Заминдан қалбларга кўчган зилзила

“Вайроналар остида болам бор…”

“Онамни кўрмадингизми?”

“Биз жуда совуқ қотдик”

“Бизни ташлаб кетманг”

“53 соатдан кейин қутқарилган бола”… Туркия, Сурия томонлардан янграётган бу нолалар биздан узоқларда бўлсада, юракларни ларзага солаяпти. Биз қалбан уларга қўл чўзаяпмиз, дуоларда эслаяпмиз ва… ҳаёт, инсон умри ва одамзод ҳақидаги хулосаларимиз ўзгарди. Харитада ҳудудлар алоҳида ранглар билан берилган, ҳар бир мамлакатни остонасида мард ўғлонлари бор, ҳатто осмонларга ҳам чегара чизганмиз. Аммо кутилмаган (аслида, балолар кутилмайди) офат ҳаммасини бир зумда инкор этди. Биз ерликлар – масофалар олис, одамлари нотаниш, тиллари айро аммо қалблари туташиб кетган ОДАМлар эканлигимизни англадик. Қани энди бу ҳақиқатни балоларсиз англасак эдик, қани энди заминни зир титратган бу дард инсониятга амал қиладиган хулосалар берса…

2023 йил 6 февраль. Туркиядан тарқалган нохуш хабар дунёни титратди. Тарих бу кунни унутмайди.

“Туркияда 7,4 магнитудали зилзила юз берди. Мамлакат жануби-шарқидаги Шанлиурфа вилоятида вайронагарчилик кузатилди”, дея бошланувчи хабарлар кундан-кунга манзиллар ва рақамлар ўзгариши билан янгиланиб бормоқда. Маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, бу ер силкиниши Туркиянинг яна кўплаб ҳудудларида хусусан, Анқарада ҳам кузатилган. Туркия Фавқулодда вазиятлар давлат бошқармасининг аниқлик киритишича зилзила Қаҳрамонмараш вилоятининг Пазаржик туманида маҳаллий вақт билан соат 04:17 да (Тошкент вақти билан 06:17) 7. км чуқурликда содир бўлган. Шундан сўнг силкинишлар мамлакатнинг турли ҳудудларида – Адана, Анқара, Антакия, Газиантеп, Кайсери, Мерсин, Трабзон, Шанлиурфада ярим соат давомида сезилиб турди.

Ал Арабия телеканалининг хабарига кўра, ер силкинишлари Ироқ ва Ливаннинг айрим ҳудудларида ҳам сезилган.

Дастлаб 4 вилоятда вайронагарчиликлар қайд этилган. Дастлабки маълумотларга кўра, Туркия жануби-шарқида, Сурия билан чегара яқинида юз берган зилзила оқибатида 76 киши, қўшни Сурияда эса 50дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Кейинчалик силкинишлар пойтахт Анқара ва Туркиянинг бошқа шаҳарларида, шунингдек, бутун минтақада — Кипр, Ливан ва Сурияда сезилган. Туркия Ички Ишлар вазири Сулаймон Сойлу мамлакатнинг 10 та шаҳарлари Газиантеп, Қаҳрамонмараш, Ҳатай, Усмония, Адияман, Малатя, Шанлиурфа, Адана, Диёрбакир ва Килис жиддий зарар кўрганини маълум қилди.

Кейинги маълумотларга кўра, Туркиянинг зилзила содир бўлган шаҳарлари қаторига Невшеҳир, Мерсин, Ҳатай, Кайсери ҳудудлари ҳам қўшилди. Бундан ташқари Ироқ,Ливан, Исроилнинг айрим ҳудудларида ҳам ерости силкинишлари рўй берган. Бу вақтга келиб, қурбон бўлганлар сони умумий ҳисобда 300дан ошган эди. Жароҳат олганлар Туркияда 440 киши, Сурияда 600 кишини ташкил этди.

Минтақада содир бўлган табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида Греция, Европа Иттифоқи, Исроил, Украина, Ўзбекистон каби қатор мамлакатлар ёрдамга тайёр эканликларини билдиришди.

Туркия ҳукуматининг маълумотларига кўра, мамлакатнинг турли шаҳарларида камида 1710 та бино шикастланган ёки вайрон бўлган. Вице-президент Фуат Ўқтой маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар 280 кишидан ошган, жароҳат олганлар 2000дан ошган.

«Мамлакатимизда рўй берган зилзилалар туфайли 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди. 12 февраль, якшанба кунигача барча миллий ва хорижий идораларимиздаги байроқлар қуёш ботгунга қадар тушириб қўйилади», дейди Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған.

Ҳозирги пайтдаги энг сўнгги хабарларга кўра, зилзила қурбонлари сони 10 мингдан ошиб кетди. Туркия расмий хабарларига кўра, 8574 киши ҳалок бўлган. Жароҳатланганлар 49 133 кишини ташкил этмоқда. 6440 та бино қулаган.

Сурия давлат нашрларининг сўнгги маълумотларига кўра, камида 2500 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Бу рақамлар ҳали якуний статистика эмас, чунки харобалар остида қолганларни қишнинг совуқ кунларида ер остидан тирик ҳолда топиш анча мушкул вазифадир. Ҳалокат ўчоқларида қарийб 100 минг қутқарувчи, жумладан кўнгиллилар ва бошқа мамлакатлардан келган минглаб мутахассислар фаолият олиб бормоқда.

ЖССТ вакили Аделхайд Маршангнинг сўзларига кўра, Туркия ва Суриядаги зилзила оқибатида 23 миллион киши жабр кўрган бўлиши мумкин.

Маълумот ўрнида, Туркия дунёдаги энг фаол сейсмик зоналардан бирида жойлашган. 1999 йилда мамлакат шимоли-ғарбидаги Измит минтақасида қайд этилган кучли зилзила оқибатида 17 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлганди.

Содир бўлган нохуш ҳодиса сабабли Туркияда 12 февралга қадар умуммиллий мотам эълон қилинди.

Мазкур воқеалар дунё ҳамжамиятида, хусусан, халқимизда ҳам жиддий саволларга сабаб бўлди: Ўзбекистонда бундай нохуш ҳолатлар кузатилса, биноларимиз табиий офатларга қанчалик чидамли? Ҳозирги кунда қурилаётган бинолар неча магнитудагача дош бера олади?

Саволлар кўп. Масала аниқ. Биз ижодий жамоамиз билан газетамизнинг кейинги сонларида албатта жавоб ёзамиз.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *