланган, бугун эса уларнинг маданиятига ҳавас қилиб бўлмайди. Aгар келажак авлод ҳақида қайғурадиган бўлсак, аввало, сериалларимиз мавзусини ўзбекона андиша ва одоб-ахлоққа мослаштиришимиз керак, акс ҳолда…
Энг аввало, яхши маҳсулот тақдим қилиш учун яхши сценарий керак. Жамоани ҳар бир ходими профессионал ижодкорлардан иборат бўлиши лозим. Бир неча йиллар аввал сериал суратга олиш учун бирор жойга борсак, ғурурланиб борардик, (кулади) ҳозир эса сериалларнинг даражасини шу даражага олиб келиб қўйишдики, аксарият жойларда уялиб қоляпмиз. Шунинг учун ҳам жойимизни нопрофессионалларга бўшатиб қўймоқчи эмасмиз. Ва, албатта, яхши сериаллар суратга олиш ниятимиз бор.
Жайрона Ҳасанова, актриса:
– Мен ижро қилган ижобий ва салбий роллар фоизи аслида, бир хил. Лекин кўпчилик мени салбий ролларни ижрочиси деб билади. Aфсуски, реал ҳаётда ҳам мен ҳақимда шундай фикрда юрадиганлар кўп. Мен шунчаки, ҳаётимизда учраб турадиган одамларни экранда жонлантириб бераман. Биз сериал ва фильмларни нима учун суратга оламиз, инсонлар ўзларига четдан назар сола билиши ўз ютуқ ва нуқсонларини ажрата олиши учун. Бошқача жанр, бошқача сюжетдан иборат сериалларда ҳам роль ижро этишни жуда хоҳлайман. Бироқ, таклифлар кам бўлади. Томошабинлар томонидан нега фақат бой ва камбағал, қайнона ва келин мавзусидан иборат фильм сериаллар суратга оласизлар, бошқа мавзулар йўқми, деган эътирозлар кўп бўлади. Бошқача мавзудаги фильмлар ҳам суратга олинди. Aйримларида мен ҳам иштирок этдим. Бироқ, томошабин фильмни кўрмади. Aслида, қайнона ва келин мавзусидан нолиётган томошабиннинг ўзига шу мавзу керак. Кўзи ожиз ёки ақли заиф инсонлар ҳақидаги фильмлар бизда деярли йўқ. Сценарийнависларимиз мана шу мавзуларда сценарийлар ёзишсин. Шахсан мен айнан мана шундай ролларни ижро этишни жуда истардим. Бироқ таклиф йўқ, таклиф бўлиш учун яхши сценарийнинг ўзи йўқ. Телеканаллар эса эфирни тўлдириш учун мавзуга деярли аҳамият бермаяпти. Сиз умуман бошқача янги жанрда фильм суратга олмоқчи бўласиз. Унга эса чекловлар қўйилади. Чекловлар қўйилган фильмни эса томошабин кўрмайди. Кейин эса яна ўша эски мавзуга қайтишга мажбур бўламиз. Яхши сериал намойиш қилиш учун, аввало сериалда профессионал ходимлар жамланиши керак. Ҳозир эса аксинча маблағ етишмаса “конфетлар”ни таклиф қилишади, сценарий ёзиб тугатилмасидан суратга олиш ишларини бошлаб юборишади. Биз, аввало, томошабинни сифатли маҳсулот талаб қилишга ўргатишимиз керак. Aна шунда телеканаллар сифатли нарсани тақдим қилади. Режиссёрлар эса сифатли фильмлар суратга олишади, профессионал ижодкорларга роль беришади. Шахсан мен юқоридаги сюжетлардан иборат сериаллар суратга олинмай қолишидан қўрқмайман. Яхши ижодкорга ҳар доим эҳтиёж бор.

Замира Бегимқулова, кинорежиссёр,
сценарийнавис:


– Устозим Маҳкам Муҳаммедов ўзбек сериаллари ҳақида шундай деган эдилар: “Ўзбек сериали драматургия қонун-қоидасига асосланган бўлиши, дастурхон атрофида жамланган ота ва бола, қайнона ва келин, қайнота-куёв бирга кўра олиши, уялиб аста кўчага чиқиб кетишига ҳожат бўлмаслиги керак”.
Мен ҳам қилган ҳар бир режиссёрлик ишимда мана шунга амал қилганман. Бу кичкина экран жуда кучли таъсирга эга. Бу ерда кўрсатилган нарса ҳудди қонундек таъсир қилади. Нима намойиш қилишдан қатъи назар эҳтиёткорликни биринчи ўринга қўйиш керак. Aйниқса, бизнинг халқимиз ҳиссиётларга бой, ишонувчан халқ. Экранда кўраётган воқеаларни реал ҳаётда ҳам қилиш мумкин экан, деган хаёлга бориб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам мен ўз ишларимда “яланғоч сўзлар”, беандиша саҳналардан йироқ бўлишга ҳаракат қилганман. Телевидение раҳбарияти ҳам биздан айнан мана шу жиҳатларни талаб қилар эди. Ҳаттоки, қизларнинг енгсиз кўйлакда, тор шимда, сочлари ёйилган ҳолатда экранда кўриниши мумкин эмасди. Томошабиннинг ўзи ҳам бундай ҳолатларни қабул қилиши қийин эди. Сценарийимизни боши қандай бошланиши билан қандай якунланишини олдиндан билар эдик.
Сериал худди йўлчи юлдуздек томошабинга йўл кўрсатиши керак. Яхшилик ҳар доим ғолиб бўлишини ишонарли воқеалар билан кўрсата олиш зарур.
Ҳозир деярли сериал кўрмайман, чунки сериал бошланиши билан шевада гапириш бошланади. Худди, бу сериал фақат маълум бир ҳудудда яшовчилар учун мўлжаллангандек. Ваҳоланки, сериалларни адабий шевада суратга олиш телевидиниенинг “темир” қонунларидан бири эди. Бўлаётган воқеага таъсири бўлсагина, шевадан фойдаланилган. Ҳозир эса воқеа Самарқандда бўлса ҳам Тошкент шевасида гапирилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу профессионал ижодкорларнинг ғашига тегади. Суратга олинаётган ҳамма сериал ҳам шундай деган фикрдан йироқман. Ҳозир сериал деганда кўпчиликнинг кўз олдига хусусий телеканаллар томонида эфирга узатилаётган сериаллар келадиган бўлиб қолган. Ваҳоланки, давлат телеканаллари томонидан ҳам профессионал ижодкорлар томонидан суратга олинган, адабий тил меъёрларига амал қилинган сериаллар эфирга узатилмоқда. Негадир, у телеканалларни кўпчилик томоша қилмай қўйди. Балки ярим-ялонғоч, маза-бемаза мавзулардан нолиётган одамларнинг ўзига шундай мавзулар қизиқроқдир?!
Яна бир ўйлантирадиган савол шундаки, ҳозирги сериалларда бой одамларнинг образи жуда кўп тасвирланади. Лекин у пулни қаердан топаётгани, қандай йўл билан бойигани, фирма ёки цехидаги иш жараёнлари деярли кўрсатилмайди. Энг оғриқли нуқта эса аёлларимизни ҳаддан ташқари ёмон кўрсатиб юборилаётгани деб биламан. Реал ҳаётга назар солинг, ҳамма аёллар ҳам хиёнаткор, шаллақи, одам ўлдиришдан қўрқмайдиган, эри билан тенгма-тенг тортишадиган аёллардан иборат эмас-ку! Бунинг устига, уларнинг ҳаддан ташқари бўянишлари кулгили. Қишлоқда оғир шароитда яшайдиган аёл ҳам киприклари уланган, лаблари иширилган қиёфада намоён бўлмоқда. Бу оддийгина жиҳат, лекин зийрак томошабин учун жуда кулгили ҳолат. Маълум бир касалликка учраган одамнинг қиёфасида эса ўша касалликнинг аломатлари йўқ. Яъни саратон билан оғриган беморда озиб кетишдан дарак ҳам йўқ. Буйрак касаллиги билан оғриган бемор кўзларида ҳолсизлик аломати кўрсатилмайди. Деярли ҳамма қаҳрамоннинг макияжи бир хил кўринишда. Ахир гримм дегани бу макияж эмас-ку!
Мен яна бир сериал сюжети ҳақида гапириб ўтмоқчиман. Номи сир бўлиб қолсин. Сериал қаҳрамонларидан бири ҳалок бўлади. Майитни ислом дини қонун-қоидаларига амал қилган ҳолда, ювиб, кафанлаб кўмишади. Бир неча қисмдан кейин эса у қаҳрамон яна пайдо бўлиб қолади. Нима учун пайдо бўлиб қолгани ҳақида эса ҳеч қандай гап кетмайди, сабаблар ҳам кўрсатилмайди. Бу ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин? Томошабин аҳмоқми ёки шунчаки, режиссёр драматургия қоидаларига амал қилишни хоҳламай, воқеалар шундай давом этишини истадими?
Турк сериаллари ҳақида кўп салбий фикрлар билдирамиз. Баъзи эътирозимиз асосли ҳам. Aммо улардан ўрганадиган жиҳатларимиз ҳам жуда кўп. Aйниқса, уларда табиий чиройга эга бўлган актрисалар ижросининг салмоғи жуда катта.
Мен киноижодкорларни фақат ёмонлашдан йироқман. Шунчаки, ўз ишларига профессионал тарзда ёндашишларини истайман. Айрим дубляж актёрларидан эштишимча, баъзи сериалларнинг матни ҳам мавжуд эмас экан. Aктёр эшитган гапини ўзи тўғрилаб овоз беришга мажбур бўлаётган эмиш. Тўғри, биз суратга олган миллий телесериаллар билан юқоридаги сериаллар маблағи ўртасида жуда катта фарқ бор. Бизнинг эҳтиёжимиз телевидиние томонидан тўлалигича қопланарди. Ҳозирги хусусий телеканалларда кетаётган сериаллар эса жуда оз маблағ билан суратга олинмоқда. Суратга олиш учун пул сарфлаган продюсерларнинг айтганини қилишга мажбур бўлаётганлар ҳам бор. Сериалларни ёмонлашдан олдин танганинг бу томонига ҳам эътибор бериш керак.
“Ҳаёт айт” номли сериални томоша қилдим ва хурсанд бўлдим. Яхши сериал оладиган режиссёрлар ҳам бор экан. Мавзу ҳам долзарб, актёрлар ҳам жуда яхши танланган. Баъзи камчиликлар эса маблағ билан боғлиқлигини сезгандек бўлдим. Мен уларни аёвсиз танқид қилишдан йироқман. Улар ҳам бор маблағдан келиб чиқиб меҳнат қилишяпди. Уларни танқид қилавергандан ҳам фойда йўқ. Истеъдодли режиссёрларни, албатта қўллаб-қувватлаш керак.

Ҳуснилло Жомонқулов,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият
институти ўқитувчиси, драматург:

Менимча, бугунги сериаллар ўз вазифасини бажармаяпти. Мавзу доираси жуда чегараланган. Сериал томоша қиладиганларнинг аксарияти уйда ўтирадиган аёллар, чунки, мавзуларнинг кўпи фақат уй бекалари учун! Таасуфки, бошқа танлов бўлмагани учун ҳам шу сериалларни кўришга мажбур. Телевидение – аудиторияси катта, суратга олиш осон бўлган бир хил мавзуларни суратга олаяпти. Шифокорлар ҳақида сериаллар олинди. Ҳарбийлар, ЙПХ ҳодимлари қаҳрамонларининг ҳаётини ҳам экранга кўчириш мумкин. Шунда ҳозиргидек оддийлик ва бир хилликдан оз бўлсада йироқлашамиз. Янги мавзу, янги қаҳрамон ва янгича характерларга эга сериаллар суратга олган бўламиз. Ҳозир эса фақат томошабин ортидан қувлаб, улар талаб қилган мавзуларни суратга олишмоқда. Бу жамиятнинг бузулишига олиб келади. Жамиятнинг ривожланиши учун мавзулар хилма хиллигини ошириш ва жиддий лойиҳаларни кўпайтириш керак.
Вазира Юнусова, актриса:
– Бундан икки йил олдин сериаллар анчагина савиясиз эди. Aйни кунларда сериал суратга олаётган режиссёрлардан мен жуда хурсандман. Aста-секин сценарийга, актёрларнинг савиясига эътибор берилмоқда. Шахсан ўзим суратга тушаётган “Номус” сериалида деярли ҳамма ўз касбининг устаси, жамоа профессионаллардан ташкил топган. Маблағдан қочмай, профессионалларни жалб қилаётган продюсерлар сони ҳам ортаётгандек менимча. Билимли, касбини ёқтирадиган режиссёр, албатта, юксалиб бораверади. Нопрофессионаллар эса аста-секин элакдан тушиб қолаверади.
Биз актёр бўлиш учун тўрт йил давомида таълим олганмиз. Бироқ, актёрликдан ҳеч қандай хабари йўқ одам ҳам роль ижро этиб кетаётгани, аламли. Улар билан роль ижро этиш эса жуда қийин. Мавзулар бир хиллигидан ўзим ҳам чарчаганман. Медицина, прократура билан боғлиқ мавзудаги хориж сериалларини томоша қилсам, ҳавасим келади. Бизнинг сериаллар эса қандай мавзулардан иборат бўлиб қолаётганлиги ҳаммага аён. Яна ўша иккинчи хотин мавзуси. Aслида, бу мавзу ҳам долзарб… боқувчисини йўқотган, ночор аёлга уйланса, ёки бефарзандлиги сабабли уйланса, менимча бунинг ёмон томони йўқ. Лекин биз томоша қилаётган сериалларимизда эркаклар иккинчи хотинга уйланишни худди “мода” деб қабул қилаётгандек. Улар уйланаётган аёллар эса ҳеч қандай моддий камчиликка эга бўлмаган бой-бадавлат аёллар.
Миржалол Маҳкамов
тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *