“Дилозордан Худо безор…”

Ўша самимий чеҳра, ўша таниш нигоҳ… Гоҳида табассум билан, гоҳида минг бир хаёл билан йўлимиздан чиқади. Мирза! Уни билганлар, таниганлар шундай яқин тутади, бир марта учрашиб, қўл олишмаган бўлса-да, мухлис бўлиб, дўст бўлиб шундай аташади. Қисматни қарангки, қаҳрамонимизни отаси ҳаётининг сўнгги кунларида билиб-билмай ўн бир фарзандининг тўққизинчисини “АРТИСТ” деб ёнларига чорлаган эканлар. Бугун ўша “артист” — эл ардоғидаги санъаткор, сўз устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мирзабек Холмедов!

Катта саҳнадаги илк қадамлар

 Катта саҳнанинг илк ҳаяжонлари… Албатта, у кунларни унутиб бўларканми?! Илк бор санъат саройларининг саҳнасига 1986 йилда қадамимиз етган. Тўхтамурод Азизов, Обид Асомов, Ботир Муҳаммадхўжаев, Собит Асомов ва мен биргалашиб томошалар қўя бошлаганмиз. Тўхтамурод ака ёши катта бўлгани учун бизга бош бўлганди. Кейин таклифим билан жамоага “Кўзгу” деб номлаганмиз. У пайтларда катта саҳналарга учиб чиқиб кетиб бўлмасди. Дастлаб шаҳарнинг катта-кичик залларида, кинотеатрларида чиққанмиз. Асосий томошаларга режиссёрлик қилардим, берилган ғояларни саҳнага мослаб кулгига жиддий муаммоларни омухта қилардик. Истеъдодли йигитлар, сўзамол йигитлар эди жамоада…

Икки қўчқорнинг калласи битта қозонда қайнамайди…

 Ҳар бир инсон, санъаткор ўзининг позициясига эга бўлиши керак. Обиджон билан бирга ўша пайтлар сиёсатдан, турли муаммолардан саҳналарда гапирардик. Ижтимоий муаммоларни кўп олиб чиқдик. Бизнинг гап-сўзларимизни биров рандалаб, таҳрирлаб бериши шарт эмасди. Милтиқнинг ўқидек турардик. Обиджон ҳам, мен ҳам ўз тафаккуримиз билан иш қила оладиган йигитлар эдик. Истеъдоди бор инсон маслаҳат олиши мумкин, лекин бировнинг ақлига қараб қолмайди, бировнинг ақли билан иш қилмайди. Саҳна марду-майдон! “Кўзгу”да ёмон ижод қилмадик. Кейин Обиджон менга: “Ака, сиз рози бўлинг, мен ўз жамоамни йиғсам, ўзимнинг театримни ташкил қилсам”, деди. Тан олиш керак, иккита қўчқорнинг калласи битта қозонда қайнамайди. Иш, ижод бор жойда тортишувлар, баҳсларнинг бўлиши табиий ҳол. Баъзида гап-сўзлар қочиб қолиши мумкин. Бу ижодий жараёндаги юз бериши керак бўлган ҳолатлар. Фурсати келиб Обиджон ўзининг шогирдлари билан, мен эса ўз шогирдларим билан ижодни давом эттирдик. Менинг атрофимга “Мирзо” театрига Шукрулло Исроилов, Валижон Шамшиев, Матёқуб Матчонов келди. Спектаклларимизга Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров, акамиз Болтавой Тошматовни таклиф қилдик. Кейинчалик Маъмуржон Холмедов, Ботир Имомхўжаев, Ҳалимахон, Муҳаммадисо Абдулхаиров, Шуҳрат Азимов, кейин ўғилларим Ойбек, Улуғбек сафимизга қўшилди.

“Бир тарсаки”нинг таъсири

 Ўша йилларда мен Муқимий номидаги мусиқали театрда ҳам ишлардим. Роса мен ҳақимда ёзадиган пайтлар… “аямасдан ёзишарди”. “Бир тарсаки” деган танқидий мақола чиққандан кейин ариза ёзиб кетишимга тўғри келган. Театрнинг у пайтдаги раҳбари Ўзбекистон халқ артисти Ҳусан Шарипов эди. Кейин “Ёш гвардия” театрига саҳна ишчиси бўлиб ишга кирдим. Сабаби у пайтларда устидан ёзилган одамнинг ишга олиниши жуда муаммоли масала эди, “халқ душманидек” кўринарди. Ҳозир замон бошқа, бугун ёзилса, эртасига унутилиб кетяпти… Саҳна ишчиси бўлиб юрган кезларим халқ орасида “Мирза” деган номимиз чиққан эди. Кейин шу театрда режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг спектаклларида қатор ролларни ўйнаганман.

“Кўзларим йўлингда… ”

 Фарҳод Мусажонов мен учун ёзган экан сценарийни. Лекин Бадиий кенгаш мени эмас, Ботир Зокировнинг ўғли, дўстим Бахтиёр Зокировни тавсия қилибди. Бахтиёр зўр инсон эди (Аллоҳ раҳмат қилсин). Хуллас, Фарҳод ака уларнинг таклифига рози бўлмасдан сценарийни қайтариб олиб кетган. Орадан йиллар ўтиб, 1966 йилда режиссёр Мэлис Абзалов шу фильмни суратга олди. Насиба экан, тақдиримда бор экан, бош роль менга насиб қилди.

Халқ ҳақиқий баҳони беради

 Санъат шундай бир неъматки, у ҳаммага ҳам насиб қилмайди. Студияга бориб ёзиши мумкин, кинода харажатини кўтариб “ўйнаши” мумкин, таниш-билишининг орқасидан “юриши” мумкин… Лекин агар ўзида бўлмаса давом этолмайди. Халқ ўзи ҳақиқий баҳони бериб қўяди. Баъзида қанча ишласа ҳам САНЪАТКОР бўла олмаслигини кўриб, ачиниб кетаман. Санъатда Аллоҳ берган, Яратган юқтирган нимадир бўлиши шарт! Биз санъат институтида ўқиганимизда, устозларимиз “Қани қадди-қоматингни кўрай, овозингни эшитай”, дерди. Ҳозир мен фарзандларимга айтаман, “Ўзингга қара, кўзингни оч, қовоғингни оч, жағларинг ишласин”… Саҳнада ишлаш учун маҳорат билан бирга куч керак, қувват керак. Саҳнадан туриб залнинг охирги қаторидаги томошабинга гапириш, фикрини етказиб бериш осон эмас, баъзилар ўйлагандек… Биз саҳналарга, хизматларга ишлагани борамиз.

…жиддий гапи бўлиши шарт

 Енгил-елпи кулги бор, сатира бор, юмор бор… Кулгиларнинг турлари бор. Ҳар бир кулгининг тагида жиддий гапи бўлиши шарт. Мақсад билан саҳнага чиқиш керак, мақсад билан бир сўз айтиш керак. Тарбиясиз одам саҳнага чиқмагани маъқул, чунки ҳар бир айтилаётган латифани ўзининг вазифаси бор. Баҳодир Йўлдошев бир фикр айтган эди: “Қани эди актёрларимизни томошабинлар саҳнадан ташқарида кўрмаса, сирли бўлиб қолса…”, деб. Лекин бевосита томошабин билан ишлайдиган эстрада актёрларида бу ҳолат бироз бошқача.

…яхши гапдан қолмайлик!

 Жаҳл уч кунгача… тўғри, бир пайтлар биттасига уч йил жаҳл қилдим. Эсимдан чиқардим… Дилозордан Худо безор… Ҳозир бир кунда унутаман. Кечириш осон экан деб ўйламасин яна… ҳаммасига ўз вақтида жавобини бераман. Лекин бировнинг дилига ноҳақ озор беришдан қўрқаман. Бировга ёмонлик қилсангиз айланиб ўзингизга қайтади. Яхшиликдан, яхши гапдан қолмайлик.

Худо азиз қилсин!

 Баъзида “калампо экан, менсимас экан, юришини қара”… Балки ростдан шундай юрадиганлар бордир, лекин мен… Худо азиз қилса тўйга борасиз, Худо азиз қилса масжидга кирасиз… Мен эл-юртнинг ичида юрганимга анча бўлди. Ўзбекнинг меҳри билан юрибман, манманлик Яратганга хос. Санъатга нисбатан жуда кўп гаплар бўлди-ку… санъат яхши иш эмас экан, биз ташладик, деган маънода… хафа бўлдим, жуда хафа бўлдим. Санъаткорнинг қилган иши ўғирликка ўхшайди, деган гаплардан оғриндим. Устозим Фозил қори Ёсин ўғли: “Мирзабек, мен ҳам сиздан кўп нарса ўрганганман, ҳазил-ҳазил билан жиддий гапларни айтасиз”, деган эди. Санъат ҳаммага ҳам ато этилмайди, кимга берилган бўлса, қадрласин, манманликка берилмасин.

“Қишимизни яшаяпмиз…”

 Онам раҳматли эшикка чиқиб кутиб ўтирарди. “Соғ-саломат келдингми”, дерди. Қаранг, саломат келиш ҳам қийин эди у пайтлар. Ҳар бир маҳалланинг зўравонлари бўларди, бир кунда ўн тўртталаб хизматларга боришга мажбур эдик, тонгга қадар кўчада қолиб кетардик… Умр ўтиб кетяпти, баҳоримиз, ёзимиз, кузимиз ўтди. Қишимизни яшаяпмиз… Бу йўлларда қадрдонларни топдик, тақдир тақозоси билан яқинларни, дўстларни йўқотдик… Лекин қалбимизда шукр бор, агар бугун элда азиз бўлсак, буларнинг бари меҳнатларимиз ортидан олган дуолар, тоза ниятлар сабаб… Ҳаммамиз шу хулосага вақти билан етиб келар эканмиз…

“Мирзанинг маҳалласиданман…”

 Ҳар бир кунимдан розиман. Ўтган йиллардаги тўйларни, одамларни, ажиб дамларни эслаб тураман. Тўйлар болаларсиз ўтмас эди, шовқин қилмасин деб уларга маҳалланинг деворларига оқ сурпларни осиб кино қўйиб берарди… Маҳалласиз бир иш бўлмасди, яхши кун ҳам, ёмон кун ҳам маҳалла билан эди. Ҳозир бошқача… маҳалламда янги кўчиб келган қўшниларимни танимайман. Қадриятлар ўзгарди. Бир пайтлар мен Турғун Азизовнинг, олим Қодир Ҳайитметовнинг маҳалласида яшайман, деб мақтанардик. Тақдирни қарангки, энди “Мирзанинг маҳалласиданман”, дейишади… Одамдан яхши ном қолсин…

Рустам Ғоипов: — Мирзабек Холмедов шеър кўтариб келди. Шу шеърдан “Даврага туш” деган қўшиғимиз яралган. Ҳали- ҳануз куйламиз. Шу баҳона танишдик, бугунгача дўстмиз. Мирзабекда Худо берган истеъдод бор. Шу кунгача тўртта шеър берди, шу тўртта шеърини қўшиқ қилиб куйладик. Энди қаранг, замонавий шоирлар менга тўрттадан китоб берди, лекин биттаси ҳам қўшиқ бўлмади.

Валижон Шамшиев: — Мирзабек акани олтмиш ёшда деб айтолмайман, қилган ижодий ишларига қараб тўқсонни урган дейман. Саҳнада, кинода, дубляжда… Бағрикенг инсон, келганни қайтармайди, ўзида борини беради.

Фаррух Зокиров Ўзбекистон халқ артисти: — Санъаткор учун энг катта унвон халқнинг эътибори! Бу унвонни пулга сотиб ололмайсиз. Мирзабекда халқнинг меҳри, эътибори бор.

Ўткир Муҳаммадхўжаев: — Бир пайтлар одамлар “Мирза зўрми, Обид зўрми”, деган маънодаги баҳсларни кўп гапирар эди. 1985-86 йиллар эди, адашмасам. Обид Асомов санъатга энди қадам қўйган кезлари… У пайтда Мирзабек Холмедов юлдуз эди. Тўйларга келса одам тўйхоналарга сиғмасди. Шу санъаткорни вақтига қараб тўй қиладиган одамлар ҳам бор эди. Обид ака доим “Мирзабек Холмедов менинг устозим”, деб айтган. Мирзабек акам даврага кириб келса, Обид ака бошчилигида ҳаммамиз ўрнимиздан турардик. Бу икки санъаткор доим ўзаро ҳурматни сақлаган. Биз ҳамиша устозларга ҳавасда бўлганмиз.

Музаффар Мирзабеков: — Мирзабек Холмедов менга институтда дарс берганди. Мирзабек акани аудиторияга Бахтиёр Сайфуллаев олиб кирган эди. У пайтларда Бахтиёр ака Маданият институтида декан бўлиб ишларди. “Бугундан бошлаб Мирзабек Холмедов сизларга дарс беради”, деди. Биз ҳаяжондамиз. Ҳеч биримиз Мирза акани бизга дарс беришини ҳатто туш кўрмаганмиз… Ишонасизми, аудиториядаги ҳар бир талаба қувонган. Мен бу инсоннинг талабаси эканлигимдан фахрланаман.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ўзбекнинг Мирзаси ҳамон ижодда, ҳамон саҳнада. Ҳамон сизу бизга табассум улашиш илинжида. Ҳамон мухлислар эътирофи, эътиборида. Бир санъаткор учун бундан ортиқ бахт бормикан? Бу бахтнинг ортидаги машаққатлар — Сизга эмас! Сиз кулинг, яшнанг, завқланиб яшанг, қолганини санъаткорга қўйиб беринг.

Мирзабек Холмедов

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *