Бироз олдин турк тилида бир хабар ўқиб қолдим.
Унда шундай дейилади:

Голландияда сунъий уруғлантириш орқали фарзанд кўриш аллақачон ва анчайин ривожланиб кетган тиббий соҳалардандир. Бу ерда турмуш қурмаган аёллар ҳам бемалол фарзандли бўлиши мумкин.

Энг даҳшатлиси, эркаклар ўз “имкониятини” таклиф қилиш, яъни оталик учун донор вазифасини ўташ билан ҳеч қачон ўзи танимайдиган, исмини ҳам, ўғил-қизлигини ҳам билмайдиган ўнлаб, юзлаб болаларнинг дунёга келишига сабабчи бўлади.

Ана шундай донорлардан бири Жонатан М. исмли шахс 2007 йилдан бери аёлларнинг сунъий равишда ҳомиладор бўлишига ўз “ҳиссаси” ни қўшиб келар экан.

2017 йилда унинг 100 нафар болага “оталик қилгани” маълум бўлгач, суд унга бу соҳада донорлик қилишни тақиқлаб қўяди.
Бироқ 41 ёшли “шоввоз” тақиқларга қарамай, мижозларга ва клиникаларга ёлғон маълумотларни тақдим этиш билан шу пайтгача ўз “фаолияти” ни давом эттириб келган.

Ҳатто интернет орқали аёлларнинг ишончини қозониб, хизматини таклиф қилиб келган. Унинг донорлигида фарзанд кўрганлар орасида чет эллик аёллар ҳам бўлган.

Сперма донорлиги йўли билан туғилган болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тузилган ташкилотлардан бири мазкур шахс устидан судга шикоят қилгач, олиб борилган суриштирувлар натижасида бу унинг бугунгача 550-600 нафарга яқин боланинг биологик отаси бўлгани маълум бўлади.

Голландия қонунларига кўра бир эркак 12 оилага, жами 25 болага донор-оталик вазифасини ўташи мумкин экан.

Суд маҳкамаси Жонатан М.яна бир бор бу “иш”га қўл урган тақдирда ундан 100.000 евро жарима ундирилиши ҳақида ҳукм қилди.

АЛҲАЗАР
Бир отадан бўлган (ва кимдан бўлганини билмайдиган) 550 нафар бола…
Улар улғайганда бир-бири билан
(ака-сингил, опа-укалигидан бехабар ҳолда) турмуш қуриб қолса нима бўлади?
Тасаввур қилиш ҳам қўрқувга солади одамни.

Ривожланмаган давлатларда жаҳолат, ривожланган мамлакатларда залолат ҳукм суриб, инсонлар инсонлик чегараларини бузиб, ҳаддидан ошиб, тобора тубанлашиб бораётган мушкул, имтиҳони зўр бир даврда яшамоқдамиз…

Инсоният бошига ўз амали туфайли келадиган фалокатлардан, қазоларнинг энг қўрқинчлиси, балоларнинг энг оғиридан бизни Ўзинг асра Аллоҳ!
Ўзинг адаштирма!

Muallif Sitora Alixonzoda
Turkiya

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *