LOCATION: Янги “гармошка” ва электрон автобуслар

Жорий йилнинг 16 февралдаги 59-сонли Президент қарорига асосан, пойтахтимизга 100 дона “YUTONG” русумли электробуслар, 103 дона 12 метрли сиқилган табиий газда ҳаракатланадиган “YUTONG” русумли автобуслар ва 30 дона катта сиғимли “KingLong” русумли автобуслар олиб келинган эди.
Бироқ, 24 апрель санасида ижтимоий тармоқларда электробусларни қувватловчи станциялар етишмаётганлиги, автобусларнинг “зарядкаси” тез тугаб қолаётганлиги боис, автобус паркига қайтиб бориб, қайта зарядлаш учун вақт кетиб қолаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Шунингдек, 1 май куни тармоқларда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида KingLong русумли 18 метрли автобуснинг том қисми қопқоғи тушиб кетганлиги акс этган видео тарқалди. Маълум бўлишича, 24-йўналишда юрадиган “гармошка”ларнинг бири ҳаракатланаётган вақтида дарахт шохи автобуснинг том қисмига урилиши оқибатида унинг том қисми яъни газбаллонларни ёпиб турган блокнинг корпуси очилиб қолган. 26 апрель санасида ҳам худди шу туманда юқоридагига ўхшаш ҳолат 93-йўналишдаги “гармошка” билан содир бўлгани айтилмоқда. Унда ҳам том қисми ажралиб, ерда ётганини ва ҳатто енгил машинага шикаст етганини кўриш мумкин.

Масалага янада аниқлик киритиш мақсадида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқаруви раиси Анвар Жўраев билан суҳбатлашдик.
– 24-йўналишда 18 метрли автобус устидаги газ баллон ускунасининг ҳимоя корпуси тушиб кетган. Бунга сабаб, чинор шохлари бўлди, кейин ободонлаштириш бошқармаси билан бирга дарахтнинг ортиқча шохларини олиб ташладик. Аммо бу дарахтнинг танаси йўлга эгилиб турганини ҳисобга олиб, биз йўл белгиларини Йўл ҳаракати бошқармаси билан биргаликда кўриб чиқяпмиз. Ўша қисмдаги йўл тасмасини қайтадан чапроққа суриб, чизиб чиқамиз. Шунда бу дарахтни четлаб ўтиш ва келажакда дарахт ва автобус ўртасида тўқнашиш ҳолатларининг олдини олиш мумкин бўлади. Биз автобусларни йўлга қўйишдан олдин идоралараро ишчи гуруҳ тузгандик. Ободонлаштириш бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Транспорт вазирлиги ва „Тошшаҳартрансхизмат“ билан ҳамкорликда ҳар бир йўналиш бўйлаб айландик, (жуда катта сиғимли) автобусларда юзага келиши мумкин бўлган тўсиқларни, бурилиш, қайрилиш имкониятларини ўргандик. Кўчаларнинг барча параметрлари улардаги бўғинли автобуслар ҳаракатига мос келади. Ажратилган чизиқлар уларнинг қайрилиши учун ҳам етарли. Ижтимоий тармоқлардаги тафовут ҳақида ёзилган фикрлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Инсон омили бор. Тан олишимиз керак-ки, узоқ вақт давомида бизда, айниқса, катта сиғимли автобуслар бўлмаган, шунинг учун бу автобусларда ишлайдиган ҳайдовчилар кимнидир уриб юбориш ёки бирор нарсага урилишдан қўрқишади ва шунинг учун улар қайрилаётганда каттароқ радиусда қайрилишади. Лекин шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, 18 метрли ёки электробус ва бошқа янги автобусларга ўтирган ҳар бир ҳайдовчи махсус курсда ўқитилган. Янги «Шарқий» аэропортда Хитойдан саккиз нафар инструктор иштирокида ҳайдовчиларнинг малакасини синовдан ўтказиш ва текшириш платформаси яратилган. Улар тошкентлик ҳайдовчиларни 18 метрли автобуслар, электробуслар ва газли автобусларни бошқаришга ўргатишди. Фақат тренингдан сўнг уларга ҳайдовчилик сертификатлари топширилди. Биз хитойлик ҳамкасбларимиз билан линияларга борамиз, улар ҳақиқий йўлда ҳайдовчининг маршрутда қандай ҳайдашини кузатади ва тавсиялар беради. Қолаверса, параллел равишда кўрсатма берамиз.

Минг марта гапиргандан, бир марта кўрган яхши деганларидек, бекатлардан бирида тўхтаб турган 147-йўналишда ҳаракатланадиган янги электробуслардан бирининг ҳайдовчисини суҳбатга тортдик:

– Шаҳримиз аҳолиси учун жуда қулай бўлди. Иссиқда салқин автобусда манзилларига етиб олишмоқда. Зарядлаш учун ҳам биринчи олиб келинганда 3-4 соат вақт кетар эди. Ҳозир станцияларнинг ток кучланиши оширилди. Натижада 1 соат-у 40 дақиқада қувватлай олаяпмиз. Бир марта тўлиқ қувватлаш 300 км. га етади. Албатта, шароитлар яхши лекин йўлларнинг аҳволи инсонни ўйлантиради. Биргина мисол, ўзим ҳаракатланадиган йўналишда Истироҳат кўчасидан ўтаман. Эски трамвай линияси бузиб ташланган. Ҳали ҳамон таъмирлангани йўқ. Шундай баланд автобуснинг ҳам таги тегади. Енгил автомашинада қандай қилиб ҳаракатланишади, ҳайронман. Айтмоқчи бўлганим, аҳолига узоқ муддат хизмат қилиши учун мавжуд шароитни яхшилаш керак. Акс ҳолда, бу автобуслар ҳам икки уч йилда яроқсиз ҳолатга келиб қолади. Йўлларни кенгайтириш ҳам керак, деб ўйлайман.

Кузатишларимиз давомида автобуслар кондиционер билан жиҳозланган бўлса-да, уларни ёқмасдан, йўловчиларни иссиқ салонда олиб юрган ҳайдовчиларни ҳам кўрдик. Бу орада бекатда турган йўловчи аёлнинг ҳам эътирози ҳам ўринли бўлди:
– Жуда ҳам тез юришади. Баъзида жой етишмаганлиги учун тик турган ҳолда кетамиз. Шунда кескин тормоз беришлари натижасида йиқилиб тушиш ҳеч гап эмас. Албатта, улар ҳам тезроқ манзилимизга етказишни ўйлашади. Бироқ, инсон ҳаётини хавфга қўядиган ҳар қандай ҳолатдан тийилиш керак, деб ҳисоблайман.

Мавжуд муаммолар хусусида ҳар учала тарафни ҳам эшитдик. Ҳар ким ўзича ҳақ. Хориждан келтирилаётган автобуслар ва улардаги қулайликлар шаҳримиз аҳли ва меҳмонлари учун хизмат қилмоқда. Лекин, юзага келаётган муаммолар бироз эътиборсизлик натижасидир. Ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги ёки транспорт тизими шаҳар инфратузилмаси ҳисобга олинмаган ҳолда йўлга қўйганлигидан оддий аҳоли жабр кўриши керак эмас, назаримизда.
Нима ҳам дердик, шаҳар транспорт тизимида ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар аниқ. Биз эса уларни холислик асосида сизга ҳавола этдик. Хулоса эса Сиздан, азиз муштарий!
Умида Ҳақбердиева

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *