МАҚСАДИМИЗ МУАММОЛАРГА ЕЧИМ ТОПИШ

Дилором Тошмуҳаммедова,

Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати:

– 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилинганлиги маъжозий маънода сиёсий-иқтисодий ҳаётдаги ўзгаришлар ҳақидаги фикрларни тарозининг бир палласига қўйсак, тарозининг иккинчи палласида таълим соҳасидаги ислоҳотларни қўйишимиз мумкинлигини кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг якка-ю ягона тўғри йўлидир”. Шундай экан, Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасида
доимий сенатор, шунингдек, Халқ депутатлари Кенгашининг Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий комиссия аъзоси сифатида, даставвал, маданият ва санъат, таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан белгиланган вазифалар ижросини ўрганишни ўзимизга мақсад қилдик. Зеро, фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқишларини оширишимиз зарур.

Ўзбекистон Республикаси
Президентининг Парламентга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш муҳим йўналишлардан бири эканлиги таъкидланди. Мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани ҳаммамизни ўйлантириши кераклигига урғу берилди. Бугунги кунда мамлакатимизда 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар фаолият юритмоқда, бундан ташқари, ҳар бир маҳаллада ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилган. Аммо, бугун банд бўлмаган ёшлар сонининг ортиб бораётганлиги бундай марказларнинг самарали фаолият кўрсатмаётганини англатади. Шундай экан, олдимизга қўйилган кейинги вазифамиз, ёшларимизни касб-ҳунарга йўналтирувчи масканларда ўқув жараёни сифатини ўрганиш, унда таълим бераётган ўқитувчиларнинг малакасини текшириш ва бундай масканларни битириб чиқаётган ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи қандай даражада эканлигини назорат қилишдан иборат. Албатта, бу йўналишдан кўзланган мақсад камчиликларни аниқлаш эмас, балки шу соҳани ривожлантиришга қаратилган самарали механизмни жорий этишдан иборат.

Бундан ташқари, Мурожаатномада бутун дунёда кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмаётгани алоҳида таъкидланди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда, ахборот коммуникация технологиялари ривожланган даврда маълумот оқимининг кириб келиши, ёшларимиздан жуда катта ҳушёрликни талаб этади. Улар маълумотларни тўғри фильтрлай олиш, ўзининг ёшига, дунёқарашини ривожлантиришга мос маълумотларни ажрата олиши жуда муҳим, шу билан биргаликда жуда қийин масала. Бундан келиб чиқадиган яна бир вазифамиз бу ёшларнинг ахборот саводхонлиги ва интернет маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва бу борада мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ишларни амалга оширишдан иборатдир.

Юқорида санаб ўтилган вазифалар жорий йилда амалга оширилиши керак бўлган дастлабки асосий йўналишларимиз холос. Бу режаларни амалга оширишда ёш маҳаллий кенгаш депутатларини, ёшлар ташкилотларини, шунингдек, бу соҳадаги барча мутасадди ташкилотларни бирлаштириш, вазифаларни ўзаро тўғри тақсимлаш ва амалга ошириш механизмларини белгилаб бериш, уларга бош-қош бўлиш биз, парламент аъзоларининг вазифамиздир.


Дилшод Шоумаров,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, “Юксалиш”
умуммиллий ҳаракатининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси раҳбари:

      – 2023 йилда депутат сифатида авваламбор, ўзимнинг сайлов округим, яъни Учтепа туманидаги Абдулла Қодирий 2-округидаги 10 та маҳалла фуқаролар йиғини дастурларида белгиланган вазифаларни амалга оширишни режа қилганман. Маълумки, Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларининг ҳар бирига 2 млрд. сўмдан маблағ ажратилади. Ўтган йили Республика Она ва бола скрининг марказига 1 млрд. сўм атрофида рентген ва УЗИ аппаратлари олиб берилди. Бундан ташқари, 550-мактабгача таълим ташкилотига болалар учун ёзги айвончалар қуриб берилди. Шунингдек, Хуршид маҳалласида ҳам ушбу маблағ ҳисобидан болалар майдончаси барпо этилди. Албатта, жорий йилда ҳам бу каби кўплаб ишларни амалга оширишни режа қилганмиз. Жумладан, “Кўкча Оқтепа” маҳалласи аҳолисининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кузатув камераларини ўрнатиш ниятидамиз. Бундан ташқари, “Бешқайрағоч” маҳалласидаги кўчаларга ёнғин гидрантларини ўрнатиш, айрим асфальт қилинмаган кўчаларга янги асфальт ётқизиш ҳамда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ҳам режамизда бор. Шу билан бирга ҳудудимдаги автомобиль ҳалқа йўлида кўплаб тирбандликлар юзага келаётгани ҳақида шикоятлар келиб тушган. Яъни, у ерда пиёдалар учун ўтиш туннели йўқлиги сабабли тез-тез йўл транспорт ҳодисалари келиб чиқмоқда. Шундан келиб чиқиб, ўз таклифларимни ишлаб чиққанман, жорий йилда ушбу муаммони ҳам ҳал этиш ниятидаман.


Наима Жабборова,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, Мирзо Улуғбек туманидаги “Катта Қорасув” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

 – Жорий йилда энг биринчи
навбатда режалаштирган ишларимдан бири бу – округимдаги 7 та маҳалла аҳолиси билан сайёр қабул ўтказиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиб чиқишдир. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор шахсларга ёрдам кўрсатишни мақсад қилганман. Бунда Тошкент шаҳар ҳокими томонидан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларининг ҳар бирига ажратилган 2 млрд. сўм миқдорида маблағ катта аҳамиятга эга. Ўтган йили ушбу маблағдан унумли фойдаланган ҳолда стадион қурдик, кўчаларни асфальт қилдирдик, 2 та мактабгача таълим ташкилотини капитал таъмирдан чиқардик, 8-оилавий поликлиникага мебель жиҳозлари ва янги тиббий асбоб-ускуналар олиб бердик. Жорий йилда эса ҳудудимдаги ижтимоий объектлар, яъни тўртта мактаб ҳамда олтита мактабгача таълим ташкилотларининг моддий-техник базасини янада яхшилаш, маҳаллалар билан ҳамкорликда ота-оналар билан учрашувлар ўтказиб, ўқитувчи мав-қеини ошириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, шунингдек, шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда 8-оилавий поликлиникани капитал таъмирдан чиқаришни режа қилганман. Бундан ташқари, 520-мактабгача таълим ташкилотининг фасад қисмини жорий таъмирини амалга ошириш ҳам режага киритилган.


Бахтиёр Ҳасанов,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори:

      – 2023 йилда жуда катта режаларим бор. Мана ўтган 2022 йилда ҳам бир қатор ишларни амалга оширишга муваффақ бўлдик. Жумладан, 30-31-оилавий поликлиникаларда электрон тизимни йўлга қўйдим. Бундан ташқари, рентген аппаратлари ҳамда инсон организмини ҳеч қандай дори воситаларисиз соғломлаштириш ва токсин моддалардан тозалаш имконини берадиган физиотерапия аппаратлари олиб берилди. Ҳудудимдаги 166-умумтаълим мактаби ва “Баркамол авлод” болалар мактабида электрон кутубхона марказлари, электрон синф хоналарни ташкил этдик. Шунингдек, ёшлар ўртасида спортни тарғиб этиш, уларни спортга жалб этиш мақсадида мини-футбол майдонларини яратдик. Бундан ташқари, “Авиасозлар” маҳалласидаги эскирган симёғочлар янги бетон устунларга алмаштирилди. Албатта, жорий йилда ҳам бу каби ишларни давом эттириш ниятидаман. Жумладан, Яшнобод туманидаги 2-сонли шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонасини кўздан кечирганимда ёмон аҳволга келиб қолганлигининг гувоҳи бўлдим. Шу сабаб ҳам, Тошкент шаҳар ҳокими томонидан ажратиладиган 2 млрд. сўм маблағни биринчи навбатда мана шу шифохонага сарфлашни олдимга мақсад қилиб қўйдим. Шунингдек, ҳудудимдаги автомобиль йўлларини бирма-бир ўрганиб чиқиб, айниқса, таълим муассасалари жойлашган ҳудудлардаги йўлларга пиёдалар ўтиш йўлакларини чиздиришни ҳам режамга киритганман.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *