Энди Ўзбекистон Европанинг икки давлатига ишчиларни жўнатмоқчи

Ўзбекистонда меҳнат мигрантларини Австрия ва Германияга жўнатиш учун уларни тайёрлаш ва малакасини оширишга мўлжалланган марказ ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу масала Ўзбекистон Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Австриянинг “eee Austria” компанияси вакиллари ўртасидаги онлайн учрашувда муҳокама қилинган.

Учрашувда бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Нозим Ҳусанов, Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Абат Файзуллаев, “eee Austria” директори Штефан Дюсс, шунингдек, ўзбекистонлик ва австриялик мутахассислар иштирок этган.

Шунингдек, музокаралар доирасида “Мономарказларни модернизация қилиш ҳамда маҳаллий ва Австрия меҳнат бозори учун меҳнат муҳожирларини тайёрлашда касб-ҳунар таълими дастурларини изчил тадбиқ этиш” бўйича лойиҳани амалга оширишнинг истиқболлари кўриб чиқилган.

Онлайн учрашув давомида Ўзбекистон фуқароларининг марказда тегишли таълимни олганларидан сўнг Австрия меҳнат бозорида бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Лойиҳа доирасида Австриянинг етакчи институтлари билан яқин илмий ва амалий алоқаларни ўрнатиш ҳам назарда тутилган.

Музокаралар доирасида томонлар Австрия ҳамда Германия меҳнат бозорларида ишга жойлашишлари учун Австрия андозаларига мувофиқ меҳнат мигрантларини тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази тузиш имкониятини атрофлича кўриб чиққан.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *