Ўзбекистонда суғурта тизими, келиб чиқиши ва ривожланиш тенденцияси

Ривожланиш босқичида яшаб борар эканмиз, баъзан телевидение, радио ёки кўча-кўйда “Машинангиз, уйингиз ёки бирор бир қимматбаҳо нарсангизни суғурта қилинг” дея даъват этишлари қулоғимизга чалинади. Ҳатто, баъзида “Ҳаётингизни суғурталанг” дея бонг ураётганларга ҳам гувоҳ бўламиз. Хўш, аслида суғурта ўзи нима? У бизга нега керак? Ҳақиқатдан ҳам биз унга муҳтожмизми? Қуйида шу хусусида фикр юритамиз.

Суғурта нима?
Аввало, суғурта термини нимани англатиши, унинг ҳаётга қай тарзда кириб келганлиги ва бугунги кундаги моҳиятига эътибор қаратсак. Суғурта — турли хил табиий офатлар (зилзила, сув тошқини, ёғин ва бошқалар) ёки бахтсиз ҳодисалар натижасида кўрилган зарарни қоплаш ва бошқа пул қопламалари билан тўлаш учун мақсадли пул жамғармаларини ташкил этиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ иқтисодий муносабатлар тизими. Шунингдек, Суғурта кўп асрлик тарихга эга. Дастлаб ўрта асрларда, денгиз савдосида дуч келинаётган хавф-хатарлар суғурта муассасаларининг пайдо бўлишига туртки бўлди. Кейинчалик, бошқа соҳаларга ҳам аста-секин кириб кела бошлади. Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг турли босқичларида суғурта фуқароларнинг манфаатларини ишончли ҳимоя этувчи восита саналган.
Миллий иқтисодиёт захира жамғармасининг муҳим ва ўзига хос бўғини ҳисобланган суғурта жамғармаси миллий иқтисодиётни турли тасодифлардан молиявий ҳимоя қилади. Юқори кўрсаткичли баъзи ривожланган мамлакатларда суғурта тизими тараққиёти юқорилаган бўлиб, ушбу мамлакатлар ялпи ички маҳсулотида суғурта бадалларининг ҳажми ўртача 8—12 % ни ташкил этмоқда.

Суғуртанинг қандай турлари мавжуд?
Суғурталанаётган объектга нисбатланиб ҳозирги кунда жамиятда 3 хил турдаги суғурта мавжуд. Юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкий манфаатлари, бинолар, экинлар, уй ҳайвонлари, мол-мулк ва транспорт воситаларини суғурталаш мулкий суғурта тури ҳисобланиб, ундаги мулкчилик шакли ва суғурталанувчи тоифаларидан келиб чиқиб, у ҳам ўз ичида бир нечта тармоқларга бўлинади: давлат корхоналари мулки суғуртаси, жамоа хўжаликлари, ижарачилар, ширкатлар, хиссадорлик жамиятлари ва жамоатчилик ташкилотлари мулки суғуртаси ҳамда фуқаролар мулки суғуртаси.
Инсон ва унинг соғлиғини, ҳаётини ҳамда меҳнат қобилиятини суғурталаш шахсий суғурта ёки фуқароларнинг ҳаёт даражаси суғуртаси деб юритилади. Унинг ҳам икки тармоғи мавжуд: ишчилар, хизматчилар ва жамоа хўжаликлари аъзоларининг ижтимоий суғуртаси ҳамда фуқаролар шахсий суғуртаси.
Сўнгги тури учинчи шахслар олдидаги жавобгарлик суғуртаси бўлиб, унга транспорт эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини, кредит олувчиларнинг банк олдидаги кредитини ўз вақтида қайтариш жавобгарлигини суғурталаш ва бошқалар яққол мисол бўла олади. Жавобгарлик суғуртаси қуйидаги тармоқларга эга: қарз суғуртаси ҳамда етказилган зарарни қоплаш суғуртаси. Бу фуқаролик жавобгарлиги суғуртаси ҳам деб юритилади.
Суғурта амалга оширилиш тартиби асосан, ихтиёрий ёки мажбурий бўлиши мумкин. Мулкий ва шахсий суғурта баъзи истиснолардан ташқари барча учун ихтиёрий ҳисобланади ва ҳеч қандай шахс ёки ташкилот сизни бунга мажбурлай олмайди. Истисно ҳолатларга ҳарбий хизматчилар ва мажбурий ҳарбий хизмат таркибидагилар, шунингдек, ички ишлар ва хавфсизлик органлари ходимлари, оғир саноат тармоқлари ва транспорт тармоқлари хизматчилари ўз хизматларини ўташ давомида, ҳарбий йиғинлар даврида жароҳатланиш, касалланиш ва ўлим ҳолатлари юз бериш эҳтимоли юқори бўлганлиги боис улар учун шахсий суғурта мажбурий тарзда тузилади. Жавобгарлик суғуртаси эса мажбурий тарзда тузилади. Мажбурий суғурта ҳам давлат суғуртаси шаклларидан бири бўлиб, қонун асосида белгиланган шартларга биноан, давлат суғурта ташкилотлари томонидан ўтказилади.
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги корхоналари бўйича тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар қайтарилиши учун қишлоқ хўжалиги корхоналарининг жавобгарлиги; қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ишларини ўтказиш учун аванс тариқасида бериладиган ва фьючерс шартномалари бўйича маблағлар қайтарилиши; қишлоқ ва шаҳарда гаровга қўйилган мол-мулк; қишлоқдаги транспорт эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги ва бошқалар мажбурий тартибда суғурталанади.
Мажбурий суғурта бўйича суғурта ташкилотлари қонунда кўрсатилган суғурта ҳолатлари юз берганда, етган зарар миқдорини суғурта қилдирган шахсга ёки суғурта қилинган мол-мулкнинг эгасига тўлайди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, «Oʻzagrosugʻurta» давлат-акциядорлик суғурта компанияси, «Oʻzbekin-vest» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси Ўзбекистон Республикасида Мажбурий суғуртани амалга оширувчи энг йирик компаниялар ҳисобланади.
Мажбурий суғурта муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг Суғурта» тўғрисида» (1993-йил 6-май), «Суғурта» фаолияти тўғрисида» (2002-йил 5-апрель) қонунлари билан тартибга солинади.

Бу борада янада батафсил маълумот олиш учун Тошкент молия институти Суғурта ва пенсия иши кафедраси доцент вазифасини бажарувчи, PhD соҳибаси Наргиза Якубовага мурожаат қилдик.


— Суғурта шартлари, тартиби, объектлари ҳамда турлари мамлакат қонунчилиги асосида белгиланади. Мустақилликдан аввал Собиқ Иттифоқ даврига тўғри келган 1918-1991 йилларда Ўзбекистон Республикаси суғурта фаолияти, собиқ Иттифоқ миқёсида ягона бўлган „Госстрах“ давлат суғурта идораси ва унинг иттифоқдош республикалардаги бошқармалари ҳузурида амалга оширилган. 1991 йилдан Ўзбекистон Республикасида ўтказилган чуқур иқтисодий ислоҳотлар жараёнида бозор иқтисодиётига ўтишнинг дастлабки босқичларида давлат суғурта органлари қайта ташкил этилди, уларга рақобатдош турли суғурта компаниялари ва агентликлари вужудга келди. Суғурта хизмати бозори, суғурта фаолиятининг асосий йўналишлари, ҳуқуқий қонунчилик асослари яратилди. 1993 йил 6 майда Ўзбекистон Республикасининг „Суғурта тўғрисида“ қонуни қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 25 февралдаги фармонига асосан Молия вазирлиги ҳузурида фаолият кўрсатиб келаётган Давлат суғурта бош бошқармаси „Ўзагросуғурта“ суғурта компанияси шаклида қайта ташкил этилди. Шу йўсинда „Кафолат“ суғурта компанияси, „Мадад“ суғурта агентлиги, „Ўзбекинвест“ экспорт-импорт миллий суғурта компанияси ва бошқа турли суғурта компаниялари ўз фаолиятини бошлади.
– Қандай ҳолатда жабрланувчига етказилган зарар учун жавобгар шахс номаълум деб топилади?
– Транспорт воситаси ҳайдовчиси бирон-бир эҳтиёж билан дўконга, бозорга, ресторанга кириш учун транспорт воситасини қолдириб кетиши натижасида транспорт воситасига зарар етганда ёки йўлда бошқариб кетаётганда зарар етказган транспорт воситаси ҳайдовчиси воқеа жойидан қочиб кетганда, айбдор шахсни аниқлаш имкони бўлмаса ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ва барча чора-тадбирлар олиб борилади ҳамда айбдор шахсни қонунда белгиланган ҳолда аниқлашнинг имкони бўлмаса, ЙҲХБ ходимларининг қарори асосида жабрланувчига зарар етказган шахс номаълум деб топилади.
– Агар мажбурий суғурта объекти бир вақтнинг ўзида ихтиёрий суғурта бўйича ҳам суғурталанган бўлса, бундай ҳолларда суғурта тўлови қандай амалга оширилади?
– Биринчи навбатда, мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта товони тўланади, етказилган зарарнинг мажбурий суғурта шартномаси бўйича
қопланмаган қисми ихтиёрий суғурта шартномаси бўйича қопланади.
2021 йилнинг 23 ноябрь куни Президент Ўзбекис- тон Республикасининг “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун 10 та боб ва 72 та моддадан иборатдир. Бундан кўриниб турибдики, эндиликда бу тизимда ўтган йилларга нисбатан сезиларли даражада ўзгаришлар мавжуд ва ҳар бир инсон ўз ҳуқуқларини билиши лозим бўлганидек, суғурта бўйича ҳам барча ҳақ-ҳуқуқларини билишлари зарурдир
Дилнура тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *