Халоллик Кутиси

Дунёдаги глобаллашув жараёнлари жамиятни модернизация қилиш билан бирга, аҳолининг маънавий ва маданий ҳаётини янада юксалтиришни тақозо этади. Бунда, инсон учун хос бўлган ҳамда тарих давомида шаклланиб улгурган иллатлардан воз кечиш қийин жараён ҳисобланади. Жумладан, инсоният ҳаётига ва жамият тараққиётига мунтазам салбий таъсир кучига эга бўлган коррупция энг оғир иллатдир. Ушбу иллатни кенг соҳа доирасида бартараф этиш ва ечимини топиш, давлатнинг коррупцияга қарши сиёсатини амалга оширишда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш долзарб масалалардан биридир


Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ҳамда бартараф этиш, ушбу иллатни жамият ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳаётига салбий таъсири, уни олдини олишда самарали механизмларни такомиллаштириш ва ушбу соҳада юқори самарадорликка эришиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Жамиятимизда коррупция балоси ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлаётганлиги, бу ёвуз иллатнинг олдини олмасак, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмаслиги, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз» .
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири томонидан шифокорни фуқаролар томонидан рағбатлантириш масаласига муносабати кенг муҳокамага айланди.
Ушбу масала Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган шифокорларнинг шароитини яхшилаш коррупциянинг олдини олишга хизмат қилиши тўғрисидаги таклифга Соғлиқни сақлаш вазирининг “Беморга меҳр билан ёндашсангиз, рози бўлиб, ўзи сизга бериб кетади” мазмунида билдирган муносабати юзасидан фикр билдирилди.
Жамоатчилик кенгаши Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятининг коррупциянинг олдини олиш бўйича бошлаган ишларини қўллаб-қувватлайди.
Шу билан бирга, шарафли касб эгалари – шифокорларни рағбатлантириш йўлларидан бири сифатида беморлар берган маблағнинг эътироф этилишини қонунчиликка ва мамлакатда олиб борилаётган коррупцияга қарши курашиш сиёсатига зид ҳаракат сифатида қайд этади.
Мазкур таклиф тизимда коррупциявий жиноятлар сонининг ортишига ҳамда шифокор касби мавқеининг пасайишига, соғлиқни сақлаш тизимига халқнинг ишончи камайишига сабаб бўлади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг қўшма баёнотида “Тиббиёт ходимларига муносиб меҳнат шароитини яратиш ва даромадини ошириш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича амалий чоралар кўриш, бунда, тиббиёт ходимлари малакасига, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми, мураккаблик даражаси ва сифатига қараб меҳнатга ҳақ тўлашнинг тоифаланган замонавий механизмларини жорий этиш” белгиланган.
Жамоатчилик кенгаши шифокорларни рағбат-лантиришда беморлардан пул олиш сингари (ихтиёрий ёки ихтиёрий эмаслигидан қатъи назар) ноқонуний хатти-ҳаракатларни бартараф этиш ҳамда ҳақ тўлашнинг тоифаланган механизмини жорий этиш Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосий мақсади бўлиши лозимлигини билдиради.
Муаллиф томонидан интернет тармоғи орқали ўтказилган сўровда иштирок этган 206 нафар респондентдан 120 нафари (58,3%) соғлиқни сақлаш соҳасида мансабдор шахсларнинг ўз вазифаларини виждонсиз бажаришга дуч келганликларини эътироф этганлар.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази томонидан ўтказилган тадқиқотларда ҳам сўров иштирокчиларининг 43,2% тиббиёт соҳасида коррупция даражаси юқори эканлиги қайд этилган.
Ўтказилган тадқиқотлардан кўриниб турибдики, бу масала қон-қонимизга сингиб кетган, азалдан давом этиб келаётган иллат эканлигидан далолат бермоқда.
“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикас қонунининг (265-I-сон, 1996 йил 29 август) 44-моддасида дипломини олаётган шифокорлар қуйидаги мазмунда қасамёд қабул қилиши кўрсатиб ўтилган.
«Шифокор деган юксак унвонни олиб, тиббиёт фаолиятига киришар эканман:
ўзимнинг бор билим ва маҳоратимни беморни даволашга ҳамда инсон соғлиғини сақлашга бағишлашга;
ёши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир беморга куч-ғайратим ва вақтимни аямай тиббий ёрдам кўрсатишга;
беморнинг соғлиғини шахсий манфаатларимдан юқори қўйишга, камтар ва ҳалол бўлишга, ўз билим ва маҳоратимни доимо ошириб боришга;
шифокор сирини сақлашга;
кишиларга ҳамиша меҳр-мурувват ва шифо топишларига ишонч ҳадя этишга;
Буқрот, Абу Али ибн Сино сингари улуғ табибларнинг шонли анъаналарини давом эттиришга тантанали қасамёд қиламан.
Ушбу қасамёдга умримнинг охиригача содиқ қолишга қасамёд қиламан» деб шифокорлар қасам ичишади. Шунингдек, улар қасамёдни бузганлик учун қонунда белгиланган жавобгарликка тортилиши ҳам кўрсатиб ўтилган.
Шунинг учун ҳар бир шифокор ўз касбига виждонан, ҳалоллик билан ёндашиши, коррупциявий жараёнларга фаол қаршилик кўрсатиши ва коррупциявий муносабатларга муросасиз муносабатда бўлиши зарур. Бу иллатни бартараф этиш учун нафақат шифокорларни, балки фуқароларимизни ҳам “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашимиз, яъни ҳалолликни уларнинг онгига сингдиришимиз талаб этилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш юзасидан олиб борилган тадқиқотларда маълум бўлишича айрим давлатларда мактаблар ва шифохоналарга “ҳалоллик ёки хайрия” қутилари ўрнатилар экан. Ушбу тажрибадан келиб чиқиб (таклиф сифатида), биз ҳам шифохоналарга “ҳалоллик” қутиларини ўрнатишимиз ва фуқароларимизга шифокорларни рағбатлантириш сифатида берадиган маблағларини шу қутиларга ташлаш кераклигини сингдириш механизимини ишлаб чиқишимиз керак. Ушбу қутиларга тушган маблағлар, кенг жамоатчилик назоратида, шифохоналарни ривожлантириш, керак бўлса, энг яхши ишлаган шифокорни рағбатлантириш учун ишлатилса, бу билан биз коррупциянинг олдини олган бўлар эдик.
Коррупция жамиятни емириб, шахсни ахлоқий жиҳатдан инқирозга учратадиган ва ҳар қандай давлат иқтисодиётига салбий таъсир қиладиган ижтимоий иллат эканлигини кўриб турибмиз.
Шунинг учун ҳар бир фуқаро гўзал ва бетакрор юртимизнинг бугунги ва эртанги куни, ёруғ келажаги учун, авваламбор, ўзи масъул эканлигини унутмаслиги керак.

Шуҳрат Турдиқулов,
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Коррупцияга қарши ички назорат бўлими бошлиғи

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *