Отабек Жиянбоев: “Депутатлик — бу фидоийликдир”

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан Президентимиз фармонига асосан, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, мудофаа қудратини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиз эсдалик нишони билан тақдирланди. Тақдирланганлар орасида МТДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Отабек Жиянбоев ҳам бор.

Жиянбоев Отабек Эшдавлатович – 1974 йил 2 июнда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент Педиатрия Медицина институтини 1997 йилда тамомлаган. 2011 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси тингловчиси. «Magnum Medikal Servis» тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш корхонаси
бош директори, Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилар ва тиббий
асбоб-ускуналар етказиб берувчилар уюшмаси раиси, «MEDIKAL HOLDING SINTEZ» ҚК МЧЖ   ишлаб чиқариш корхонаси бош директори. Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши раиси. Оилали, икки ўғил ва икки қизнинг меҳрибон отаси.

Отабек ака, аввало сизни мукофот билан табриклаймиз.

— Раҳмат, тўғриси бундай рағбатдан бошим осмонга етди. Менинг камтарона меҳнатим қадрланганидан миннатдорман.

Айтингчи, бугунги кун депутати сизнингча қандай бўлиши керак?

— Халқимиз фаровонлиги, юртимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида халқ вакиллари бўлган депутатларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Бугунги кун депутати доимо огоҳ, сайловчилар муаммосини ўз муаммосидек қабул қилувчи, уларнинг ҳолидан хабардор ва кўмакка тайёр бўлган фидоий инсонлардир. Албатта фидоий деб аташга асосларимиз етарли. Сабаби, маҳаллий Кенгаш депутатлари ойлик маош олмай ўз ваколати доирасида халққа холисона кўмак берувчи ва ушбу ишидан ҳузур олувчи кўнгилли инсонлардир.

Билишимизча, сиз битта округдан бир неча маротаба депутатликка сайлангансиз…

— Мен Тошкент шаҳар «18-Темирйўлчилар» сайлов округида депутат сифатида фаолиятимни олиб бормоқдаман. Мазкур ҳудуд мен учун жуда қадрлидир. 2001 йилдан 2009 йилга қадар айнан шу ҳудудда жойлашган 1-сонли Тери-таносил касалликлари диспансерида шифокор сифатида ишлаган эдим. Мазкур диспансер ёпилганидан сўнг, унинг биноси маҳалла фуқаролар йиғинига берилиб, мен учун ҳам бу ерда хона ажратилган. Буни қарангки, илгари шифокор сифатида фаолият юритган бинода эндиликда депутат сифатида фуқароларни қабул қиляпман. Маҳалла аҳолиси мен учун жуда яхши таниш бўлиб, ўзим шифокор сифатида кўмак бериб келган фуқароларимиз билан ҳозирда депутат сифатида ишламоқдаман.

Маълумки, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ҳар бир депутатга 2 миллиард сўмдан пул ихтиёрига берилиб, улар бу маблағни ўзлари лозим деб топган мақсадлар учун ишлатади. Мазкур амалиёт бугунги кунда ўзини қанчалик оқлаяпти, дейиш мумкин?

— Мазкур амалиёт йиллар давомида ўзини муваффақиятли оқлаб мазкур маблағлар ҳисобига маҳаллалардаги кўплаб муаммолар ўз ечимини топмоқда. Ушбу йўналишда ҳам самарали ишларни ташкил этиб сайловчилардан тушган мурожаатларни тегишли тартибда ўрганиб чиқиб, маблағларни соғлиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача таълим йўналишидаги муаммоларни ечими юзасидан йўналтириб кўплаб амалий натижаларга эришмоқдаман. Шу ўринда ҳар бир депутат ўзига берилган ваколатлардан унумли фойдаланиши ва бу жараёнларга масъулият билан ёндашишини истаган бўлардим. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларига ажратилган 2 миллиард сўм миқдоридаги пул маблағларидан барча депутатлар ҳам унумли фойдаланишмоқда, деб айта олмайман. Йил сўнггида ушбу маблағларни мутлақо ишлатилмаган ҳолда бюджетга бус-бутунлигича қайтариб топшираётган депутатлар ҳам орамизда борлиги ачинарли ҳол.

— Отабек ака, сиз маҳаллий кенгаш депутати бўлиш билан бирга ўз тадбиркорлик фаолиятингизни ҳам олиб борасиз. Бири иккинчисига халақит бермайдими?

— Асосий иш фаолият туримдан вақт ажратиб, фуқаролар
муаммоларини ўрганиш учун мунтазам cайёр қабулларда иштирок этаман. Сайловчиларим орасидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ҳомийлик асосида бўлса ҳам ўз ёнимдан кўмак беришга ҳаракат қиламан. Айрим ҳоларда ҳисобчим: “Биз борган сари хайрия ташкилотига айланиб қолмаяпмизми? Ахир фойдадан кўра, хайрия кўпайиб кетяпти”, деб эътироз ҳам билдириб қолади. Аммо, ҳудудимдаги фуқароларнинг муаммоси ҳал бўлиб, менга миннатдорчилик билдирганларида тадбиркорлик фаолиятимдан топаётган даромадимни сарфлаётганимдан афсусланмайман. Бу йил Тошкент шаҳар Кенгашида ташкил этилган «Меҳр-саховат» жамғармаси ҳисобидан 50 нафардан ортиқ фуқароларга 2 миллиондан 5 миллион сўм миқдоридаги пул маблағларини масъуллар ёрдамида тарқатдик. Мазкур жамғарма узоқ йиллардан буён ётоқда бўлган, ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган фуқароларга дори-дармон олишларида амалий кўмак бериш мақсадига йўналтирилган бўлиб маблағ ажратилиш учун депутатдан анчагина меҳнат ва саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Мазкур пул маблағлари ҳам фуқаро мурожаатларини ўрганиб чиқиш, тегишли ҳужжатларни тўплаш, комиссияга тақдим этиш каби жараёнлар орқали тасдиқланган, чиндан ҳам муҳтож бўлган фуқароларга топширилди.

Бугунги кунда депутат сифатида сизни қандай муаммо ёки тўсиқлар қийнамоқда?

— Биласизми, депутат сифатида ташкилот раҳбарларига айтадиган сўзларим бор. Биз кўп ҳолларда фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш учун депутатлик сўровини юборамиз. Аммо, айрим раҳбарлар бу сўровимизни бефарқ қолдириб, унинг ижросини йилдан йилга суриб юришади. Бу эса фуқаролар олдидаги вазифамизни тўлиқ бажаришимизга тўсқинлик қилмоқда. Натижада эса одамларнинг ишончини йўқотамиз. Мен ҳамма раҳбарлар шундай, деб айтмоқчи эмас, аммо ўз вазифасига совуққонлик билан қараётганлари ҳам йўқ эмас.

Сўнгги сўз ўрнида айтмоқчи бўлганларингиз…

— Конституциямизнинг 30 йиллиги арафасида Президент фармонига асосан эсдалик нишони билан тақдирланишим, мени янада илҳомлантирди. Албатта, бундай рағбатдан сўнг яна катта шижоат, янги мақсадлар билан депутатлик фаолиятимни давом эттираман. Шу ўринда барча юртдошларимизни Конституциямизнинг 30 йиллиги билан чин дилдан табриклайман.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *