AБИТУРИЕНТ – 2023

Бундан роппа-роса 3 йил олдин менинг ҳаётимда энг ҳаяжонли дамлар бошланган эди. Ёзнинг биринчи ойидан бошлаб менга юкланган масъулиятнинг қанчалик муҳим эканлигини ҳис қилганман.


Ҳа, бу сиз тахмин қилганингиздек, абитуриентликдан талабаликкача бўлган ўтиш даври. «Имтиҳондан қандай ўтаман?», «Йиқилсам нима бўлади?», «Контракт бўлармикин ёки грантми?», деган саволлар ҳар йили ҳар бир абитуриентни қийнайди.
Мамлакатимизда охирги йилларда деярли ҳар йили олий таълим муассасасига кириш имтиҳонларига оид янгиликлар қабул қилинмоқда. Бу йил ҳам қабул жараёнларида янгиликлар, имтиёзлар, қулайликлар мавжудми?
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов бу йилги қабул ҳақида энг сўнгги янгиликларни маълум қилди:
– Бу йилги қабул параметрларида 381 минг қабул бўлиши режа қилинган. Шундан 60 минги грант ўринлари бўлади;
40 дан ортиқ ОТМларга мустақиллик берилган, улар тўлов-контракт учун қабулни ўзлари белгилайди;


Эҳтиёжманд оиладаги хотин-қизларга бериладиган тавсиянома кимларга берилади?
Кам таъминланган оила фарзанди бўлган қизларга;
Ота-онасидан бири ёки иккаласи ҳам вафот этган оила қизларига;
Ногирон фарзанди бўлган, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга;
14 ёшгача бўлган 2 ва ундан ортиқ бола ўстираётган ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандларига;
Ота-онасининг ногиронлиги бўлган қизларга;
Фарзандини ёлғиз тарбиялаётган оналарга.



Жами 1,2 млн. абитуриент ҳужжат топшириши кутиляпти. Имтиҳон учун 92 та бино танлаб олинган, тест пайти абитуриентлар билан келган ота-оналар, яқинларига кутиш учун шароитлар қилинади.
Бу йил магистратурага қабул фақат бир марта бўлади. 53 та ОТМда ижодий (касбий) имтиҳон бўлиб ўтади. Ижодий имтиҳон олинадиган аудиториялар, майдонлар тайёрланяпти.
Кўзи ожиз, эшитишда нуқсони бор абитуриентлар-дан ижодий имтиҳон олиш учун махсус мутахассислар қўйиляпти. Имтиҳон зоналари кузатув камералари билан таъминланади.
Кўпчиликка қизиқ бўлган баъзи саволлар ва уларнинг тўлиқ жавобларини бир ерга жамладик:
Тавсиянома эгаларига қачон етказилган?
Аризалар 10 июнгача кўриб чиқилган ва 14 июнгача электрон шаклда тайёр қилинди. 15 июнгача тавсияномага лойиқ кўрилган ҳамма талабгорга ўз тавсияномаси етказилди.
Жорий йилда нечта олий таълим муассасасини (таълим йўналишини) танлаш мумкинми?
Абитуриентлар рўйхатдан ўтишда фанлар мажмуаси ва кетма-кетлиги бир хил бўлган 5 тагача таълим йўналишини танлашлари мумкин.
Бунда 5 та таълим йўналишини бир олий таълим муассасаси ёки турли олий таълим муассасалари доирасида танласа бўлади.
Таълим йўналишларини турли таълим шакллари доирасида танлаш мумкин. Мисол учун биринчисини кундузги, иккинчисини кечки, учинчисини сиртқи, тўртинчисини масофавий.
Шунингдек, абитуриентлар танлов устуворлигини ҳам танлайдилар: “давлат гранти“ ёки “таълим йўналиши”.
Мандат имтиҳон кунидан кейин 1 ҳафтада чиқадими?
Абитуриентлар тест синовида иштирок этган кунининг эртасигаёқ ўз натижасини билиб оладилар.
Бунда абитуриентнинг жавоблар варақаси рангли сканер қилиниб, шахсий кабинетига жойлаштирилади ва у ерда нечанчи саволга қайси жавоб белгилангани, бу жавоб тўғри ёки нотўғри эканлиги кўрсатилади.
Тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг бир ҳафта ичида абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмагани бўйича якуний танлов натижалари эълон қилинади.
Кириш имтиҳонлари куннинг қайси қисмида ўтказилади?
1-смена соат 08:00 дан, 2-смена эса 15:00 дан бошланиши режалаштирилган. Имтиҳон ёпиқ бинода ўтаётгани сабабли имтиҳонларни ўтган йилгидек куннинг кечки қисмида 19:00 да бошлашга эҳтиёж йўқ.
3 йиллик танаффусдан кейин тест синовлари яна ёпиқ биноларда ўтказиляпти.
Имтиҳон учун 92 та катта сиғимли ёпиқ бино танлаб олинган. Бир сменада 44 минг абитуриент тестда қатнашади.
Касбий-ижодий имтиҳони бор йўналиш танланса, фақат битта жойга топшира оладими, бошқа йўналишларни танлаб бўлмайдими?
Ҳа, фақат 1 та йўналишга топшира олади. Бешта йўналишни танлаш ҳуқуқи фақат тест синовлари топшириладиган ОТМлар учун амал қилади, холос. Ҳозирча касбий-ижодий имтиҳонлар ўтказиладиган йўналишлар учун бундай имконият йўқ.
Кейинги ўқув йилидан абитуриентларга ҳужжат топшираётганда эмас, балки кириш имтиҳонида тўплаган балли аниқ бўлгандан кейин йўналишларни танлаш имкони берилиши мумкин. Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг маълум қилишича, ҳозир бу тартиб ишлаб чиқиляпти.


Кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 талабага Президент гранти берилади.
Кундузги таълим шакли имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 талаба Президент грантини олади. Имтиҳонларда тўплаш мумкин бўлган максимал балл – 189 балл. Агар талаба контрактга қабул қилинган бўлса ҳам, Президент грантига лойиқ кўрилса, грант асосида ўқийди.
Президент гранти стипендияси талабага 1-курсдан ойма-ой тўланади. Лекин агар талаба бирорта фанини «аъло» баҳога ёполмаса ҳам, кейинги семестрда Президент гранти стипендиясини эмас, оддий стипендия олади. Кейинги семестрни «аъло» баҳога ёпса, талаба яна грант стипендиясини олишда давом этади. Бу стипендия миқдори Президент стипендияси билан бир хил. Ўқишни тугатгунча грант стипендиясини узлуксиз олган талабалар ўз соҳаси бўйича магистратурага грант асосида имтиҳонсиз қабул қилинади.



Маълумот учун: абитуриентларда 5 та таълим йўналиши ва таълим шаклларини танлаш имкони бор. Фақат бу танлов ҳужжат топширилаётган пайти қилиниши керак.
Ногиронлиги бор абитуриент қандай имтиёзларга эга?
Бу йилги қабулдан абитуриентлар учун мўлжалланган барча маълумотлар ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай форматда бўлиши лозим.
Ногиронлиги бор абитуриентлар кириш имтиҳонида қатнашиш учун тўланадиган 165 минг сўмлик тўловдан озод этилган.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бор фуқароларга умумий қабул квотасининг 2 фоизи миқдорида грант ўрни ажратилади. Бу 2 фоизлик квота йўналишлар доирасида тақсимланади. Имтиёздан фойдаланиш учун абитуриент максимал баллнинг камида 30 фоизини (56,7 балл) тўплаши керак.
Кўзи ожиз абитуриентлар учун олий таълим муассасалари томонидан махсус имтиҳон ташкил этилади.
Ногиронлиги бор фуқароларга 2023/2024-ўқув йилидан “Махсус педагогика, дефектология” йўналишида магистратура учун тўлиқ давлат гранти берилади.
ОТМларда ўқиётган ногиронлиги бўлган талабаларга таълим жараёнида кўмаклашиш учун унинг яқинларидан бирига ОТМда ёнида бирга бўлиш учун шароит яратилиши керак.

Тестларни тўғри ишлашни 7 усул орқали ўрганинг!
Имтиҳон асосан 4 вариантли тест кўринишида бўлишини ҳисобга олиб, сизларни шу турдаги тестларни тўғри ишлаш усуллари билан таништириб ўтамиз.

  1. Тестдаги савол ва савол шарти билан яхшилаб танишинг.
    Саволдан ташқари, саволнинг қўшимча шарти бўлиши мумкин. Саволнинг шартига яхшилаб эътибор беринг. Жавоб вариантларга тўғридан-тўғри сакрамасдан, шарти билан яхшилаб танишинг. Саволнинг бироз чалғитувчи шартлари бўлиши мумкин.
  2. Аввалига осон саволларга жавоб беринг.
    1-қадамдан сўнг осон саволларга жавоб бериб чиқинг. Бу сизга имтиҳоннинг саволлари, формати ва қийинчилиги билан танишиб чиқиш имконини беради. Энг муҳими эса тест бошланиши биланоқ бир қанча саволларга тўғри жавоб беришингиз, ўзингизга ишончни кескин оширади.
  3. Жавобларни хаёлда топишга ҳаракат қилинг.
    Саволни ўқинг ва жавоб вариантларини қўлингиз ёки бир парча қоғоз билан беркитиб, хаёлингизда энг яхши жавоб нима бўлиши мумкинлигини ўйланг. Ўхшаш вариантлар одатда чалғитиб юборади. Олдиндан ўйлаб олсангиз, шундай чалғиб қолишдан сақланасиз.
  4. Ҳар бир жавоб вариантини ўқинг.
    Ҳамма вариантларни ўқинг. Жавоб тўғри кўриниши мумкин, лекин сиз топган жавобдан ҳам тўлиқроқ ва аниқроқ жавобни ташлаб кетаётган бўлишингиз мумкин.

5️. “Чиқариб ташлаш” усулидан фойдаланинг.
Агар савол сизга қийин туюлса ва тўғри жавобни билмасангиз, нотўғрилиги аниқ бўлган жавоблар устидан ручкада чизиб ташланг. Қолган вариантлар орасидан жавобни белгилашингиз, тўғри жавобни топишингиз эҳтимоллигини оширади.

6️. “Барча жавоблар тўғри” шаклидаги саволлар
Айтайлик, “барча жавоблар тўғри” деган жавоб варианти бор. 2 та жавоб тўғрилигини билсангиз, “барча жавоблар тўғри” деган вариантни танлайверинг.

7️. Ҳар бир саволга жавоб беринг.
ДТМ тизимида нотўғри жавобларга жарима берилмайди, яъни нотўғри жавоб учун балл айириб ташланмайди. Шундай экан, барча саволларга жавобларни белгиланг. Тўғри жавобларни топиш эҳтимолингиз ошади.
Умида ҲАҚБЕРДИЕВА тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *