Конун устувор, жазо мукаррар

Сўнгги вақтларда турли экстремистик ва террористик ташкилотлар, гуруҳлар фаолиятининг кучайганини ижтимоий тармоқлардаги тарғибот материаллари кўпайганидан ҳам сезиш қийин эмас.


Ачинарлиси, хоҳ юртимизда бўлсин, хоҳ бошқа мамлакатларда бу маълумотларга билиб-билмай, кўр-кўрона эргашаётганлар учраб турибди. Бу эса бутун дунё ҳамжамиятини янада ҳушёр тортишга, қабиҳ медиамарказларнинг асл ниятини инсонлар онгига етказишда янги вазифалар юклайди.
Статистик маълумотларга қараганда, ўтган даврлар мобайнида АҚШда 68 та, Россия Федерациясида 47 та, Буюк Британияда 78 та ва Туркияда 15 та экстремистик ва террористик ташкилотларнинг фаолияти тақиқланган. Биз сўз юритмоқчи бўлган радикал контентлар статистикасига қаралса, бугунга қадар Россия Федерациясида 5342 та, Қозоғистон Республикасида 1133 та, Қирғизистонда 167 та ва Тожикистонда 2417 та медиа маҳсулотлар суд томонидан тақиқланган.
Мамлакатимизда ҳам бундай контентларнинг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда интернет тармоғидаги радикал диний мазмундаги материаллар аниқланиб, Олий суд қарори билан экстремистик ва террористик материаллар деб топилди. Бу тартиб асосида, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 60 га яқин қарори чиқарилди. Масъул ташкилотлар томонидан 500дан ортиқ контент радикал мазмунда деб топилди. Уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, тарқатиш, олиб кириш, сақлаш ва намойиш этиш тақиқланган. Ноқонуний деб топилган материаллардан аҳолини ўз вақтида хабардор этиш ушбу йўналишдаги фаолиятнинг самарадорлигини оширувчи асосий омилдир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, Адлия вазирлиги ва Олий суд ўзининг расмий веб-сайтлари ва бошқа ОАВ орқали ғайриқонуний мазмундаги контентлар рўйхатини эълон қилади ва уни доимий равишда янгилаб боришини таъминлайди.
Диний материалларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши, олиб кирилиши ва тарқатилиши учун Вазирлар Маҳкамасининг “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизаси ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 180-сон қарорига мувофиқ текширув ўтказилади. Ҳар қандай диний мазмундаги материаллар диншунослик экспертизаси ўтказилгандан сўнг олинадиган ижобий ёки салбий хулосага қараб эълон қилинади.
Шуни айтиб ўтиш керакки, юқоридаги қарорга асосан, Дин ишлари бўйича қўмита бирор бир шахс ёки унинг хатти-ҳаракатларига экспертлик хулоса бермайди. Қўмитага ҳуқуқ-тартибот органлари тақдим этган диний мазмундаги материалларга диншунослик экспертизаси хулосасини беради.
Хўш, қандай мазмундаги материаллар ноқонуний деб топилади?
– жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий мавқеига қараб ёки бошқа ҳолатларга кўра камситиш ёхуд ўзга шахслар маҳсулотларини обрўсизлантириш;
– Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш;
– уруш, зўравонлик, терроризм, шунингдек, диний экстремизм ва сепаратизм ғояларини тарғиб этиш;
– миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборотни тарқатиш;
– диний эътиқодни ўзгартиришга даъват қилиш;
– диндорларнинг диний туйғуларини ҳақорат қилиш ёки камситиш;
– фуқароларни ўз конституциявий мажбуриятларини бажармасликка чақириш;
– давлат, жамоат ёки диний ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва мол-мулкига тажовуз қилишга ундаш каби ғоялар акс этган материаллар.
Хулоса ўрнида барча ватандошларимиздан шубҳали, текширилмаган ҳар қандай мазмундаги овозли, видео ва бошқа кўринишдаги материалларни сақламасликни ҳамда тарқатмасликни сўраймиз.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита маълумотлари асосида
Умида ҲАҚБЕРДИЕВА тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *