Нодир Жумаев: Xар Қандай соҳани таҳлил қилишдан аввал, бу борада билимга эга бўлиш керак”Нодир Жумаев:

Маълумки, ҳар бир давлат миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ички ва ташқи сиёсатини юритади. Сиёсат ҳақида сўз юритишдан аввал, унинг назарий жиҳатига эътибор қаратсак. Демак, сиёсат — бу давлатни бошқариш санъати бўлиб, у турли ижтимоий-сиёсий қатламлар, табақа ва гуруҳлар ўртасидаги муносабатлар билан боғлиқдир. Унинг моҳиятини давлат ҳокимияти шакллари, уни амалга ошириш ва бошқариш ташкил этади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ижтимоий сиёсат давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишига айланди. Хўш, бугунги кунда Ўзбекистондаги сиёсий майдон эгалари кимлар, унинг иштирокчилари-чи?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Нодир Жумаев билан суҳбатимиз ана шу ҳақда бўлди.

– Нодир ака, негадир бугунги кунда Ўзбекистондаги сиёсий майдон бир мунча бўшаб қолгандек, кучли сиёсатчилар, сиёсий таҳлилчилар кўринмаётгандек, назаримизда…
– Мен бу фикрга қўшилмайман. Чунки, айнан Ўзбекистонда кучли сиёсат юритилиши натижасида барча жабҳаларда катта ўсишлар, янги-янги тараққиётлар кузатилаётганини кўришимиз мумкин. Биргина ташқи савдони оламизми, ёки бўлмаса экспорт таркибини олишимиз мумкин, умуман дунёдаги глобал вазият оғир бўлишига қарамасдан, юртимизда ялпи ички маҳсулот ўсиб, иқтисодий тараққиёт таъминланаётганида ҳам кўришимиз мумкинки, буларнинг барчаси Ўзбекистонда нафақат сиёсий соҳа, балки барча жабҳаларда жуда катта ўзгаришлар бўлаётганини ва бунинг негизида битта нарса – у ҳам бўлса аҳоли фаровонлигини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш каби юксак вазифалар қўйилаётганини кўришимиз мумкин.
– Юртимизда узоқни кўзлаб, оқилона сиёсат юритилаётганлигини бугунги кунда юртдошларимизнинг фаровон ҳаёти, қолаверса, инсон қадрининг юксалганида ҳам кўришимиз мумкин. Бу шубҳасиз! Аммо ана шу юритилаётган оқилона сиёсат таҳлилчилари, тарғиботчилари ҳақида нима дея оласиз?
– Бугунги кунда интернетнинг ривожланиши, ижтимоий тармоқларда фаолият юритувчи блогер, вайнерларнинг оммалашиши натижасида сиёсат борасида барча ўз фикрини бемалол билдирмоқда. Бу ҳам менимча демократиянинг бир кўриниши. Балки ҳақиқатдан ҳам аввалгидек сиёсат соҳасидаги ўқув муассасалари фаолиятини такомиллаштириш керакдир. Бошқа бир томондан, Press-club ёки АОКА фаолиятига назар солсак, бугунги кунда у ерда ўтказилаётган сиёсий мулоқот ва дебатлар тўғридан-тўғри эфирга олиб бериляпти. Яъни, одамларимиз бу мулоқотларни кўриб, холис фикрни ўзлари чиқаришлари мумкин. Бундан ташқари, юртимизда нашр этилаётган сиёсий-ижтимоий газеталарни олиб ўқисангиз, уларнинг деярли ҳар бир сонида юртимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар ҳақидаги таҳлилий материалларни кўришимиз мумкин. Мен ўзим ҳам иқтисодчи бўлишимга қарамай, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида давлатимиз раҳбарининг хорижий мамлакатларга ташрифларини, юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларни шарҳлаб бораман.
– Сиёсий майдоннинг асосий иштирокчилари ҳисобланган сиёсий партиялар борасида гап кетганда, сўнгги вақтларда уларнинг аъзолари, маишийлашиб бораётгандек, назаримизда. Биргина Парламентга бўлиб ўтган сайловларда ҳам гувоҳ бўлдикки, сиёсий партия аъзолари кўпроқ сайловоолди дастурларидаги камчиликларга эътибор қаратиш ўрнига рақиб партиядан бўлган номзодларнинг оммавий чиқишлардаги ножўя хатти-ҳаракатлари ёки гап-сўзлари ва шахсий камчиликларини ушлаб олиб, уларни “чўктиришга” ҳаракат қилишди. Сизнингча, бу тўғрими?
– Мен буни тўғри деб ҳисобламайман. Ўзим ҳам жуда кўплаб дебатларда иштирок этдим. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан депутатликка номзод сифатида юртимиздаги кўплаб телеканаллар орқали намойиш этилган онлайн мулоқотларда қатнашганимда асосан рақиб партияларнинг сайловолди дастурларини муҳокама қилганмиз. Агар адашмасам, элликга яқин учрашувда иштирок этган бўлсам, кўплаб дебатларда асосий эътибор партия дастурлари ва турли сиёсий қарашлар борасидаги муҳокамалар бўлди. Айтиш жоизки, 2010 йилда ҳам депутат бўлганман ва сўнгги йилларда сиёсий партиялар ўз позицияларини билдириб, бемалол шарҳлашга, баҳсга киришишга шароит яратилганлигини кўришимиз мумкин. Тўғри, айрим партия раҳбарлари томонидан ҳам “қовун тушириш” ҳолатлари ва хатоликлар ҳам бўлди. Бу эса, ўз навбатида, ижтимоий тармоқларда миллионлаб “просмотр”лар орқали тарқаб кетди. Лекин, бу ҳам нотўғри. Чунки, омма олдида чиқиш қилаётган ҳар қандай инсон хато қилиши мумкин. Бундан ташқари, сўнгги йилларда трендга чиққан яна бир нарса борки, бу нутқнинг у ёки бу жойидан кесиб олиб, маърузачининг нутқидан бутунлай нотўғри маънони ясаб, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Афсуски, айрим инсонлар сиёсат ёки иқтисоддан бехабар бўла туриб, ҳар қандай воқеага ўзича муносабат билдиришни касб қилиб олган. Бу ҳам нотўғри, албатта. Ҳар қандай соҳани таҳлил қилишдан аввал, бу борада билимга эга бўлиш керак. Агар депутатлар мисолида айтадиган бўлсам, кўпчилик кўплаб муаммоларни олиб чиқяптими, демак у зўр депутат, деб ҳисоблайди. Бу албатта яхши, лекин асл депутатнинг вазифаси қонунчиликни такомиллаштириш саналади. Масалан, мен Қонунчилик палатаси депутати сифатида айтишим мумкинки, шундай депутатларимиз борки, улар оммавий ахборот воситаларида кўринмаслиги, кундалик учрашувларда қатнашмаслиги мумкин, лекин улар қонунларимизни такомиллаштириш, яъни ҳар бир модданинг бошқа қонунларга мослигини текшириш орқали қонунларнинг мукаммаллигини таъминлайдилар. Натижада, уларнинг аҳоли фаровонлигига жуда катта хизмат қилаётганлигини кўришимиз мумкин.
– Бугунги кун ёшлари орасида келажак касблари ҳисобланган ахборот технологиялари, робототехника соҳасида кўплаб ютуқларни қўлга киритаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг сиёсатга қизиқишлари қай даражада? Дейлик, референдум олди тарғибот тадбирларидаги учрашувларда бугунги кун ёшларининг сиёсий онгига қандай баҳо бердингиз?
– (Ишонч билан) Ижобий баҳо бераман! Тўғрисини айтаман, ЎзЛиДеП фаоли сифатида партиямиз раҳбари билан биргаликда кўплаб университет ёшлари билан тет-а-тет, яъни юзма-юз учрашувларда иштирок этдик. Ва ана шундай тадбирларда ёшларнинг Конституциявий ислоҳотлар борасида бераётган саволларини эшитиб, хурсанд бўлдим. Сабаби, ёшларимизнинг сиёсий саводхонлиги ошган. Юртимизда рўй бераётган ҳар бир ижтимоий-сиёсий воқеаларга ўз муносабати, мустақил фикри шаклланган. Бугунги кун ёшлари юртимиз келажаги, қолаверса, ўз келажагига бефарқ эмас. Сиёсий жараёнларга бемалол фуқаролик позициясини билдира оляпти. Менимча, бундан фақат хурсанд бўлишимиз керак.
– Мароқли суҳбатингиз учун раҳмат.

Ш. Абзалова суҳбатлашди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *