Одамлар билан аслида бир хилмиз

Rasul Kusherboyev

Бир қарашда соддагина кўринган бу йигит тан олиш керак, халқнинг чинакам вакилига айлана олди. Муаммолар ҳақида гапирадиганлар кўп, лекин уларнинг қаршисига чиқиб, ечим топадиганлар бармоқ билан саноқли. Кушербаев бармоқ билан санарли тоифадаги депутатлар сирасига киради.

 Расул Кушербаев 1987 йил 12 январда Тошкент вилояти Янгийўл туманида таваллуд топган. Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетида таҳсил олган. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 Депутат аслида ким?

 Депутат — халқнинг вакили. Демократик давлатларнинг умумий қабул қилган қадриятларидан келиб чиқадиган бўлсак, халқ билан ҳамфикр ҳолда давлат бошқарувини олиб бориш, ишни юритиш нуқтаи назаридан депутатлик институти жорий қилинган. Халқ ўз вакиллари томонидан ўз муаммоларини, таклифларини тақдим этади. Лекин халқда шундай қараш бор, депутат тўғридан-тўғри бориб ҳар қандай муаммони ҳал қилиши керак. Бу нотўғри, ҳар қандай муаммо маълум соҳаларга хос. Шу боисдан ҳам бу ерда масаланинг моҳиятига қараш керак. Депутат бу жараёнда халқнинг фикрини керакли жойларга етказади, муаммони ҳал бўлишида вазиятни назорат қилади.

Демократия — шаллақилик эмас!

Демократия — бу, аввало, ўзини ҳурмат қилиш дегани. Бақир-чақир, шантаж йўллари… бундай тоифа одамлар ҳамма жойда бор. Мен улар билан тортишмайман, чунки бефойда, тезроқ қутулишга ҳаракат қиламан. Демократия — тартиб, маданият, бир-бирининг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш дегани. Бақир-чақирлар демократиянинг қолипига сиғмайди. Бу қандайдир девирсион кучларнинг ҳаракати бўлиши мумкин. Яъни улар мана шу йўлдан фойдаланиб, тушунчаларни ўзгартириш орқали ўз манфаатларини илгари суради. Аслида бу ўйин. Бу ишлар учун одамлар ёлланади.

Мақсадлар ҳудуди кенгайди

 Илгари дастлабки қадамларимда бирор-бир муаммони ҳал қилганимда хурсанд бўлганман. Бу жуда ажойиб ҳолат. Аслида бу кайфият жуда узоқ давом этмайди. Чунки муаммолар кўп. Ҳозир ҳар бир жараённи одатий бўлиши керак бўлган ишдек қабул қиляпман. Чунки мен аввалгидек битта-иккита иш билан чегараланишни истамайман. Мақсадлар ҳудуди кенгайди. Барибир кимдир раҳмат дейиши ёқимли… Машаққатига келсак, уни фақат ўзим биламан. Одамлар билан аслида бир хилмиз. Уларнинг муаммолари менда ҳам бор. Масалан, ҳозир ҳаммани қийнаётган энергия масаласи мени ҳам безовта қиляпти.

Режали иш бузилмас!

 Фақат режа билан иш қиламан. Қабул кунларим аниқ кун ва соатларга белгиланган. Бошида режасиз ишладим, юзлаб одамларни эшитдим, аммо муаммоларга ечим топиш ҳам бетартиб бўлди. Охири кунларимни аниқ вазифаларга бўлдим. Баъзида дам олиш кунлари ҳам уйимга одамлар мурожаатлар билан келади, баъзида бу малол келади. Аммо эшитаман, ҳал қилиш қўлимдан келса ёрдам бераман. Қабул кунларида эшитилган муаммоларнинг ечими натижалироқ бўлади. Сўнгги пайтларда тўй-ҳашамларга ҳам кам бораман, ўша ерда ҳам мени депутат сифатида қабул қилади ва муаммолардан гап бошлайди. Баъзи кунлари тобим ҳам бўлмай қолади. Одам 7 кун, 24 соат ишлай олмас экан.

“Қармоқдаги масалалар”

 Қармоғимда навбат кутиб турган муаммолар бор. Масалан, 2 ёшгача болалар пулини бериш масаласи… Оилаларнинг ижтимоий келиб-чиқишидан қатъи назар, шу масалага ечим топиш керак. Китоблар ижарасини ҳал қилиш ҳам осон бўлмади. Яна ўзимнинг сайлов округимда ҳам қармоққа илиниб, ечимини кутаётган муаммолар бор.

Алишер Қодиров… Ҳамманинг ўз йўли бор

 Алишер ака билан аввал муносабатларимиз яхши эди. Муаммоли масалалар бўйича фикрлашиб, маслаҳатлашиб турардик. Ҳозир у киши партия раиси… бир-иккита масалада келишолмай қолдик. Менинг назаримда келишилган вазиятларда томонлар мавжуд қоидларга риоя қилиши керак.  Лекин мен уларни рақобатчи сифатида кўрмайман. Ҳамманинг ўз йўли бор.

Мен бу мен!

 Мен ишда жиддийман. Иш вақтим тугагач, менинг ҳам кулишга ҳаққим бор. “Браво” жамоаси менга чиқишди ва репетициясига таклиф қилди. Бордим, борсам, бир йигит менинг образимда чиқиб келди. Менга ёқмади ва ўзим чиқишим мумкинлигини айтдим. Балки кимгадир бу чиқишим ёқмагандир. Лекин мен у ерга иш вақтим тугагач борганман (кулиб).

… қониқмаслик ҳисси кучли

 Ҳали кўп иш қилмадим, қониқмаслик ҳисси кучли. Менинг ёшимда дунёда қандай катта лойиҳаларни амалга ошираётганлар бор. Лекин охирги пайтларда жуда кўп ҳолатларда ҳафсалам пир бўляпти. Йигирма ёшимда қиламан деган ишларим бор эди… Ҳаммасини вақт кўрсатади.

Интервьюнинг тўлиқ қисмини VTTO.UZ
сайтида ўқинг!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *