Она – меҳр булоғи

Ҳамма инсонлар қатори мен ҳам онамни севаман. Онам бугун ёнимда йўқ, аммо қалбимда борлар. Онам сингари ҳали ҳаёт бўлган барча оналар эрта билан болам турадиган вақтинг бўлди, турақол, деяётгандай. Болам чой дамлаб қўйдим, ичиб кет. Яхши келдингми, болажоним, ўқишдан, ишдан чарчамадингми? Бу саволлар менга куч бағишларди, руҳиятимни кўтарарди. Бу сўзлар ҳозир йўқ. Бу сўзларни айтадиган одамим йўқ. Она сути, она меҳри, она қарғиши (жуда камдан кам бўлади) га тенг келадиган куч ҳам, баҳо ҳам, дуо ҳам йўқ.

Онани севмоқ иймондан, онани эъзозлаш, унга меҳр билан муносабатда бўлиш фақат инсонларга хос. Она ҳеч қачон қаримайди. Она доим ёш, мўътабар, меҳрли ва ўлмасдир.
Бир вақтлар, бундан 25 йил, яъни чорак аср олдин унда онажоним бағримда эдилар, мустақиллигимиз кунлари кўз ёш олиб, уриш деган аждаҳо қанча-қанча одамларни ўз дамига тортди. Уруш бошқа бўлмасин, тинчлик бўлсин деб дуо қилардилар, ҳеч қачон сенлар уруш деган сўзни эшитманглар ҳам, кўрманглар ҳам дердилар…
…Онажоним ҳақида нимадир ёзгим келарди. Ёзгим келарди-ю онамнинг менга кўрсатган мурувватларининг мингдан бирини ҳам сўзлаб беролмаслигимдан чўчирдим. Ҳақиқатан ҳам шундай эди. Аммо кичик бўлса ҳам бу қасидани онамга бағишлагим келди. 2023 йилнинг 9 ноябрида онажоним 100 ёшга кирардилар. Парвардигор ўз раҳматига олган бўлсин, дея онам руҳ-покларига бир чимдим дуо билан чекландим, холос. Онамнинг менга кўрсатган бир сониялик меҳнати ва меҳрига бутун умрлик меҳнатиму меҳрим етмайди. Менга берган бир қултум оқ сути учун бу дунёю у дунё онамдан қарздорлигимни унутолмайман. Оналар ана шунақа фаришталар экан. Бу ҳақиқатни кейин биларкансан, одам…
Меҳрибоним, онажоним шу 100 ёшларини кўролмадилар. Лекин каттакон оиламизда, невара, эвара ва чеваралар билан бу санани нишонлаймиз. Шундай кунда барча оналарга тинчлик, осойишталик ва узоқ умр тилаш ҳам савоб. Барча онажонларга бошимиз ерга етгунча қуллуқ қилиб, бир парча этни ардоқлаб ўстириб, оёққа турғизиб, одам қилган ҳақиқатдан ҳам Буюк инсонларга қуллуқ қилайлик. Шу баҳонада барча онажонларга қарата “Омон бўлинглар ва ҳеч қачон хўрлик, зўрлик кўрманглар” деб баралла айтгимиз келади. Онажоним 1923 йил таваллуд топиб, 2009 йили 86 йил яшаб қазо қилдилар.
Мен таваллуд топган 1940 йил 28 ноябрда онам 17 ёшга энди тўлган эканлар. Онамнинг таваллуди 1923 йил 9 ноябрда эди. 1941 йил 7 августда отам иккинчи жаҳон урушига кетади ва бедарак йўқолгани ҳақидаги маълумотнома 1943 йилда келганича, бошқа на хат, на улардан бир хабар келмайди. Онам қазо қилган 2009 йилгача отамни кутиб бу дунёдан кўз юмдилар. Онажоним вақти етди шекилли, тетик туриб болам: Ўлимимга сўнгги соатлар қолди чоғи, билиб қўй “Жанозамни отангники ҳам деб бирга қўшиб ўқитгин”, деб васият қилган эдилар. (онамнинг истаги шундай бўлганди, мен ҳам шундай қилдим)…
Онам отамга ваъда берган эканлар. Воқеа бундай бўлган экан. 1941 йил 7 август отам онам билан хайрлашаётиб, “Лазакатхон, уруш қачон тугашини билмайман. Шу боисдан мени бир йил кутинг, агар келмасам ўғлим отасиз ўсмасин, сизга рухсат бераман, сиз ҳали жуда ёшсиз” деганда, онам раҳматли отамнинг елкасига бош қўйиб, кўзларини отамдан яшириб, йиғи аралаш ундай деманг, қанча йил кетмасин мен сизни тирик эканман кутаман” деган эканлар. Шу, шу онам ўз сўзида умрининг охиригача турдилар. Меҳрми ёки бу чин севгими билмадим онам отамни етмиш йил ўлган демадилар, кутдилар. Ваъдага вафо шунчалар бўларканда. Онамдан мен ягона фарзанд бўлганим учун, озгина бебош, эркароқ бўлиб ўсганим аниқ. Онам ҳеч қачон ёмон сўз билан қарғамаганлар ҳам, урмаганлар ҳам. Фақат ва фақат меҳр билан ўзлари емай едирганлар, ўзлари киймай кийдирганлар. Уйда ҳеч нима бўлмаганда бундай кунлар кўпроқ бўларди, туршак ош қилиб берардилар. Отамнинг опалари Сурмахон ойим, онам ва мен уччаламиз бирга яшардик. Уйимизда туршак кўп бўларди. Туршакни иссиқ сувда қайнатиб ердик. Бу овқат менга куч берарди.
…1946 йил. Уруш тугаб ҳамма қайтаётган пайт. Биз учун оғир бўлган бўлса керак. Мен-ку билмайман, аммо бувим билан онамга жуда оғир дамлар бўлган бўлса керак. Қайсидир хонадонда чироқлар ёқилган, кулги-хурсандчилик, қайсидир хонадонда мотам. Бизда эса ҳали умидворлик, ишонч сўнмаган пайт. Кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмасдик.
“Ўғилнинг қўлини ҳалоллаб қўймасак, одамлар нима деб ўйлашади. Отаси йўқ-да, деган фикрга келишмасин” – деб тўй қилишибди. Нечта одам келганини эслай олмайман, лекин келганларнинг олдига ярим бурдадан нон, бир донадан конфет қўйишгани эсимда. Ош ҳам дамланган. Келганлар бир ошамдан ош ҳам ейишган. Аммо энг муҳими, тўй ҳовлида бўлиб, унга йигирма-ўттиз одамдан ортиқ одам сиғмасди. Меҳмонлар шулар эди. Тўйга отамнинг жонажон дўсти, ўша даврнинг энг машҳури ҳофизи Жўрахон Султонов ҳам келган ва тўйни қизитган экан. Ўшанда онам ҳам оналик, ҳам оталик бурчини адо этгандилар.
Онам мени ўн йил ўқитдилар, кейин сиртдан университетга ўқишга кирдим ва ишлай бошладим. 1967 йил мени қўшни маҳаллада яшовчи Жўрахон исмли қизга уйлантирдилар. Бу кунни кўриш онам учун қанчалар бахт эканини сўз билан айтолмайман. Биринчи фарзандим Акмалжон туғилганда онамнинг кўз ёшларини кўрдим. “Ягона фарзандим ўзидан кўпайди”, бу сўзларни такрор-такрор айтиб, бизга билдирмай йиғлардилар. “Фарзандлар туғилиши, онам учун неваралар кўриш (икки ўғил, бир қиз) тенгсиз бахт, қувонч эди. Ва шу билан бирга онам учун ташвиш ҳам ортди. Бири соғайса, иккинчиси бетоб бўлади, касалхонадан бири соғайиб чиқса, иккинчиси шифохонага ётади. Бир йил мобайнида салкам ярим йил болалар онаси Жўрахон касалхонада, мен ишда, онам овқат ташиб кун кечирганмиз. Невараларини шу алпозда катта қилдилар, уларнинг ҳам тўйларини ўтказдилар. Акмалжон билан Аброржонни уйлантирдилар, бундан олдин қизимиз Гўзалхонни Баҳодиржонга турмушга узатдилар. Онажоним неваралар кўрдилар, энди бахтли ҳаётлари бошланган пайтда, мен ҳам энди онажонимга чинакам хизмат қилиш имкониятига тўла эга бўла бошлаётган бир пайтимда яъни 2009 йили 8 нафар неварани ардоқлаган буви — менинг меҳрибон онам боқий дунёга рихлат қилдилар. Орзуларим тўла ушолмай қолди. Ҳар тонг субҳидамда ота-онам руҳларига дуо бажо келтираман. Отам дийдорига тўймаганимдек, онам билан яшаган йилларимда унча билинмаган меҳр энди тўла намоён бўлди. Тўла етим бўлиб яшаш оғир кечаркан. Лекин Аллоҳ олдиндан билибми, бизларга фарзандлар бериб ўшалар оғиримизни енгил қилди десам, ёлғон эмас. Аммо онамни кўп соғинаман. Кеч келганимда ухламай кутиб ўтирадиган “яхши келдингми” дейдиган меҳрибонимни ҳамон йиғлаб эслайман. Она дегани шунақа бўларкан.
Бу қасидам онам учун ёзилгандай, аммо бу барча оналар ҳақида фақат жасоратли, мунис, эътиқоди баланд, оналар ҳақида ёзганим демак. Айтинг, бундай фидоий оналар Ватанимизда камми? Худди онамдек латофатли, назокатли, меҳрибон фидойи аёллар жуда кўп. Инсонни инсон сифатида улуғлаш, унинг буюклиги ва матонатини ифода этувчилар мана шундай оналардир.
Ҳар бир фарзанд оналари қилган беғараз ва мамнунлик билан бажарган хизматларини ўз меҳрлари билан оқлашса, икки томон ҳам мамнун бўларди. Халқимизнинг бу одатини ҳам дунё халқлари жон деб қабул қиларди. Оналарни севиш Ватанни севиш, Ватанни севиш тинчликни севиш, тинчлик эса ҳар қачонгидай бугун ҳам жуда муҳим ва зарурдир.

Яна бир бор айтгим келади, оналаримизнинг борлиги уйимиз кўрки, қут-баракаси, юртимизнинг тинчлиги, истиқболи, сўзлари улкан марраларга чақирувчи бонг овози. Сизлар омон бўлинг, меҳрибон ОНАлар. Фақат сизга эгаман бошимни!
Она сўзининг пойдевори мустаҳкам бўлса бас, орзуларимиз албатта ушалади. Жаннат оналар оёғи остидадир.

Тўлқин Муҳиддин, Ёзувчи-драматург

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *