Аёллар давлат ҳимоясида

Шарқда азал-азалдан аёллар улуғлаб келинган. У ҳамиша нозик ҳилқат, заифа сифатида эъзозланиб, асраб-авайланган. Аммо замонлар силсиласида бу муносабатлар негадир дарз кетди. Афсуски, бугун аёлни хўрлаш, унга зулм қилиш, ҳақоратлар билан “сийлаш”дек хунук ҳолатларга гувоҳ бўлаяпмиз. Агар жамиятда шундай ҳолатлар кундалик бир воқеалар сифатида қабул қилинишни бошласа, бу миллатнинг фожиаси эмасми?

“Наманганда вояга етмаган қизни зўрлаган эркак қидирилмоқда”, Хоразмда амалдорлар Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини зўрлаб келишган”, “Она уч фарзанди билан ўзини 9-қаватдан ташлади”, “Навбат Қашқадарёга, ўн уч ёшли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси зўрлангани маълум бўлди”, “Хоразмда вояга етмаган қизни ўн бир нафар эркак зўрлаган, уларнинг уч нафари қўлга олинди”…
Афсуски, сўнгги пайтларда кунора шу каби хабарларни эшитаяпмиз. Ер юзида кундан-кунга ваҳшийлик ва жирканч иллатларнинг ортиб бораётгани юракларни ларзага келтиради. Одам тасаввур қилишга ҳам қўрқади… Отаси ёки бобоси тенги бу жирканч махлуқотлар (одам дейишга тилим бормайди) томонидан зўрланаётган норасидаларнинг қилган дод-у фарёди қулоғимга эшитилаётгандек бўлади… Балки, шу Меҳрибонлик уйи”да тарбия топгандан кўра, бир умр кўчада сарсон юришга-да рози қизларнинг оҳ-у ноласи тинчимни бузгандир. Ёки бир она уч фарзандини ҳам ўзини ҳам шу жамиятнинг арзимаган ташвишларига қурбон қилганини ҳазм қила олмаётгандирман.
Уч гўдакнинг айби нима? Тўққизинчи қаватдан она болаларини ташлаш даражасигача бориш учун қандай зулмни бошидан кечириши керак? Биз чексиз деб ўйлайдиган хаёлот оламимиз ҳар қандай нарсани тасаввур қила олади деб ҳисоблар эдим. Адашибман: тўққизинчи қаватдан улоқтирилган гўдакларнинг жамиятга лаънат ёғдириб кетаётгани, етимлиги камдек, инсон қиёфасидаги жирканч кимсалар исканжада қолган қизларнинг аламини, ўн бир эркак қўлида эрмак бўлган мунисгинанинг оҳ-у ноласини тасаввур қила олмаяпман… Қўрқаяпман…
Бу воқеалар жамиятни бир қалқитди. Халқнинг нафратини, унинг одамсифат махлуқларга нисбатан қаҳрини кўрсатди. Фикрлар, муносабатлар, талаблар ҳаммасида исён акс этди. Педофилларни кастрация қилиш, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиш каби жазо чоралари таклиф қилинди. Аммо вазиятнинг оғир томонига кўп ҳам эътибор қилмадик. Бу даражага қачон келдик? Бизнинг жамиятда қачон бундай ваҳшийлар пайдо бўлди? Ўзбек деган миллатнинг ор-номуси қаерда қолди? Шу кунларда бу каби оғриқли саволлар уйғоқ қалбларда бонг ураяпти.
Фаол жамоатчилик вакилларидан бири Бектош Хотамов ўз телеграм каналида муаммонинг ечими сифатида қуйидаги фикрларни келтиради:
“Биринчи ўринда таълим, таълим бўлганда ҳам муаммони ечишга қаратилган таълим. Бизнинг таълим ёдлашга асосланган. Биз фикрлашга асосланган таълимни яратишимиз керак. Бирор бир муаммога дуч келганда, унинг оқибатлари билан эмас, асл келиб чиқиш сабаблари билан кураша оладиган авлод мактабдан бошлаб тайёрланиши керак. Биз мавжуд муаммо ҳақида бир-икки кун эслаб юрамиз, кейин эса аста-секин унутамиз, бу менга тегишли эмас деб ўйлаймиз. Кеча зўрланган қизларнинг аҳволи бизнинг ёки бизга тааллуқли бирор бир яқинимизнинг бошига тушмайди, деб ҳеч ким кафолат бермайди. Мамлакатимизга “shelter” лар яъни зўравонликдан азият чеккан аёлларни қарамоғига олувчи марказлар зарур. Маълумотларга қараганда, маиший зўравонликнинг энг асосий сабаби иқтисодий қийинчиликлар экан. Ишсизликни қоғозда эмас, амалда камайтиришимиз керак. Албатта, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун аҳолига кам фоизли, субсидия асосида турли иқтисодий ёрдамлар беряпмиз. Лекин, оддий қилиб тушунтирганда биз халққа балиқ тутишни ўргатиш ўрнига тайёр балиқни олиб бориб беряпмиз. Балиқни еб бўлгач эса давлат яна нима қилиб берар экан, дейдиган боқиманда қатламни вужудга келтиряпмиз. Бунинг олдини олиш учун эса аҳолига тадбиркорликни ўргатадиган марказлар фаолиятини йўлга қўйиш, мавжудларини янада такомиллаштиришимиз зарур”.


Наргиз Қосимова,
филология фанлари доктори, халқаро медиатренер:


– Педофиллар ҳақида гапирганда шуни айтиш жоизки, айнан бунақа одамлар болаларга нисбатан жинсий қизиқишда бўлади ва аксарият ҳолларда ўзидан ожиз бўлган болаларни зўрлашга ҳаракат қилади. “Педофил” сўзи юнончадан сўзма-сўз таржима қилинганда, болаларга бўлган “муҳаббат” деган маънони англатади. Аммо бу меҳр педофилизмда салбий жиҳатдан намоён бўлади. Жамиятимизда бу иллатнинг кўп учраётгани аянчли ҳолат. Хоразмда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг ёки Қашқадарёда 52 ёшли эркак томонидан қиз қилиб асраб олган 13 ёшли қизнинг зўрланиш ҳолатлари. Бу фақатгина ОАВ ларда ёритилган ҳолатлари бўлса, яқинда бундан-да разилроқ содир бўлган воқеани айтиб беришди. Тошкент вилоятида отаси ўзининг кичик ёшдаги қизини доимий равишда зўрлаб келган ва бу масалада кимга мурожаат қилиш кераклиги хусусида ёрдам сўрашди. Бу даҳшатли ҳолат. Яна бир муҳим нарсани унутмаслик керак: педофилия бу фақат ёш қизларни зўрлаш дегани эмас, ёш ўғил болаларни ҳам зўрлашдир. Ўзбекистонда 2021 йилда педофилларни янада кучлироқ жазолаш мақсадида Жиноят Кодексининг 128-моддасига ўзгартиришлар киритилган эди. Ўзгартиришга биноан, агар қиз ёки ўғил бола 16 ёшга тўлмаган яъни вояга етмаган ҳолда педофилдан жабрланса, жиноятчига 480 соат ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача қамоқ жазоси белгиланиши киритилган эди. Лекин бу жуда ҳам енгил жазо деб ҳисоблайман. Масалан, мен педофиллар учун ўлим жазоси тарафдориман. Яқиндагина Комил Алламжонов педофилларга нисбатан кастрация яъни кимёвий куйдириш жазосини қўллашни таклиф қилди. Аммо билишимча, бу таклифларни барчаси қабул қилинмади. Бу иллатни олдини олиш чораси жуда қийин. Чунки, педофилларни фуқаролар орасидан ажратиб олиш муаммо. Негаки, улар бир қарашда жуда меҳрибон, кишиларга зарар етказмайдиган, ўқимишли, билимли бўлиб кўриниши мумкин. Ташқи кўринишдан уларни ажратиб олиш жуда ҳам қийин. Ёмон оқибатли ҳолатларни олдини олиш учун болаларга ёшлигидан кўчада юрганда бегона кишилар билан мулоқот қилмаслик, танимаган инсонларнинг олдига бормаслик, иложи борича бир ўзи юрмаслик, ўртоқлари билан ёки ота-онаси ҳамроҳлигида мактаб ёки боғчага бориб келишларини ўргатиш лозим. Умуман олганда, бу ҳолатларда болалар ҳуқуқлари поймол бўлмоқда. Ҳозирги кунда зўравонликка қарши курашиш тўғрисида қонун қабул қилинди. Айнан шу қонун доирасида зўравонликни олдини олиш хусусида кўплаб чоралар ишлаб чиқилди. Педофилия билан бутун дунё кураш олиб боради. Мамлакатмизда ҳам бу масала юзасидан ишлар олиб борилмоқда, лекин етарлича эмас. Аввало, мактабларда болалар ва қизларни ҳимоя қилиш борасида ишлар олиб борилиши керак. Нима учун болаларни ҳам қўшяпман? Чунки, ўғил болаларни ҳам зўрлаш ҳолатлари кузатилмоқда. Тарихан ҳам бачавозлик бор нарса. Ёш болаларни ХVI-ХIХ асрларда ёши катталар шогирд сифатида қарамоғига олиб, шаҳвоний ҳирсларини қондириш учун ҳам улардан фойдаланишган. Тарихда кузатилган бундай ҳолатларни бугун такрорланишига умуман йўл қўймаслигимиз керак. Иложи борича жамиятимизда педофилларга нисбатан кучли жазо чораларини қўллашимиз керак ва шундагина биз ёш авлодни бу жирканчли иллатдан асрай оламиз.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *