Бобур РАСУЛОВ: “ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТНОМАСИ МЕНИ ЯНАДА ЮКСАК МАҚСАДЛАР САРИ ИЛҲОМЛАНТИРДИ!”

Суҳбатдошимиз – Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Бобур Расулов ҳам давлатимиз раҳбарининг Парламент ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини тўғридан-тўғри тинглаш бахтига муяссар бўлган инсонлардан.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимизни 2023 йилда ҳар томонлама ривожлантириш, ислоҳотларни
чуқурлаштириш ва энг муҳими, халқимиз фаровонлигини ошириш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Келгуси йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб номланди.

Бобур ака, айтинг‑чи
Президентнинг мурожаатида сизни таъсирлантирган жиҳатлар нималар бўлди?

– Ҳурматли Президентимизнинг Парламентга мурожаатларида таълим ва тиббиёт соҳасига эътибор кучайтирилиши, бюрократия ва коррупция билан курашиш бўйича берган таклифлари, бу борада Парламент ва маҳаллий депутатларни фаол бўлиш кераклиги ҳақидаги сўзлар мени таъсирлантирди.

Тадбиркор эканлигим учун ҳам ушбу соҳа вакилларига қаратилган эътирофдан хурсанд бўлдим. Муҳтарам
Президентимиз тадбиркорлар мамлакатнинг драйвери, деб аниқ айтди. Юртбошимиз, иқтисодиётни ривожлантирмоқчи эканмиз, албатта тадбиркорларни қўллаб-қувватлашимиз шарт, деган асосий ғояни илгари сурди. Яна мурожаатда таъкидлаб ўтилдики, ҳар қабул қилинган қарордан бештаси бевосита тадбиркорликни ривожлантириш, уларга преференциялар яратиш билан боғлиқ. Мени хурсанд қилган яна бир жиҳат – бу келгуси йилдан бошлаб ҳудудларни квалификациялаштириш, яъни ҳар битта ҳудуд бешта қатламга ажратиляпти. Яъни ўзининг ривожланишига, имкониятига қараб уларга солиқ преференциялари ва имкониятлар яратиб берилади. Таъкидлаш жоизки, ушбу ислоҳотлар, албатта, мамлакатнинг тараққий этиши, инсон қадрини улуғлаш учун хизмат қилади.

– Бобур ака, биламизки, сиз аслида шифокорсиз, аммо ҳозирда тадбиркор сифатида фаолият юритяпсиз…

– Мен 1964 йили Тошкент шаҳрида шифокор оиласида туғилганман. Отамнинг йўлидан кетиб, тиббиёт олийгоҳини битирдим. 1991 йилда мустақилликка эришганимиздан сўнг бозор иқтисодиётига ўтиш даврида иқтисодий қийинчилик сабаб тадбиркорликка ўтиб кетганман, дастлабки 6-7 йил ичида кўплаб қийинчиликларни бошимдан кечирганимдан кейин муваффақиятга эришганман. Бугун ўғлим тадбиркорлик ишларини зиммасига олган, мен кўпроқ ижтимоий йўналишларда ва ўзим қизиққан соҳаларда фаолият юритиб келмоқдаман.

– Депутат бўлишингизга ким ёки нима сабаб бўлган?

– Бундан 6 йил муқаддам, ислоҳотларнинг бошланиш даврида мени тадбиркорларга имкониятлар яратиш юзасидан ташкиллаштирилган тадбирларга, давра суҳбатларига кўп таклиф қилишарди. Ана шундай тадбирлардан бирида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан тўлқинланиб сўзлаган нутқим билан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари назарига тушганман. Шундан сўнг, менга партияга аъзо бўлишни таклиф қилишди, мен ҳам рози бўлдим. 2017 йилда эса Тошкент шаҳрида ўтказиладиган маҳаллий кенгаш сайловларида партиядан номзодимни қўйиш ҳақида таклиф беришди ва бу сайловларда Шайхонтоҳур туманидаги округдан номзодимни қўйиб, ғолиб бўлдим.

– Сизнингча депутат қандай бўлиши керак?

– Депутат – ўз соҳасида муваффақиятга эришган, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий билим ҳамда кўникмаларга эга, ўзининг муваффақиятига сабабчи бўлган Ватани, ватандошларига холис хизмат қилишга тайёр халқ вакилидир! Шунингдек, у қатъиятли, шижоатли, меҳнатсевар, холис бўлиши, муҳими давлат билан халқ орасида кўприк вазифасини бажариши керак.

– Депутатлик фаолиятингиздан қониқасизми?

– Қисман қониқаман. Чунки, озми-кўпми мурожаат билан келган сайловчиларимнинг муаммоларини ҳал қиляпман. Бунда албатта Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши билан ҳокимият ҳамжиҳат бўлиб ишлаши қўл келади. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан ҳар бир маҳаллий кенгаш депутатига ажратилаётган 2 миллиард маблағ ҳам катта ёрдам беряпти. Бундан ташқари, дардга чалинган фуқаролар учун “Саховат ва кўмак” жамғармасидан депутатлар ёрдамида маблағлар ажратилиши ва сарфланиши вазифамизни ўз вақтида бажаришимизга, сайловчилар ишончини қозонишимизга кўмак бермоқда. Аммо, баъзан қилаётган ишларим етарли эмасдек туюлади. Янада кўпроқ вақтимни сайлов округимдаги барча муаммоларни ҳал этишга сарфлашни истардим.

– Тошкент шаҳар ҳокими томонидан ажратилаётган 2 млрд. сўм маблағ депутатлар томонидан мақсадли сарфланяпти, деб ҳисоблайсизми?

– Билишимча мақсадли сарфланяпти. Кимдир бир йўла барча маблағни бирор-бир ижтимоий объектни таъмирлаш ёки жиҳозлаш ишларига, яна бир депутат округидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг муаммоларини ҳал этишга сарфлаяпти. Муҳими, бу маблағлар Тошкент шаҳри аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қиляпти. Олий Мажлис депутати Расул Кушербоев телевидение орқали чиқишларидан бирида бундай имкониятларга фақат Тошкент шаҳри депутатлари эга бўлаётганига ҳавас қилиши ҳақида гапирган эди. Мен ана шундай депутатлар сафида эканлигимдан мамнунман. Ва албатта мен ҳам Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати сифатида ўзимга ажратилган 2 миллиард сўм маблағдан унумли фойдаланган ҳолда, сайловчиларим эҳтиёжи йўлида сарфлаяпман. Жумладан, ушбу маблағ ҳисобидан 4 та таълим даргоҳида, яъни, 44-, 62-, 228- ва 229-мактабларда компьютер, электрон доска ва яна кўплаб замонавий технологиялар билан жиҳозланган “Смарт синфлар” очилди. Иккита боғча ҳудуди асфальт билан қопланди. Ҳозирда ҳудудимдаги спорт мактабининг иситиш тизими янгисига алмаштирилмоқда, 2 та маҳаллага, жиноятларнинг олдини олиш учун назорат камералари ўрнатилди. Шунингдек, ҳудуддаги 25-оилавий поликлиникага тиббий ускуналар, компьютер ҳамда тиббий-жисмоний тарбия хонасига спорт анжомлари келтирилди. “Фарҳод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида болалар майдончаси барпо этилди.

– Якунланиб бораётган йилда режалаштирган барча ишларингизни амалга ошира олдингизми?

– Маблағларни сарфлаш юзасидан, озроқ қисмини амалга оширишга кечга қолдик, лекин аввалги йилдагидек, бу лойиҳаларни молиялаштириш, келаси йилда ҳам давом этиши мени хотиржам қиляпти. Аммо афсуски, молиялаштириш масаласида давлат муассасаларида фаолият юритаётган барча мутасадди ходимлар ҳам бирдек масъулият сезмайди, таклифлар ва жараёндаги ишлар юзасидан кўп маротаба эслатиш кераклиги, талаб қилинадиган ҳужжатларни вақтида етказиб бермасликлари мени ҳайрон қолдиради. Бугунги кунда олдимизга қўйилаётган бош мақсад – халқимизни рози қилиш! Шундай экан, аниқ мақсад йўлида ҳар бир раҳбар кадр ўз вазифасига сидқидилдан ёндошиши керак.

– Янги 2023 йилда қандай мақсадларни олдингизга қўйдингиз?

– Янги йилда ижтимоий тармоқларда, медиа ва тадбиркорлик соҳаларида бир нечта лойиҳани режалаштиряпман. Илмий иш қилиш ҳақида ўйлаяпман ва албатта сайлов округимда ҳам кейинги йил учун режалаштирган ишларим бор.

Шоҳида
ЗУФАРОВА

суҳбатлашди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *