Навоийлик депутат Дилнавоз Носирова Туркияда вафот этгани маълум бўлди.

Аввалроқ, Навоий вилоят Халқ депутатлари кенгаши депутати Дилнавоз Носирова жорий йилнинг 12 март куни 34 ёшида вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. QALAMPIR.UZ’га оид маълумотларга кўра, Носированинг вафотига узоқ давом этган касаллик сабаб бўлган ва у Туркияда вафот этган. 

Маълумотларга кўра, Носирова 2022 йил учинчи фарзандини дунёга келтирганидан бироз вақт ўтиб, унинг саломатлигида ўзгаришлар кузатилган. Шифокорлар унда оққон касаллиги давом этаётганини аниқлаган. 

Депутат даволаниш мақсадида жорий йилнинг 4 февраль куни Туркияга йўл олган. Олиб борилган муолажаларга қарамай, у 12 март куни Туркияда вафот этган ва жасади Ўзбекистонга олиб келинган. 

Дилнавоз Носирова 1989 йил Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида таваллуд топган эди. 2010 йилда Навоий давлат педагогика институтини тамомлаган. 

У Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши Ижроия қўмитаси девони депутатлар, депутатлик бирлашмалари ва бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган. 

У Зарафшон шаҳар Ахборот-ресурс маркази, Маънавият ва маърифат бўлими ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП шаҳар Кенгаши раиси вазифаларида фаолият юритган. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *