АЛИШЕР НАВОИЙ ИЖОДИ ДУНЁ ОЛИМЛАРИ ТАЛҚИНИДА

Шарқ – улуғ мутафаккирлари билан янада салобатли, янада фазилатли. Тарихимизда шундай номлар борки, уларнинг ҳар бири дунё тамаддунига ўзининг илми билан муносиб ҳисса қўшган. Алишер Навоий нафақат Шарқ, балки дунё адабиётида ҳам асрларга татигулик асарлари билан ном қолдирган.

Биз навоийшунос олим, Нью-Йорк Метрополитен музейи тадқиқотчиси Афтондил Эркинов билан Навоий ижодининг хорижий мамлакатлардаги ўрни ва аҳамияти хусусида суҳбатлашдик.

– Хориж мамлакатларида Навоий ижодига қизиқиш қачондан уйғонган?

­– Навоий ижоди XVII асрдан бошлаб ғарб олимларининг диққат марказида бўлиб келмоқда. Таассуфки, ХХ асрда ҳукм сурган шўро тузуми туфайли барча соҳалар қатори маънавий ва илмий алоқа чегаралари ёпилди. Натижада, биз хориждаги ўзбек адабиёти тадқиқотчилари ва уларнинг ишларидан, кўп жиҳатдан, бехабар ҳамда бебаҳра қолдик. Эндиликда ғарб-у шарқ олимлари ва улар яратган илмий маҳсулот билан танишиш имкони кенгайиб бормоқда.

– Хорижий давлатларда Навоий ва унинг ижоди билан боғлиқ қандай илмий ишлар мавжуд?

Германия шарқшунослигида Ўрта Осиёни ўрганиш ХIХ аср бошларидан бошланган ва ҳозирга қадар давом этиб келмоқда. Немис олими Хаммер Пургштал бундан икки аср муқаддам – 1818 йил Алишер Навоийнинг насл-насаби, шоирлик, давлат арбоби ва бунёдкорлик ишларига бағишланган “Навоийга битиклар” асарини яратган. ХХ аср бошида Туркистон генерал-губернаторлигига саёҳат уюштирган исломшунос олим Мартин Хартманн бу ердаги тошбосма китоблар нашри ва тарқалиши ҳақида ўз кузатишлари асосидаги тадқиқотини 1904 йили Берлинда чоп эттирган. Алишер Навоий ижоди бўйича тадқиқот олиб бораётган германиялик тадқиқотчилардан бири Зигрид Клайнмихелдир. Германия фанлар академиясида илмий ходим бўлиб ишлаган доктор Олима 1990–2005 йилларда Алишер Навоий ижоди бўйича немис ва турк тилларида бир неча мақолалар ёзган. Жумладан, у немис тилида бир юз ўттиз беш саҳифадан иборат “Алишер Навоий ва Аҳмад пошшо” сарлавҳали мақоласини эълон қилган. Бундан ташқари, турк тилидаги
“Алишер Навоий ва усмонли шоирлари” номли мақоласи ҳам чоп этилган. Мазкур мақолаларда Алишер Навоий ижодининг усмонли турк адабиётига таъсири, Навоий асарларининг сўнги беш юз йил мобайнида усмонли турк тилига қилинган таржималари ҳақида фикр юритган. Олиманинг яна немис тилида битилган
“Навоий кулгу ҳақида”, “Навоийи бенаво” мақолаларида ҳам қизиқарли кузатишлар ўртага ташланган.

Венгер туркийшунослиги эса узоқ тарихга эга. Ўз вақтида Янош Экман эски ўзбек тили ҳамда ўзбек мумтоз адабиёти, жумладан, Гадоий ва Навоий ижоди ҳақида қатор мақолалар эълон қилганди. Ҳозирги давр можор олимларидан доктор Ференч Чиркес Бенедек Пери билан ҳамкорликда Навоийнинг форсий шеърлари тўплами “Девони Фоний” илмий-танқидий матнини тайёрлаш устида ишлашмоқда.

2017 йили Бенедек Пери Тошкентга, Ўзбек тили ва адабиёти университетига ташриф буюриб, Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллигига бағишланган конференцияда иштирок этди. Унинг фикрлари жуда қизиқ:
Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” номли асарида шундай деб ёзган эди: туркий шоирлар ўз шеърларини кўпинча форс тилида ёзганлар, чунки улар учун асрлар давомида бу тилда шеър ёзиш анъанасига суяниб ижод қилиш осонроқ бўлган. Лекин
Алишер Навоий туркий шоирларга йўл кўрсатмоқ учун ўзи ўша даврда кенг тарқалган адабий жанрларнинг барчасида эски ўзбек тилида асар ёзди. Айни вақтда,
Алишер Навоийнинг эски ўзбек тилидаги шеърлари барча туркий халқлар учун бадиий ўрнак бўлди. Айтилишича, Навоий усмонлилар султони Боязид II га ўзининг ўттиз уч ғазалини юборган. Шеъриятга қизиқиши катта бўлган Боязидга Навоийнинг бу шеърлари манзур келган ва олдига Аҳмад Пошо исмли шоирни чақириб, унга Навоийнинг ғазалларига ўхшаш усмонли туркийсида ғазаллар ёзишни буюрган. Давр тазкирачиларига кўра, Аҳмад Пошо Навоий ғазалларига эргашиб ғазаллар яратган. Натижада, Аҳмад Пошонинг шеърий маҳорати ошган ва унинг шеърияти кейинги давр усмонли шоирлари учун намуна бўлган. Яъни, Аҳмад Пошо воситасида усмонли шоирлари Алишер Навоий шеъриятига тақлидан ижод қилганлар.

Француз олими Артолеме д‘Ербело 1697 йили “Шарқ кутубхонаси” номли қомусида Навоий таржимаи ҳоли ва асарлари номини келтирган Силвестре де Саси, Катрмер, Паве де Куртейллар Навоий асарларини ўрганиш ва таржима қилиш бўйича салмоқли ишлар қилган. Анъанани ХХI асрда Александр Папас ва Марк Тотуант давом эттирди. Франция миллий илмий тадқиқотлар маркази илмий ходими Марк Тоутант олти йил давомида Тошкентдаги Франция мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаган. 2013 йили Парижда Алишер Навоий ижоди бўйича француз тилида “Сўнгги темурийлар маданияти: Алишер Навоий “Хамса”си мисолида назирагўйлик амалиёти тадқиқи” номли француз тилидаги диссертациясини ҳимоя қилган. 2016 йили Марк Тоутант ўз диссертациясидаги қарашларини тўлдириб, “Сўз империяси: сўнгги темурийлар даври қудрати, маданияти ва тасаввуф Алишер Навоий “Хамса”си инъикосида” номли 700 саҳифали китобини чоп этган. Мазкур китоб ўарбда яратилган ва ҳозирча Алишер Навоий ижоди яхлит ўрганилган ягона монография бўлиб қолмоқда.

– Сиз айни пайтда Нью-Йоркда илмий изланишлар олиб бораяпсиз. Навоий фаолиятига доир қандай ишларни амалга оширдингиз?

– Нью-Йорк шаҳридаги Метрополитен музейининг илмий конкурсида қатнашиб, 2022–2023 ўқув йили учун стипендия ютиб олдим. Ҳозирда шу музейнинг ислом санъати бўлимида
тадқиқот олиб бораяпман. Бу ерда Темурийлар даври қўлёзмалари, хусусан, машҳур хаттот Султонали Машҳадий томонидан 1499 – 1500 йили Ҳиротда кўчирилган Алишер Навоий девони ҳақида илмий иш ёзаяпман.

Навоийшунос олим Ҳамид Сулаймонов томонидан 1963 йилда эълон қилинган Aлишер Навоий асарлари рўйхатида жами 32 асар номи қайд этилган. Улар орасида девонлар, “Хамса” достони ва улардан ташқари яна бир неча асарлар мавжуд. Ушбу асарларнинг Навоий ўз дастхати билан кўчирган қўлёзмалари мавжудми? Ушбу саволга умрини Навоий асарларининг қўлёзмаларини ўрганишга бағишлаётган, ЎзРФА Шарқшунослик институти катта илмий ходими, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Ойсара Мадалиевадан жавоб олдик.

– Навоий асарлари шоир тириклик чоғидан бошлаб қўлёзмалар ҳолида китобат қилина бошлаган. Бу жараён ҳатто шоирнинг ўзи томонидан девони тартиб берилмасидан аввал мухлислари ва замондошлари томонидан унинг шеърлари девон ҳолида жамланган. Бу нусха ҳозирда Россия Миллий кутубхонаси қўлёзмалар фондида сақланади ва шартли равишда “Илк девон” номини олган. Қўлёзма 1968 йил Тошкентда профессор Ҳ.Сулаймонов томонидан факсимиле тарзида чоп этилган. Ҳозирда
Навоий асарларининг муаллиф ҳаётлигида ва вафотидан сўнг кўчирилган бир неча нусхалари дунёнинг шарқ қўлёзмалари сақланадиган деярли барча фондларида мавжуд. Навоий асарларининг юртимиз фондларида сақланаётган қўлёзмаларининг умумий сони маълум эмас. Хусусан, Ўрта Осиёда энг йирик фонд ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти асосий фондида Навоий асарларининг 500 га яқин қўлёзмаси мавжуд. Пойтахтимиз Тошкент ва вилоятларда яна бир қанча қўлёзма хазиналари борлиги маълум. Аммо ушбу фондларда Навоий асарларининг нечта қўлёзмаси сақланаётгани номаълумлигича қолмоқда. Сабаби, мазкур ташкилотларнинг ҳаммаси ҳам қўлёзмаларининг реестри ёки каталогларини нашр қилдирмаган. Бу эса Навоий асарлари бутунжаҳон феҳрестини яратиш зарур эканини яна бир марта тасдиқлайди. Зеро, мазкур феҳрест тузилиб, нашр эттирилган тақдирда юртимиз фондларигина эмас, дунё фондларига оид Навоий асарлари қўлёзмалари сони ва уларнинг китобати билан боғлиқ маълумотлар ўртага чиқади.

– Навоий асарлари қўлёзмаларининг хориж фондларида сақланаётган нусхалари ҳақида қандай маълумотлар мавжуд?

– Юқорида таъкидланганидек, Навоий асарлари қўлёзмалари дунёнинг деярли тўрт қитъасига тарқалган. Уларнинг дунё бўйлаб тарқалиши икки ҳодиса билан боғлиқдир. Айрим қўлёзмалар Хуросон ва Мовароуннаҳрда кўчирилиб, турли савдо йўллари орқали бошқа юртларга олиб кетилган бўлса, баъзи қўлёзмалар ўша ҳудудларда китобат қилинган. Тарихчи ўиёсиддин Муҳаммад Хондамирнинг хабар беришича, XV юз йилликда Навоий асарларининг жуда кўп нусхалари Ҳиндистон, Яқин Шарқ ва араб мамлакатларига савдо аҳли, фан ва маданият арбоблари томонидан олиб кетилган. Бугунги кунда Навоий асарлари қўлёзмалари Осиё, Европа, Африка ва Американинг қатор қўлёзма фондларида сақланмоқда. Шунингдек, Навоий асарларининг Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Озарбайжон ва бошқа давлатларда кўчирилган кўплаб қўлёзмалари ҳозиргача сақланиб келмоқда.

Маълумотларга кўра, Туркия фондларида Навоий асарларининг 100 дан ортиқ қўлёзмалари сақланади. Улар орасида муаллиф тириклигида кўчирилган нусхалар нисбатан кўпчиликни ташкил этади. Ушбу маънавий мерос навоийшунослик фанида муаллиф назаридан ўтган нусхалар сифатида ҳам мўътабардир. Муҳими шундаки, Навоий асарлари куллиёти шоирнинг ўзи бошчилигида тузилиб, Дарвеш Муҳаммад Тоқий томонидан кўчирилган нусхаси ҳам Туркияда. Айтиш мумкинки, йиллар ўтгани сайин бундай қўлёзмаларнинг қиммати ҳам ортиб боради.

Буни Эрон фондлари мисолида ҳам айтиш мумкин. Эроннинг “Кўҳи гулистон” кутубхонасида сақланадиган қўлёзма дастхат эканлиги эса ҳалигача тортишувли масала. Бошқа бирорта Навоий дастхати билан кўчирилган қўлёзма мавжуд эмас.

Мир Алишер асарларининг Буюк Британия фондларида сақланаётган қўлёзмалари орасида навоийшунослик ва манбашунослик учун муҳим нусхалар талайгина. Хусусан, Лондон шаҳри яқинида жойлашган Виндзор сарой кутубхонасига оид ўз даврининг машҳур хаттоти Султонали Машҳадий томонидан китобат қилинган “Хамса” ва “Девони Навоий” шундай қўлёзмалар сирасига киради. Ушбу қўлёзмаларнинг ҳар иккисига шарқ миниатюра санъатининг гўзал намуналари ишланган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи Ўзбекистон шоир ва ёзувчиларининг бой қўлёзма мероси сақланадиган фондларига эга бўлган республикамиздаги йирик илмий-тадқиқот ва маърифат маркази ҳисобланади. Музей ўзининг матншунослик ва манбашунослик соҳасидаги илмий салоҳияти билан мамлакатимизда етакчи илмий муассаса сифатида ҳам маълумдир.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи фондида 1500га яқин тошбосма асарлар сақланади Улар орасида ҳазрат Навоий асарлари салмоқли ўринни эгаллайди. Фондда сақланаётган Навоий асарларининг жами 72 тошбосма нусхаси орасидан 21 таси ноёб қўлёзмалардан олинган фото нусхалардир. Музей каталогида Навоий асарлари тошбосма нусхаларининг 37 таси илмий тавсифланган. Музей фондида сақланаётган “Бадоеъ ул-бидоя” асарининг нодир қўлёзма нусхаси Навоий барҳаёт пайтида кўчирилган. Хаттот Али ибн Нур бу девонни ҳижрий 891 йил, милодий 1486 йил Ҳиротда ёзиб тугатган. У “Бадоеъ ул-бидоя” қўлёзмалари орасида энг тўлиқ нусхасидир.

Навоийшунос Ҳ.Сулаймонов маълумотига кўра, Навоий девонлари Европага 1625 йилдан бошлаб етиб борган. Ўша йили Англиянинг Оксфорд университети шоирнинг ҳозирда 283 рақами билан сақланувчи бир терма девонини қабул қилган. Навоий ижодхонасига оид турли жанрдаги шеърларнинг беш аср давомида қачон, қаерда, ким томонидан ва қай шаклда китобат қилингани шоир лирикасининг географик чегарасини чизиб беради, айни пайтда, бу адиб ижодига бўлган эътиборни ҳам англатади.

Франция миллий кутубхонасига оид нусхалар ушбу давлатда навоийшуносликнинг бир неча аср аввалдан куртак ёзишига туртки бўлган, дейиш мумкин. Мазкур қўлёзмалар орасида муаллиф ҳаётлиги чоғи кўчирилган нусхалар ҳам мавжуд. Ушбу кутубхона фондида Навоий асарларининг XVI асрда кўчирилган куллиёти ҳам сақланмоқда. Ушбу куллиёт асрлар оша шоирнинг асарларини бир жилдда асраш билан бирга шарқ китобат санъатининг юксак намунаси сифатида ҳам қадрлидир.

Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга,

Не балолиғ кун эдиким, ошно бўлдум санга.

Ҳар неча дедимки кун-кундин узай сендин кўнгул,

Ваҳки, кун-кундин батаррак мубтало бўлдум санга.

Мен қачон дедим: “Вафо қилғил манга“ зулм айладинг,

Сен қачон дединг: “Фидо бўлғил манга“ бўлдим санга.

Қай пари пайкарга дерсен телба бўлдунг бу сифат,

Эй пари пайкар, не қилсанг қил манга, бўлдум санга.

Эй кўнгул, тарки насиҳат айладинг овора бўл,

Юз бало етмаски, мен ҳам бир бало бўлдум санга.

Жоми Жам бирла Хизр суйи насибимдур мудом,

Соқиё, то тарки жоҳ айлаб гадо бўлдум санга.

ўусса чангидин навое топмадим ушшоқ аро,

То Навоийдек асиру бенаво бўлдум санга.

Миржалол МаҲкамов

 тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *