ТЎЛҚИН ТЕШАБОЕВ:

“Янги Ўзбекистонимиз тараққиёти йўлида бор куч-ғайратимни сафарбар этаман!”

Тўлқин Зокирович Тешабоев. 1967 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1992 й. Тошкент электротехника алоқа институтини (кечки), 2007 й. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактаби (сиртқи), 2019 й. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги бизнес ва бошқарув олий мактабини тамомлаган. “Миллий тикланиш» демократик партияси аъзоси, 2019 йилдан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати. Оилали, уч нафар фарзанднинг отаси.

– Депутат бўлишингизга нима сабаб бўлган?
– Менинг назаримда ҳар бир инсонда вақт ўтиши билан бир савол туғилиши табиий, у қалбингизни жунбушга келтиради. “Ҳаётим ва фаолиятим давомида юртимга, она Ватанимга, халқимга қандай нафим тегди ва қанчалик хизмат қила олдим, маҳалладошларим корига камарбаста бўла олдимми?” – деган савол пайдо бўлади. Мени ҳам мана шу каби саволлар қийнаб келарди..ю
Фаолиятим асосан таълим соҳаси билан боғлиқ бўлиб, ушбу тизимда турли раҳбарлик лавозимларида ишлашимга қарамай, юртимиздаги ижтимоий-иқтисодий масалаларга ҳам бефарқ қараб туролмас эдим. Чунки, университет катта даргоҳ, талабалар ҳар хил оилалардан чиқиб келади. Табиийки, сиз турли хил шароитда туғилиб вояга етган, турлича тарбия топган ёшлар билан ишлайсиз, мана шу жойда соғлом муҳитдаги оилаларнинг қанчалик муҳим эканлигини ҳис қиласан киши. Ўзингизга маълум, оила жамиятнинг бир ажралмас бўлаги, ячейкасидир.Бунда маҳалланинг ўрни ҳам алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланади. Шу каби масалалар халқнинг номидан уларнинг қалбидаги муаммоларни олиб чиқишимга туртки бўлди ва мен маҳаллий кенгашга бўлиб ўтган сайловларда 55-Мустақиллик округидан ўз номзодимни қўйдим. Менга ишонч билдириб, номзодимни қўллаб-қувватлашди ва шундан сўнг депутатлик фаолиятимни бошлаганман.
– Депутат сифатида сизни ўйлантирадиган қандай муаммо ва тўсиқлар бор?
– Бу саволга очиқроқ жавоб беришим керак, чунки депутат бўлганимдан кейин ўзим ва оилам ҳақида эмас, кўпроқ менга ишонч билдирган сайловчиларим ҳақида ўйлайдиган бўлдим, бу муболаға эмас, айни ҳақиқат. Яшириш керак эмас, авваллари номзодлар депутат бўлиб олгунча халққа кўринар эди, кейин умуман халқнинг дарди, ташвиши билан ишлари бўлмасди. Бу ҳолат халқимиз орасида “Депутат нима ҳам қилиб берарди”, – деган фикрларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган. Шу жиҳатдан мени ўйлантирадиган муаммо – бу депутатларнинг ўзида, яъни улар халқнинг ишончини қанчалик оқлай олиши ва масъулиятни нечоғлик ҳис этишларида, деб биламан. Агар ҳар бир депутат ўз ҳудудидаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир оилага кириб борса, уларнинг дардини тинглаб, ташвишларига шерик бўла олса, муаммоларга ечим топса, ўз вазифасини сидқидилдан бажарса, аҳолини қийнаётган кўплаб муаммолар жойида ўз ечимини топади. Депутат бугун ташаббускор бўлиш билан бирга, халқнинг чин маънодаги ишончли вакилига айланиб улгурди. Тўсиққа келадиган бўлсак, шукрки, бугун депутатларга ҳеч қандай тўсиқ қолмади, десак тўғри бўлади. Фақат ва фақат Янги Ўзбекистон тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилиш талаб этилади, холос.
– Депутатлик сўровига ҳамма раҳбарлар ҳам хайрихоҳми?
– Юртимиз янгиланмоқда, халқимиз янги марраларни кутмоқда ва бу йўлда барча раҳбарлар “бир ёқадан бош чиқариб” фидокорона меҳнат қилишлари талаб этилади. Бугунги кунда ёш, фидойи, креатив фикрлайдиган билимдон раҳбарларнинг салмоғи ошиб бормоқда, лекин “гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, айрим ҳолларда депутатлик сўровига етарлича хайрихоҳ бўлмаган ёки асоссиз равишда ортга суришлар, муаммонинг ечимини топишдан кўра, ўзини олиб қочишга уринишлар кузатилади. Лекин, мен депутатлик фаолиятим давомида бундай ҳолатларга дуч келмадим. Назаримда қуйи, юқори бўғиндаги деярли барча раҳбарларимизнинг депутатларга бўлган олдинги муносабатлари бугун тубдан ўзгарган ва халқимизни қийнаётган ҳар қандай муаммоларни биргаликда ечишга тайёр.
– Маълумки, шу кунларда юртимизда Конституциявий ислоҳотларга бағишланган тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Ва табиийки, сиз ҳам ушбу тадбирларда депутат сифатида иштирок этяпсиз. Ушбу муҳим сиёсий жараёнга ёшларнинг муносабати қандай?
– Одатда қандайдир қонун лойиҳасини давлат органлари ишлаб чиқиб, кейин муҳокамага қўйилади. Бу сафар биринчи марта аввал фуқаролар таклифи олиниб, кейин қонун лойиҳаси шакллантирилди, муҳокамадан кейинги таклифлар асосида яна қайта таҳрир қилинди. Шу сабабли ҳам Янгиланаётган Конституцияда айнан фуқароларни қийнаётган кўплаб масалалар ўз аксини топди. Фуқаролар томонидан ҳуқуқий асосли, аниқ таклиф қилиб берилмаган ғоялар ҳам мутахассислар томонидан такомиллаштирилиб қонун лойиҳасига киритилди.
Конституция қабул қилишнинг энг демократик усулларидан бири — референдум асосида қабул қилишдир. Яъни бу жараёнда халқнинг бевосита иштирокини кузатиш мумкин. Айнан халқнинг ўзи овоз бериб қабул қилаётгани учун ҳам халқ Конституцияси дейиляпти. Менинг назаримда, айни пайтида амалга оширилаётган янги таҳрирдаги Конституцияда аввал халқимизнинг фикри, таклифлари икки босқичда ўрганилди, шундан сўнг Конституция лойиҳаси тайёрланди. Шу ўринда алоҳида таъкидламоқчиманки, Янгиланаётган Конституция тараққий этган давлат – Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни, барча ёшларни жипслаштирди. Албатта, ёшларимиз янги таҳрирдаги Халқчил Конституция лойиҳасини жуда кўтаринки руҳда, келажакка ишонч кўзи билан қабул қилишмоқда, ундаги ёшлар манфаатини ҳимоя қиладиган кўплаб нормаларнинг киритилаётгани барча ёшларни бирдек қувонтирмоқда.
– Маълумки, ҳар йили Тошкент шаҳар ҳокими томонидан шаҳар кенгаши депутатларига 2 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилади. Бу амалиётдан сиз қай даражада унумли фойдалана оляпсиз?
– Албатта, ушбу тажриба ўзининг ижобий самарасини бермоқда, шу билан биргаликда халқимиз орасида депутатларга бўлган ишонч янада ортмоқда. Мен ҳам бу борада ўзим сайланган ҳудуддаги муаммоларни бартараф этиш ва ижтимоий инфраструктураларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдаман. Биргина шу йилнинг ўзида 1,3 млн. атрофидаги маблағ мактабгача таълим ташкилотини замонавий типда қурилишини якунлаш ва ишга туширилишига йўналтирилмоқда, 700 млн. сўм миқдоридаги маблағ эса аҳоли, айниқса, хотин-қизларимизнинг соғлигини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни амалга оширишга йўналтирилди.
– Сўнгги сўз ўрнида айтмоқчи бўлганларингиз…
– Қувонч билан қайд этишим лозимки, охирги йилларда мамлакатимиз юртбошимиз томонидан юритилаётган оқилона сиёсат самараси ўлароқ жаҳон майдонида ўз ўрни ва мавқеига мустаҳкам эга бўлиб бормоқда. Бизни дунё ҳамжамияти тан олмоқда. Шу билан бирга, халқимизнинг турмуш тарзи ва фаровонлиги ҳам кун сайин ошиб бораётгани барчамизни бирдек қувонтиради. Айниқса, зиёли қатлам бўлган профессор-ўқитувчиларимиз ва олимларимизнинг иш ҳақлари сезиларли даражада оширилди. Бу эса, ўз навбатида, таълим сифатининг ошишига муносиб ҳисса қўшмоқда. Нафақат депутат ёки раҳбар сифатида, балки шу юртнинг бир фарзанди сифатида бундан кейин ҳам она Ватанимиз – Янги Ўзбекистонимиз тараққиёти йўлида сидқидилдан, бор куч-ғайратимни сафарбар этаман.
Шоҳида Зуфарова
суҳбатлашди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *