МУҚАДДАСХОН РАҲМАТИЛЛАЕВА: “АЁЛЛАРИ ҚАДРЛАНАЁТГАН ЮРТДА ЯШАЁТГАНИМДАН БАХТИЁРМАН!”

Муқаддасхон Раҳматиллаева 1957 йилда Андижон вилоятининг Марҳамат туманида таваллуд топган. 1973 йилда ўрта мактабни олтин медаль билан битирган. 1979 йилда Тошкент Педиатрия-тиббиёт институтини педиатр мутахассислиги бўйича тамомлаган. 1999 йилдан буён пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 44-оилавий поликлиника бош шифокори. 2009 йилдан ҳозирги вақтга қадар Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати. Оилали, уч нафар фарзанди бор. Тўрт набиранинг бувижониси.

Бугун ҳаёт шиддат билан ўзгариб, кундан-кунга олдимизга янги талаблар қўйилмоқда. Ана шундай бир вазиятда халқ вакили бўлган депутат жамиятни зийраклик билан кузатиб бориши, идрок этиши, аҳолини ташвишлантираётган масалаларга диққат қаратиши лозим. Хўш, халқнинг вакили бўлган депутатларимизни бугун қандай масалалар ўйлантирмоқда? Фаолиятга халақит берадиган тўсиқлар ҳамон мавжудми? Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Муқаддасхон Раҳматиллаева билан суҳбатимиз мана шу мулоҳазалар атрофида бўлди.

— Муқаддас опа биламизки, сиз шифокорсиз, депутатлик фаолиятингизни қачон бошлагансиз?

— 2009 йил Шайхонтоҳур туманидан 47-“Гулобод” округига Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати этиб сайланганман. Кейинги икки чақириқда ҳам ушбу округдан Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзодим кўрсатилиб, сайланганман.

— Депутат сифатида сизни бугунги кунда ўйлантираётган қандай муаммо ва тўсиқлар бор?

— Депутатлик бу мансаб ҳам, лавозим ҳам эмас! Албатта, олдингизга қўйган мақсадингизни амалга оширишдан чўчимасдан олға қадам боссангиз, сиздан ёрдам сўраган сайловчиларингиз ҳамиша кўз олдингизда турса, албатта ижобий натижага эришишингиз мумкин. Бу – ҳар бир депутатнинг сайловчилари олдидаги бурчидир.

Муаммолар албатта мавжуд, бу аҳолининг тиббий, ҳуқуқий маданияти бўладими, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти борасида бўладими, биз ҳалқнинг орасида бўлиб, уларга бу борада тушунча беришимиз, муаммоларини имкони бўлса жойида ҳал этилиши учун жон куйдиришимиз лозим.

Бундан 4-5 йил аввалги учраб турадиган айрим тўсиқ ва муаммолар бугун олиб борилаётган одилона сиёсат, амалга оширилаётган барча ишларнинг халқ розилигига қаратилганлиги сабабли сезиларли даражада камайган, деб айтишим мумкин.

— Депутатлик сўровига барча раҳбарлар ҳам бирдек хайрихоҳми?

– Депутат ўзи сайланган округидаги сайловчилар билан учрашувлар ўтказиб, сайлов округидаги фуқароларнинг шикоятлар билан мурожаат қилишига асос бўлаётган сабаб ва шароитларни ўрганиши бу борада давлат органларининг тегишли мансабдор шахсларига мурожаат этиши, сессия кун тартибига олиб чиқиши лозим. Қонунда бу борада Халқ депутатлари Кенгаши депутатига депутат сўрови билан мурожаат этиш ҳуқуқи ҳам берилган. Аввалги чақириқлар давридаги депутатлик фаолиятимда юборилган депутатлик сўровларимга жавоблар белгиланган муддатлардан кеч берилиши, ҳаттоки айрим ташкилотлар раҳбарлари томонидан жавоблар берилмаслик ҳолатлари ҳам кузатилган.

Бугунги кунда юборилган депутатлик сўровларимга белгиланган муддатларда ва раҳбарларнинг ўзлари томонидан жавобларни берилиши Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижаси деб ўйлайман. Шу билан бир қаторда бу мутасадди раҳбарларнинг масъулияти ошаётганлигидан ҳам далолатдир.

— Маълумки, мана уч йилдан буён Тошкент шаҳар ҳокими томонидан шаҳар Кенгаши депутатларига 2 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиб келинмоқда. Бу амалиётдан сиз қанчалик унумли фойдалана оляпсиз?

— Бунинг учун ҳар бир депутат ўзи сайланган округи ҳудудидаги мавжуд муаммоларни ўрганишлари билан бир қаторда давлат бюджетидан ушбу мақсадларга маблағ ажратилиши режалаштирилмаганлиги, “Йўл харитаси”да ушбу муаммони бартараф этиш учун маблағ ажратилиши кўзда тутилмаганлиги каби масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида тегишли ташкилотлар, бошқармалар раҳбарларига ёзма равишда мурожаат этишлари ва улардан ёзма жавоб хатлари олишлари талаб этилади.

Барча ҳужжатлар презентация кўринишида тайёрлангандан сўнг ҳар бир депутат ўз округи бўйича Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг Маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестиция ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича доимий комиссиясининг йиғилишида ҳимоя қилади. Ушбу масала комиссия аъзолари томонидан маъқуллангандан сўнг, сессия кун тартибига киритилади ва сессия қарори чиқарилади, шундан кейин ушбу муаммоларни бартараф этилиши учун маблағ ажратилади.

Бу албатта аҳолининг жойлардаги мавжуд муаммоларини бартараф этилиши, уларнинг розиликларига сабаб бўлиши билан бирга депутатларнинг сайланган округларидаги мавқеини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.

Мисол учун, мен сайланган 47-“Гулобод” округида ажратилган маблағ округ ҳудудида жойлашган 43-оилавий поликлиника аҳолисига соғлом турмуш тарзи билан шуғулланишлари, аҳолининг жисмоний фаоллик даражасини оширишлари учун ташкил этилган даволаш-бадантарбия хонасини зарур бўлган жиҳозлар билан таъминлашга сарфланди.

45-округ депутати Абдумавлон Қосимовнинг сайланган округи ҳудудида 1977 йили қурилган, таъмирга муҳтож 44-оилавий поликлиниканинг 1 ва 2-қаватлари шу маблағ ҳисобидан мукаммал таъмирланди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бир сўз билан айтганда, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига сайланган ҳар бир депутат ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиб, ўзлари сайланган округларидаги ижтимоий соҳадаги мавжуд муаммоларга ижобий ечим топишида ёрдам кўрсатиб келмоқда.

— Аёл депутат бўлиш қийин эмасми? Умуман, фаолиятингизга оила аъзоларингиз қандай қарашади?

— Менимча бу ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Ким учундир депутат бўлиш мушкул иш, лекин мен учун осон, деб ўйлайман. Сабаби, бугунги кунда мамлакатимизда аёлларга, уларнинг нафақат оилада, балки жамиятда ҳам муносиб ўрин эгаллашлари, истеъдодларини намоён этишлари, ўзлари танлаган мутахассислик бўйича бемалол фаолият юритишлари учун ҳар доимгидан-да кўпроқ шарт-шароитлар яратилган.

Мен Юртбошиси томонидан аёлларга алоҳида эътибор ва ҳурмат билан қараладиган шундай бир Ватанда яшаб, фаолият олиб бораётганимдан хурсандман.

Шифокор сифатида аҳолимизнинг саломатлигини яхшилашда, депутат сифатида эса сайланган округим ҳудудида кимнингдир оғирини енгил қилишга ўз ҳиссамни қўша олаётганимдан завқ олиб, янада ишлагим келади.

Оила аъзоларим бу борада мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлашади. Турмуш ўртоғим олий маълумотли, улар нафақада бўлишига қарамай, ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Ўғилларим – Ҳасанжон ва Ҳусанжон ҳуқуқшунос, улардан фаолиятим борасида ҳуқуқий масалаларда маслаҳатлар олиб тураман.

Аёл киши оила аъзолари томонидан қўллаб-қувватланса, албатта ҳар қандай ишни амалга оширишда ўзида куч-қувват ҳам, вақт ҳам топади.

— Сўнгги сўз ўрнида айтмоқчи бўлганларингиз…

— Ҳар биримизнинг саломатлигимиз ўз қўлимизда. Мен қабулимга келган ҳар бир кишига кўпроқ пиёда юришни тавсия қиламан. Жисмоний фаол бўлиш, соғлом ва тўғри овқатланиш қоидаларга риоя қилиш – бу саломатлик гаровидир!

Юртимизда тинчлик бўлсин, мустақиллигимизга асло кўз тегмасин, аҳолимизга энг аввало мустаҳкам соғлиқ, оилавий тинчлик-хотиржамлик, дастурхонлари тўкин бўлишини тилайман!

Шоҳида
ЗУФАРОВА

суҳбатлашди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *