Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ: “ЁШЛИК – ХАТО ЭКАНЛИГИНИ БИЛА ТУРИБ, СИНАБ КЎРИШДИР”

Абдунаби Бойқўзиев 1954 йил Андижонда туғилган. Тошкент Давлат Университетини тамомлаган. Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриётида, “Муштум” журналида, “Совет Ўзбекистони”, “Халқ сўзи”, “Оила ва жамият” газеталарида фаолият юритган. “Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Кўзи дарёйим”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш” номли китоблари чоп этилган.

Абдунаби ака кўнгил одами… Шу боис ҳам кўнгилдан тўкилганлари кўнгилларни ҳаяжонга солади. Яна бу инсон суҳбатда самимий, рост сўзнинг ошиғи!

Қозоқбой Йўлдошнинг «Кўнгил суратлари» мақоласидан

А. Бойқўзиев: “Сиз мени шоир деб ҳисоблайсизми?”

Журналист: “Ҳа!”

А. Бойқўзиев: “Мен ҳали ўзимни шоир бўлдим дея олмайман-да. Шоирлик катта мартаба-да! Қайсидир ижодкорларга солиштирганда хурсанд ҳам бўламан. Бироқ, шундай шоирлар борки, уларнинг ижод намуналарини кўриб шоирман дейишга хижолат бўласан киши. Шеъриятда гуриллаб бир давр келди: Усмон Азим, Азим Суюн, Хуршид Даврон, Шавкат Раҳмон… Бу авлод келганда баъзилар ўйланиб қолди. Кўпчиликни “Шоир бўла оламанми?” деган савол қийнарди. Табиийки, менда ҳам шу каби саволлар ғужғон. Ҳаммасига қўл силтаб йўналишимни ўзгартирмоқчи эдим. Собиқ Ленинград ҳозирги Санкт-Петербург шаҳрига ўқишга жўнаб кетдим. Ўша пайтда биринчи китобимни нашрдан чиқаришга деярли тайёрлаб бўлган эдим. Бироқ барчасини ташладим-у кетдим. Шоир Муҳаммад Юсуф ҳазиллашиб: “Сен яхши шоирсан, фақат ўзинг билмайсан-да”, дерди. Мен бошқа шаҳарда ўқиб юрибман, бу ердаги ишлардан хабарим ҳам йўқ. Дўстим Муҳаммад Юсуф қўлёзмаларимни уйдан олиб кетиб, номимдан ариза ёзган ва босмахонага топширган. Шу тариқа илк китобимни дўстим нашр эттирган.

Устозларга эҳтиром

– Ўзимни журналист деб ҳисоблайман. Мени ҳаяжонга солган воқеалар публицистика соҳаси билан боғлиқ. Маҳалламиздаги почтачи Собиржон аканинг: “Газетада мақоланг чиқди”, дея берган хабари ёшлигимнинг ёрқин хотираси. Айниқса, ўафур ўулом номли Адабиёт ва санъат
нашриётида фаолият юритган пайтимизда Одил Ёқубов, Иброҳим ўафуров, Маҳкам Маҳмудов, Ҳамид ўулом домлалар… Уларнинг ижодлари, ишга муносабати, панду насиҳатлари бир олам эди. Бу ижодкорларнинг ҳар биридан қарздорман, берган билимлари учун чексиз миннатдорман.

Ёшлик хатолари билан гўзал

– Кўпинча ёши каттароқ кишилар, давр ёшларидан сал нолиброқ гапиришади. Аслида ёшлик шуниси билан гўзал. Қариганда одам ўзидан ўзи ақлли бўлиб қолмайди. Ўша билиб-билмай қилган хатолари тажрибага айланади. Ёшлик хато қилиб қўяман, адашаман демайди. У тентак сойдай… хато эканлигини билиб туриб ўша ишни қилади. Лекин бир куни тинади. Ёшлар ҳар даврда ҳам шундай бўлган, шундай бўлиб қолаверади. Қонуни шундай! Яна ёшлик ўз пайтида ўзининг қиёфасини топиб олаверади. Қани энди ўша давр туйғулари сақланиб қолса…

…тугаб бораётган фасллар

– Умрнинг баҳори қайтмайди. Энди тушундим, англадим, деганимизда вақтнинг ҳукми билан ҳаётимизнинг бошқа фаслларини яшаётган бўламиз. Умр жуда тез ўтиб кетаркан… Шу сабабдан улгуриш керак экан. Айтилиши керак бўлган гаплар айтилсин, қилиниши керак бўлган ишлар қилинсин. Эртага ҳаётимизнинг тугаб бораётган фаслларини яшаётганимизда шунчаки бироз жасорат етишмаганлиги кўнглимизни хира, мақсадларимизни кемтик қилмасин. Ўтган умрни эслаб, орқага ўгирилганингизда виждон қийналмаслиги керак.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *