Кўринмас вақт ўғрисига қарамлик

Сўнгги вақтларда “вақт жуда тез ўтяпти”, “кеча жума эди бир зумда яна жума келибди”, “палончининг ўғли яқиндагина ёш бола эди, бугун уйланаётган эмиш” шу мазмундаги гаплар тез-тез қулоғимизга чалиняпти. Бу ҳолат сизга ҳам бегона эмас. Сизнинг ҳам туғилганида қувонган жажжи фарзандларингиз бугун мактабда ўқишмоқда, мактабда ўқиётганлари эса аллақачон катта ҳаётга қадам қўйиш арафасида.

Фейсбукка 2004 йил 4 февралда асос солинган. Aйни кунда энг кўп фойдаланиладиган бешта сайтнинг бири. Унинг фойдаланувчилари ҳар куни 250-300 миллион фотосуратни жойлашади. Бир ойда эса фойдаланувчилар томонидан 2,5 миллиард фотосуратлар, 14 миллионга яқин видео юкланади. Фейсбукка “Google”га қараганда, икки баробар кўпроқ вақт сарфланади.

Шамолдек елаётган бу умримиз давомида, яхши таълим олишга, яхши ном қолдиришга улгуриб қолишимиз керак. Aна шу мақсадларга эришиш йўлида қайсидир маънода тўсиқ бўлаётган, ёшларнинг тарбиясига салбий таъсир қилаётган жиҳатлардан бири бу ижтимоий тармоқлар, менимча. Бугун умрининг айни илм олиш, келажагига пойдевор қўйиш лозим бўлган даврида бўлган ёшлар аксарият вақтини Инстаграм, ТикТок каби ижтимоий тармоқларга сарф қилишмоқда. Ваҳоланки, бундан бир неча йиллар муқаддам талабалар баҳо олиш учун бир неча асарни ўқиб тугатиши керак эди. Бугун эса ижтимоий тармоқлардан асар ҳақидаги тайёр аннотация ёки маълумотларни олиб, баҳо олаётган талабалар бисёр, десак асло муболаға эмас. Ижтимоий тармоқларда нафақат таълимга алоқадор контентлар, балки барча соҳага тегишли бўлган маълумотларни топса бўлади. “Бунинг нимаси ёмон?” дерсиз. Тўғри зарур бўлган маълумотни бир зумда топиш жуда қулай. Аммо, бу нарса ёшларни дангаса қилиб қўмаяптими?
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда яхшигина даромад топаётган вайнерларимиз ҳам талайгина. Уларга тақлид қилиб, илм олишдан кўра, шу йўлдан кетсам яхши даромад топаман, деётганлар ҳам кўпайиб қолди. Биз уларнинг пулларини ҳисоб-китоб қилмоқчи эмасмиз, ҳеч қандай ғайирлигимиз ҳам йўқ. Уларни ёмонотлиқ қилишдан ҳам йироқмиз. Шунчаки, улардан маъноли контентларни кутиб қоламиз. Топга чиқиш илинжида олинаётган видеолар номақбул сўзлар ишлатилмаслигини, бу ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари фақат улар кабилардан иборат эмаслигини эслатиб қўймоқчимиз.
Бугун Инстаграм ёки ТикТокка тасодифан кириб қолаётган ёш қизларимиз, ногаҳон юқоридаги вайнерларимизнинг беандиша видеолари, тиктокерларнинг беҳаё баттлларини кўриб, дийдаси қотиб бормаяптими? Ҳа, ҳудди шундай видеолар мавзусининг аксариятини, SPA салон, “содда ўртоғини “кўзини очмоқчи” бўлаётган дўстлар”, “никоҳсиз орттирилган бола “ташвиши”, “бегона қиз ва боланинг очиқча муносабати”, “маҳалланинг беш олтита бола билан гаплашган қизи”, қизларни “ўраш”га уста “жентелмен” йигит каби мавзулар ташкил қилмоқда. Оғзидан она сути кетмаган бола эса уни ўз саҳифасига жойлаяпти. Видео остидаги изоҳларга қараб фойдаланувчилар учун бу мавзулар одатийга айланиб улгурганини билиш мумкин. Салбий изоҳларни эса кўриш мушкул. Ўзини психолог деб атайдиган лекин чиқишлари фақат интим мавзулардан иборат бўлиб қолган чала психологлар ҳам, афсуски, кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Aввалига бемаъниликдан жирканганлар учун бу одатий ҳолга айланиб улгурди. Aввалгидек пок муҳаббатни энди топиш имконсиздек гўё.
Виртуал олам ҳаётимизга шу даражада ўрнашиб олдики, ушбу мақолани ўқиётган ўнта одамнинг тўққизтаси вақтини беҳуда сарф қилишда давом этади. Энг ачинарли жиҳат сифатида ҳозирги таҳликали замонда эркак киши учун зарур бўлган жиддийлик, мардлик, ўзини тута билиш каби хислатларнинг йўқолётганини айтишимиз мумкин. Тўғри, ижтимоий тармоқлар узоғимизни яқин қилди. Маълумот алмашиш учун энг қулай маконга айланди. Фейсбук ва Твиттер ҳақида ҳам ижобий фикрларни келтириш мумкин. Ижтимоий тармоқлар яҳшилик йўлида ишлатилса, жуда манфаатли. Бироқ салбий таъсир қила олиши ҳам мумкин бўлган катта куч. Яхшиликка чорлайдиган, ёмонликдан қайтарадиган, сатира аралаш контентлар ҳам бор, албатта. Бироқ, кўпчилик юқорида айтиб ўтилган видеоларни афзал кўрмоқда.
Мавзу юзасидан Сергели тумани 104-мактаб 9-Б синф ўқувчилари ўртасида сўровнома ўтказиб кўрдик. Сўровнома натижаларига кўра, синфнинг 80% ўқувчиси Инстаграмдан фойдананиши маълум бўлди. Синф ўқувчиси Р. С. биргина Инстаграм учун кунига 4-5 соат вақт сарфлар экан. Бу эса беш кунда 24 соат, бир ойда олти кун, бир йилда икки ойдан кўпроқ вақт беҳуда кетяпти деганидир. Бу вақт давомида битта асарни ўқиб тугатиш, минглаб янги сўз ёдлаш, катта меҳнат талаб қилмайдиган бирор ҳунар ўрганиш мумкин.
Виртуал олам, жумладан, оммалашган тармоқлар орқали, ёлғон хабар тарқатаётган, товламачилик йўли билан даромад топишни кўзлаётганлар ҳам учраб турибди. Aйнан, мана шу хатти-ҳаракатлар учун қонунда қандай жазолар белгиланган? Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси, Тергов ва суриштирув фаолиятини ташкил этиш бўлими ЎМИБ терговчиси майор Ботирали Турсунов маълумот берди:
– Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг “Бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” тўғрисидаги 16-бобини 2022-моддасида (Ёлғон ахборот тарқатиш) “Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш” учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баробари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши, шунингдек, “Жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш” учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баробаридан юз баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган. Ушбу модда МЖтКга Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-658-сонли қонунига асосан киритилган.
Бундан ташқари, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг олтинчи бўлим (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши жиноятлар) 17-бобини (Жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар) 2446-моддасида (Ёлғон ахборот тарқатиш) “Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса” базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш билан жазоланиши назарда тутилган.
Иккинчи қисмида, “жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, ушбу Кодекснинг 2441-моддасида (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса”, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Шунингдек, мазкур модданинг тўртинчи қисми “б” бандига мувофиқ, “ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар содир этилиши натижасида жуда кўп миқдорда зарар етказилса ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлганда, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади. Мазкур модда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-658-сонли Қонунига асосан киритилган.
Бундан ташқари, телефонга бир неча соат тикилиб туриш ҳам кўз касалликлари келиб чиқишининг энг асосий омилларидан биридир. Aйниқса, телефон болаларнинг энг самарали овунчоғига айланиб бораётгани ташвишли. Телефондан меъёридан ортиқ фойдаланишнинг қандай салбий оқибатлари бор? Бу ҳақдаги батафсил маълумотни Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий маркази директорининг ўринбосари Дилшод Абдуназаровдан олдик:
– Телефондан меъёридан ортиқ фойдаланишнинг салбий оқибатлари етарли. Бироқ, телефонсиз ҳозирги вақтда ҳаётимизни тасаввур қилиб бўлмайдигандек. Ундан тарқаладиган электромагнит тўлқинлар меъёридан зиёд фойдаланилса бош мия, кўриш, эшитиш аъзоларига, қолаверса, бутун асаб ва қон томир тизимга салбий таъсирини ўтказиши мумкин. Афсуски, бунинг оқибатлари тезда билинмайди. Телефонни сурункали, меъёрдан кўп ишлатиш ва нотўғри фойдаланиш оқибатида бош оғриши, кўз чарчаши, қизариши, ачишиши, узоқдан кўришнинг сусайиши, атрофдаги ҳодисаларга эътиборсизлик, инжиқлик, уйқунинг бузилиши, сезишнинг сусайиши каби муаммолар пайдо бўлади. Ёш болаларга овунтириш, чалғитиш учун бериб қўйилаётган телефон, уларнинг доимий овунчоғига айланиб қолмоқда, бу эса ёш организмнинг муҳим аъзо ва тўқималарини тўғри ривожланишида ўзининг салбий оқибатини келтириб чиқаради.


Бугун дунё аҳолисининг 91 фоизи ўз мобил телефонига эга. Ўзбекистонда эса ҳар 100 та оилага 308 та телефон тўғри келмоқда. Техник қурилмалар ўртасидаги ўзаро ёзишмалар учун мўлжалланган дастлабки алоқа 1960 йилда яратилган. Ер юзи бўйлаб ҳар куни 247 милиарддан ортиқ электрон хатлар юборилади. Уларнинг 90 фоизини эса СПAМ ва вирусли хатлар ташкил этади. Интернет тармоғида ҳар бир дақиқада 70 та янги блог пайдо бўлади. 1996 йил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида БМТнинг Ўзбекистонда интернетни ривожлантириш лойиҳаси ташкил этилган.
Инстаграм ижтимоий тармоғи 2010 йил 6 октябрда яратилган бўлиб, бугунги кунда унинг фаол фойдаланувчилари сони 2 миллиарддан кўпроқни ташкил қилмоқда.
Бу тармоқда энг кўп обуначига эга аккаунт Инстаграм бренд акаунти ҳисобланади. Ушбу акаунт 606 миллион обуначидан иборат. 2-ўрин португалиялик футболчи Криштиано Роналдуга тегишли бўлиб, унинг обуначилари 548 миллиондан кўпроқни ташкил қилмоқда. 3-ўринни 430 миллион обуначи билан Лео Месси банд қилган. Тўртинчи ўрин эса 380 миллион обуначига эга америкалик модел Кейли Женнерга тегишли.


Кўпинча, боланинг телефонга қарамлиги натижаси-да узоқни яхши кўрмасликнинг ривожланиши келиб чиқади, яъни миопия аномалияси ривожланиб эрта кўзойнак тақишга олиб келиши мумкин.
Бу муаммолар эса келажакда ҳарбий хизматга бориш, автомобиль бошқариш каби бир неча соҳаларда касбий муаммоларни келтириб чиқаради.
Ҳар бир инсон қандай шикояти бўлишидан қатъи назар тезда шифокорга мурожаат қилиш керак, ёш болаларга ота-оналар эътиборли бўлиши лозим. Катталар эса 35-40 ёшдан кейин даврий равишда профилактик тиббий кўриклардан ўтиши шарт, акс ҳолда, баъзи касалликлар аста белгиларсиз ривожланиш ҳусусиятига эга. Бу эса ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Миржалол Маҳкамов,
тайёрлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *