Кредит — модули нима ёки баХо “сотиладими?”Кредит — модули нима

Мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, албатта, бугунги кун ёшлари билан чамбарчас боғлиқ. Ёшлар тарбиясида эса таълимнинг ўрни беқиёсдир. Шу мақсадда юртимизда сўнгги йилларда бу борада муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган, илғор кадрлар тайёрлаш, ижодий фикрлайдиган мутахассисларни тарбиялаш таълим муассасаларининг олдига муҳим вазифа қилиб белгиланди.


Хусусан, Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йилнинг 8 октябрида “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Ушбу муҳим ҳужжатда “республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг биринчи мингталик рўйхатига киритиш ва олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модул тизимига ўтказиш” белгилаб берилди.
Шунингдек, 2030 йилга қадар республикадаги барча олий таълим муассасасининг 85 фоизини кредит-модул тизимига ўтказиш кўрсатиб ўтилди.
Хўш, кредит-модул тизими нима? Бу тизим қанчалик самарадор? У бизга нима беради? Шу каби саволлар билан суҳбатдошимиз Медиа ва коммуникация факультети декани Амрулло Каримовга мурожаат қилдик:
– Кредит – модул тизими хорижда оммалашган. Бизга ҳам кириб келди. Албатта, барча талабалар мутахассислигига қараб мажбурий фанларни билиши шарт. Жумладан, журналистика факультети талабалари ҳам ўзларига бириктирилган мажбурий фанларни ўқишади. Фанларга 2, 4 миқдорида кредитлар ажратилган. Тизимнинг яна бир жиҳати танлов фанларга жуда катта соат ажратилганлиги. Талабаларга танлаш учун имконият жуда катта. Талабани мустақил кўникмасини шакллантиришда бу жудаям қулай, деб ҳисоблайман. Агар бола мустақил ишламаса кредитларни ёпа олмайди. Яна бир жиҳати, кўпчилик талабалар эътибор беришмаётган жиҳати десам бўлади: дарсларда қатнашиш. Биламизки, аксарият таълим борасида олиб борилган ислоҳотлар, кредит-модул тизимида инсон омили максимал даражада иштирок этмайди. Яъни, дарсни ўзидаёқ платформа очилганда келмаган талаба йўқ қилинади. Агар талаба 3 марта дарсга келмаса, ўша дарсга кирмайди. Сабаби, 3 та дарс 3 та мавзу дегани. Бундан олдин ўтилган 3 та мавзуни ўзлаштирмаган талаба 4-дарсни тушунмайди. Уни ўзлаштиргандан сўнг кейингисига ўтиш керак. Агарда талаба асосли равишда дарсда иштирок эта олмаган бўлса, касал бўлиб қолган бўлиши мумкин ёки шунга ўхшаш арзирли сабаблар бўлса, талабанинг манфаати нуқтаи назаридан ҳужжат тақдим этилган ҳолатда дарс жараёнларига қатнашишига рухсат берилади. Лекин, талабага қолган дарсларни ўзлаштириш учун вақт берилади. Кўрсатилган муддатда талаба топшириқларни бажармаса, ўз-ўзидан ўша фанни 3-семестрда яъни ёзда, ҳисобланган кредит маблағларини тўлаган ҳолда дарсларни ўзлаштиради. Бунда талаба курсдан-курсга қолдирилмайди. Ёзда бўладиган 3-семестрда алоҳида ўқитувчи жалб қилинади, соатбай иш ҳақи тўланади. Дарсларни ўзлаштиргандан сўнг имтиҳонлардан ўтса, талаба кейинги босқичга ўтказилади. Тизимда белгиланган шартларни талаба бажармаганда ёхуд 7 та фан деб оладиган бўлсак, шундан 5 тасидан қолиб кетадиган бўлса, у курсдан-курсга қолдирилади.
Сўз ўрнида сиёсатшунос Ҳамид Содиқнинг “Субъектив” лойиҳасига берган интервюсида HEMIS (Higher Education Management Information System) яъни шу тизимдаги платформа ҳақидаги фикрларини келтириб ўтишни жоиз топдик:


“HEMIS – бу университет соҳасида асосий қадриятни ректоратдан олиб, талабаларга кўчириш билан боғлиқ тизим ҳисобланади. Яъни, ректорат ва у билан боғлиқ бошқарув персонали техник ходимлар даражасига тушиши керак. Асосий трендни белгилаб берадиган субъект бу – талаба бўлиши керак. Ректоратдан бутун ҳуқуқларни олиб, талабаларга бериладиган бўлса, бу тизимда талаба ўқитувчини ўзи танлайди. Талаба университетга ўқитувчини деб келади ва: “Мен мана шу ўқитувчида таълим оламан”, деб айта олади, ректордан эса: “Шу ўқитувчини менга таъминлаб беринг”, деб талаб қила олади. Бу тизимда декан лавозими умуман керак эмас. Бу ерда ўқитувчи ва профессорларни ректор эмас, талабалар ишга олади. Кўпчилик ўқитувчилар унга ким иш бераётганлигига қарайди, иш бераётган талаба эмас. Шундай экан, мана буни ёзиб ўтиринглар, деб топшириқ беради, ёки бўлмаса, шунчаки техник маърузани ўтиб беради. Ёки тарғибот ишлари сайлов масалалари юзага келиб қоладиган бўлса, асосий қадрият бўлган – талабаларга дарс бериш масаласи 10-даражага тушиб қолади. Ўқув йилининг охирида талаба айтиши керак: Мана шу ўқитувчи яхши. Бизда шунақа стериотип бор: раҳбарият талабалар дарс ўтмайдиган, пул оладиган, гаплашиб ўтирадиган профессор-ўқитувчиларни ёқлайди деб ўйлайди. Йўқ, ундай эмас. Талабалар дарс талаб қилишади. Ҳаттоки, ўзимнинг тажрибамда ҳам бўлган бу нарса. Талабалар катта профессор домлаларни ҳам рад этишган. 15-20 нафар талаба: “Бизга бу домланинг профессорлигининг фарқи йўқ, бизга дарс ўтмасин”, деб ёзиб беришган. Талабага қўйиб бериш керак. “Йўқ ҳали талабалар қаердан билсин, у қандай фанни ўқишини 1-курс бўлса”, дейдиганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Бугунги кун талабаси нимани ўқиш кераклигини жуда яхши билади. Бизда HEMIS тизими олинганда, унинг талаба иродасини намоён қиладиган қисмини ўз жойида қолдирганда, назорат қисми бизга ўтиб келган, яъни ўзбекчалаштирилган”.
Умуман олганда кредит-модул тизими, бу — таълимни ташкил этиш жараёни бўлиб, ўқитишнинг модул технологиялари жамламаси ва кредит ўлчови асосида баҳолаш модели ҳисобланади. Уни бир бутунликда олиб бориш серқирра ҳамда мураккаб тизимли жараёндир. Кредит-модул тамойилида иккита асосий масалага аҳамият берилади: талабаларнинг мустақил ишлашини таъминлаш; талабалар билимини рейтинг асосида баҳолаш.
Кредит-модул тизимининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар эътироф этилади:
— ўқув жараёнларини модул асосида ташкил қилиш;
— битта фан, курс (кредит)нинг­ қийматини аниқлаш;
— талабалар билимини рейтинг бали асосида баҳолаш;
— талабаларга ўзларининг ўқув режаларини индивидуал тарзда тузишларига имкон яратиш;
— таълим жараёнида мустақил таълим олишнинг улушини ошириш;
— таълим дастурларининг қулайлиги ва меҳнат бозорида мутахассисга қўйилган талабдан келиб чиқиб ўзгартириш мумкинлиги.
Юқоридагилар дарс машғулотларини нафақат ўқитишни инновацион таълим технологиялари асосида олиб бориш, балки талабадан мустақил ўқиб-ўрганиш, таълимга янгича муносабатда бўлиш, меҳнат бозори талабидан келиб чиқиб, зарурий ва чуқур назарий билимларни эгаллаш, амалий кўникмаларини шакллантиришга ўргатишдан иборатдир. Мухтасар айтганда, мазкур тизим талабанинг касбий ривожланиши ва камолотига йўналтирилган. Илм соҳибининг бутун ҳаёти давомида билим олишини таъминлашга ҳамда меҳнат бозори ва замонавий талабларга жавоб бера оладиган инсон капиталини шакллантиришга қаратилгандир.
Ўрганишларимиз давомида талабалар орасида бу тизим ҳақида етарли даражада билимга эга бўлмаганлар ҳам борлигининг гувоҳи бўлдик. Тизим ҳақида тушунчага эга бўлмаган талаба қандай қилиб дарсларни ўзлаштираётганлиги биз учун очиқ қолган савол бўлди. Гап келажак авлод билими ҳақида кетар экан, ҳеч бир шахс бу масалага бефарқ қарамаслиги керак, назаримизда.
Умида Хақбердиева

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *