ВАКОЛАТ ВА МАЪСУЛИЯТ

Маълумки, кунлар совий бошлаши билан истеъмолчиларнинг электр энергия ва газга бўлган талаби ҳам ортади. Жорий йилда ҳам шундай бўлди. Ҳаттоки, талаб мутасаддилар мўлжаллаган тахминий ўлчамлардан ҳам кўпайиб кетди, десак адашмаймиз. Бу йилги аномал совуқ кунларда магистрал газ қувурлари ва тармоқларда табиий га з босимининг ҳам кескин пасайиши кузатилди. Бунинг натижасида, электр энергиясини ишлаб чиқарувчи айрим иссиқлик электр станцияларига табиий газ белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда етиб бориб, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига олиб келди. Кўплаб хонадонлар электр энергияси ва газдан узилиб қолди.

Ушбу масалаларга ойдинлик киритиш ҳамда муаммони тезда бартараф этиш мақсадида давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 6 февраль куни энергия таъминоти соҳасида назорат тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.Йиғилишда энергия етказиб бериш ва ҳисоб-китоб тизимидаги муаммолар танқидий таҳлил қилинди. Январь ойидаги совуқ бу борада бошқарув ва назорат сусайиб кетганини яққол кўрсатди. Мутасадди ташкилотлар автоматик ҳисоблаш тизими электр энергиясида 92 фоиз, табиий газ бўйича 98 фоиз ўрнатилган, деб ҳисобот берган. Лекин ҳалигача дебитор қарздорлик юқорилигича қолмоқда. Туманлардаги тармоқ идоралари электр ва газга уланишга ҳисоб-китоб ва таҳлилларсиз рухсат бераяпти. Масалан, Тошкент шаҳрининг 120 та маҳалласида трансформаторлар юкламани кўтармагани учун бир ойнинг ўзида 5-6 марталаб таъмирланган. Ҳанузгача тизимда ўғирлик жуда катта. Ресурслар хўжасизларча талон-торож қилинаяпти. Биргина декабрь ойида электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 12 мингдан зиёд ҳолатда 600 миллиард сўмлик зарар аниқланган. Автомобилларга газ қуйиш шохобчалари устидан назорат бутунлай издан чиққан.

Шулардан келиб чиқиб, энергетика соҳасида назоратни кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича янги тизим белгиланди. Бу тизимга энергетика назорати бўйича икки йил “фавқулодда тартибда” ишлаш вазифаси қўйилди. Энергоинспекция ва Мажбурий ижро бюросининг ишини такомиллаштириш, электр ва табиий газга уланишда янгича ёндашувларни жорий қилиш юзасидан топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 8 февраль куни давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрида энергетика ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, маҳаллаларни обод қилиш ва аҳоли бандлигини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Унда яна бир бор энергетика масалаларига эътибор қаратилди. Электр энергия, билан узлуксиз таъминлашда қўшимча манбалардан бири қайта тикланувчи энергия ҳисобланади. Шу сабаб Президент Тошкент шаҳрида камида 2 минг мегаватт қувватли Қуёш панелларини ўрнатиш мумкинлигини қайд этди.

Хусусан, кўп қаватли уйлар, ижтимоий объектлар ва бошқа биноларнинг том қисми, саноат зоналари, автотураргоҳ ва йирик сув иншоотлари ҳудудини қамраб олиш мумкин. Бу чоралар кўрилса, ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда кутилаётган 240 миллион киловатт соатлик қўшимча талабни 4 баробар ортиғи билан, яъни 1 миллиард 80 миллион киловатт соат
ҳажмда таъминлаш имконияти пайдо бўлади.

Президентимиз электр ишлаб чиқаришда давлат монополиясидан кетиб, рақобатли муҳит жорий қилиш зарурлигини таъкидлади. Жумладан, давлат панель ўрнатган тадбиркорлардан электрни кафолатли сотиб олади. Кейинги йилдан эса бошқа истеъмолчиларга ҳам сотиши мумкин бўлади. Аҳоли ўз хонадонида панель ўрнатса, эҳтиёжидан ортиқ тармоққа сотган электр энергиясининг ҳар бир киловатти 1 минг сўмдан сотиб олинади.

Шу боис, саноат зоналари ва йирик корхоналарда 400 миллион киловатт соатлик қуёш панелларини ўрнатиш, Юқоричирчиқ туманида 500 мегаваттли қуёш электр станциясини қуриш чоралари белгиланди. Ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида ҳам қуёш панеллари ўрнатиш, саноат корхоналарида электр йўқотишларини камайтириш, магистрал иссиқлик тармоқлари ва 1 минг 817 та кўп қаватли уйнинг ички иситиш тизимини янгилаш бўйича топшириқлар берилди. Умуман, шаҳарда қайта тикланувчи энергия жорий қилиш учун 1 миллиард доллар йўналтирилади.

Қишнинг совуқ кунларида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатларига ҳам аҳолимиздан кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Улар аҳолининг соҳадаги мурожаатларини жойига чиқиб ўрганишди. Совуқ кунларда электр энергиясига бўлган талабнинг кўпайгани трансформаторларнинг ёниб кетишига сабаб бўлди. Шунинг учун депутатлар ишни трансформаторларнинг ҳозирги ҳолатини ўрганишдан бошлашди. Дастлабки манзил Шайхонтоҳур тумани бўлди. Ҳудудий электр тармоқлари акциядорлик жамияти Шайхонтоҳур тумани электр таъминоти корхонаси мутахассисларининг маълумот беришича, совуқ кунларда 4 та нимстанция ҳамда 6 та трансформатор ёниб кетган.

Туманнинг “Катта Оқтепа” маҳалласи Хумдонсой кучасига янги трансформатор ўрнатилган. Депутатлар унинг ишлашини кўздан кечиришди. Бир қараганда ҳаммаси яхши. Трансформатор меъёрида ишламоқда. Ҳатто, аҳоли ҳам хурсанд. Аммо депутатлар унинг хавфсизлиги таъминланмаганлигига эътироз билдиришди. Ҳақиқатдан ҳам трансформатор атрофи темир панжара билан ўралмаган ва у махсус жойга ўрнатилмаган. Мутасаддилар ушбу муаммони тезда бартараф этишга ваъда беришди.

Кейинги манзил туманнинг “Белтепа” маҳалласи бўлди. Кўп қаватли уйлар олдидаги ёниб кетган трансформатор янгисига алмаштирилган. Туман электр таъминоти корхонаси мутахассиси бу ҳақда батафсил маълумот берди. Депутатлар кўп қаватли уйларнинг аҳволига жавоб берадиган бошқарув компанияси иши билан ҳам қизиқишди. Аммо бошқарув компанияси раҳбари “шунақа бўлса керак” деган жавобни бера олди, холос.

Бу тумандаги муаммоларнинг ҳаммаси эмас. Маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Ҳабибулла Абдуллаевнинг мурожаатига кўра, унинг уйидаги батареялар совуқ шу сабаб хоналар исимаётган экан. Ҳолатни ўрганиш мақсадида депутатлар иссиқлик ва газ таъминоти корхоналари вакиллари билан бирга фуқаронинг уйини кириб кўришди. У маҳалладаги 3-уйда истиқомат қилар экан. Фуқаро хонадонига киришар экан, депутатлар уйнинг йўлаклари ҳам таъмирталаб эканлигига эътибор қаратишди. Хонадонни кўздан кечира туриб, меҳмонхонанинг батареяси иссиқ, ётоқ ҳонаники эса совуқ эканлиги қайд этилди. Бу муаммони бартараф этиш ўрнига бошқарув компанияси раиси ҳамда иссиқлик таъминоти ходими айбни бир-биридан қидиришди. Депутатларнинг фикрларидан сўнг, улар муаммога ечим топишга ваъда беришди.

Депутатлар, шунингдек, Чилонзор туманининг 7-мавзесидаги “Боғизор” ва “Оқтепа” маҳаллаларида жойлашган кўп қаватли уйларнинг ҳам ҳолатини ўрганишди. Манзилга етиб борганимизда уйлар иссиқлик сақловчи махсус плиталар билан қопланаётганига гувоҳ булдик. Мазкур базальт қоплама кўп қаватли уйларни қишда совуқ, ёзда иссиқ бўлишдан сақлайди. Чилонзор туман Энергия таъминоти мутахассисининг сўзларига кўра, Оқтепа маҳалласида 3300 дан ортиқ истеъмолчи бор. Уларнинг хонадонларини энергия билан таъминлаш мақсадида бу ерда ҳам янги трансформатор ўрнатилган.

Бундан ташқари, депутатлар Учтепа туманидан тушган мурожаатни ҳам ўрганишди. Мурожаатда айтилишича, бу ерда ҳам электр энергия ва газ бўлмаган. Мутасаддилар шароитни яхшилаш устида иш олиб боришаётганини айтишди. Уларнинг сўзларига кўра, муаммони бартараф этиш учун янги қозонхона очиш режалаштирилган. Бу эса туман аҳолисини нафақат электр энергия, балки табиий газ билан ҳам узлуксиз таъминлашга ёрдам беради.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари аҳолининг коммунал соҳадаги мурожаатларини ўрганишда давом этади. Эндиликда ҳар ҳафта пойтахт туманларидан келган мурожаатлар депутатлар томонидан жойига чиқиб ўрганилади.

Ҳусниддин Эргашев,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *