Гулбаҳор КУЛМАТОВА: “ДЕПУТАТ ИШОНЧГА ЛОЙИҚ БЎЛИШИ КЕРАК!”

Кулматова Гулбаҳор Баратовна – Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ФҲДЁ бўлими мутахассиси, Халқ депутатлари Миробод тумани Кенгаши депутати, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси.

Сайлов – демократия мезони

– Маълумки, мамлакатимизда фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи қонун билан мустаҳкам белгилаб қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасида “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар, ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз билдириш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан ифодаланади…” деб белгиланган. Туман кенгаши депутатлиги учун бўлиб ўтган сайловда фуқаролар ўзларининг Конституциявий ҳуқуқларидан фойланган ҳолда ўзлари лозим топган номзодга овоз бердилар. Ушбу жараён албатта, адолатли ва шаффоф тарзда ўтди. Сайловда халқимизнинг фаол қатнашиши уларда эртанги кунга бўлган ишонч ва фаровон юртимизнинг келажагига бефарқ эмасликларини билдиради деб ҳисоблайман. Фуқароларнинг сайловлар ва бошқа сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши фуқаролик жамиятининг муҳим мезонларидан биридир. Сайлов халқ ҳокимиятчилигининг тимсоли бўлиб, энг аввало ўзида жамият аъзоларининг, қолаверса, сайловчи – фуқаро манфаатини ифода этади. Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари амалга оширилаётган ислоҳотларда сайловларнинг ўрни беқиёс. Ўзбекистон мустақил тараққиёт йўлининг ҳозирги босқичида давлат ҳокимиятининг вакиллик органларини эркин, қонуний ва адолатли сайловлар асосида шакллантирилиши демократик жараёнлар ва янгиланишларнинг ижтимоий ҳаётда олий қадрият сифатида ифода этилаётганлигининг ёрқин намунасидир.

Депутат халқ ва ижро ҳокимияти ўртасидаги кўприк

– Фуқаролар депутатларга барча масалалар юзасидан мурожаат этишади. Муаммо ва ижтимоий масалаларни ҳал этиш учун депутатларга сайёр қабуллар ташкил этилган. Фуқароларни сўров ва мурожаатлари асосида аниқланган
муаммоларни ҳал этиш учун давлат томонидан маблағ ажратилади. Тегишли мутахассислар томонидан фуқаронинг аҳволи, яшаш шароити ўрганилиб, зарур маблағлар йўналтирилади. Ўйлайманки, бу механизм янада такомиллаштирилса, аҳолини қийнаб келаётган кўплаб ижтимоий масалалар ўз ечимини топади ва халқнинг давлат ва депутатга ишончи янада ортади. Йўналтирилаётган маблағларнинг айнан депутат орқали халққа етказилиши бу жуда тўғри жараён, деб ҳисоблайман. Чунки, депутат – халқ вакилидир, у ўз сайловчилари дардини яхшироқ ҳис этади. Депутатлик ўта масъулиятли, айни вақтда шарафли вазифадир. У шу вазифасига сайланар экан, сайловчилар олдидаги масъулиятни доим ҳис қилиши ва аҳоли дарди, ташвиши билан яшаши, халқ билан ижро ҳокимияти ўртасида кўприк вазифасини ўтай олиши лозим. Депутат халқнинг ишонган вакили экан, демак ўзи ҳам ишончга муносиб бўлиши керак, деб ўйлайман.

Президент Мурожаатномасини тинглаб…

– Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасини фахр ва ифтихор билан тингладим. Мурожаатномада жамиятимиздаги барча соҳалар қамраб олинган. Айниқса, инсон қадри ва фарзандларимиз таълим-тарбияси ҳақидаги фикрларидан жуда таъсирландим. Келажакни ҳозир улғайиб, вояга етиб келаётган фарзандлар қуради. Шундай экан, уларнинг билими, зеҳни ўткир бўлиши муҳимдир. Бунинг учун эса давлатимиз раҳбари барча имкониятларни яратиб бераяпти. Бугунги кун ёшларидан эса уларга берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, илм олиб, юртимиз равнақига эзгу амаллари билан ҳисса қўша оладиган замонавий
кадрлар бўлиб етишиш талаб этилади.

Инсон ўз севган касбида ишлаши керак

– Вояга етаётан фарзандларнинг келажакда қайси соҳага меҳр қўйиши, ўзидаги иқтидорини тўғри йўналтириб, танлаган касбининг етук мутахассиси бўлиши кўп жиҳатдан ота-онанинг қўллаб-қувватлашига ҳам боғлиқ. Мен ўзаро ҳурмат-эътибор, бир-бирини тушуниш, эъзозлаш каби сифатлар мужассам бўлган оилада вояга етганман. Болалигимдан юрист бўламан, дердим. Ҳозир ўйлаб қарасам, ёшлигимдан бугунги фаолиятимни қайсидир маънода идрок қилган эканман. ФҲДЁ идораларидаги фаолиятим давомида оилаларнинг мустаҳкамлигига ҳисса қўшиш менга улкан ғурур бахш этади. Деярли 30 йилдан бери ушбу соҳада фаолият юритар эканман, бу касб мантиқий фикрлаш, яхши хотира, ҳалоллик, масъулият, ҳар бир ҳолатга тўғри баҳо бериш каби кўникмалар билан бир қаторда ҳаётий тажриба ҳам талаб этади. ФҲДЁ идоралари фақат келин-куёв никоҳини қонуний қайд этиш билан шуғулланмайди. Аслида инсон ҳаёти давомида никоҳ, туғилиш, ажралиш ва ўлим каби қатор ҳаётий воқеалар билан тўқнашади. Энг муҳими, оила институтини
мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва ажралишларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларда фаол иштирок этиб келаётганимдан фахрланаман. Фаолиятим давомида бир ҳақиқатга амин бўлдим: инсон ўзи севган соҳада ишлаши керак. Ёқтирган иши билан шуғулланган инсонлар чарчашмайди. Улар касбига бор меҳри, эътибори ва тажрибасини бахшида этишади. Шундай инсонлар сафида эканлигим менга доим куч беради.

Йил сарҳисоби

– Йил якунида ҳар бир инсон амалга оширган ишларини сарҳисоб қилиб, Янги йилга янги режалар тузади. Қисқа умримизда барча ишларга улгуришимиз керак, деб ўйлайман. Сарҳисобга келадиган бўлсак, кўп ишлар амалга оширилди. Маҳалланинг “Темир дафтари”га киритилган фуқаролар билан мунтазам ишлаш натижасида ушбу дафтардан чиқарилганлар ҳам бўлди. Аҳоли бандлигини таъминлашда қатор ишларни амалга оширдик. Халқимиз, хусусан аёллар саломатлигини тиклаш, уларни жамиятимизда ўз ўрнига эга шахс сифатида шаклланишида ҳам салмоқли ишларни бажардик. Давлатимиз томонидан фуқароларга берилаётган ҳар қандай кўмаклардан бизнинг ҳудуд фуқаролари ҳам баҳраманд бўлишди.

Хулоса ўрнида

– Ўзим ҳар куни 7-8 варақ бўлса ҳам китоб ўқишни одат қилганман. Газеталарда бериладиган қизиқарли мақолалар билан ҳам мунтазам равишда танишиб бораман. Мутолаани севадиган “Тошкент оқшоми” газетаси муштарийлари ва таҳририят жамоасига ўзимнинг энг эзгу тилакларимни билдириб қоламан. Якунланаётган 2022 йилда амалга оширган хайрли ишларингиз Янги йилда ҳам бардавом бўлсин. Янги йил янги орзулар, янги умидлар, янги мақсадлар ва албатта янги зафарлар олиб келсин!

Умида
ҲАҚБЕРДИЕВА

тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *