МАХАЛЛАМИЗ ЭГАСИ

Ҳар маҳалла, ҳар бир кўчанинг тайинланмаган ўз Эгалари бўлади. Улар маҳалланинг раиси ҳам, ҳеч йўқ, кўчабошиси ҳам бўлмаслиги мумкин. Бироқ таъсир доираси тайинлаб ёки сайлаб қўйилган расмий амалдорларникидан кучлироқ. Кези келса, расмийлар ҳам ана шундай кишиларнинг гапига қулоқ тутади, ҳатто, мусаллам туради. Бундайларни замонавий илм норасмий лидерлар, деб ҳам атайди чоғи…
Қизиғи, бундайларнинг аксарияти ўзининг анчайин иззатли инсон эканлигини билмайдилар. Билсалар ҳам, билдирмайди – писанда қилмайди. Яна ажабки, бу тоифа инсонларда амал ё мартабага ичкин эҳтиёжни мутлақо сезмайсиз!
Бир пайтлар ёзувчи, шоирлар, адабиётшунос олимлар қавмининг ҳам ана шундай, ўз ЭГАси бўлгуси эди. Бу зот, ҳа, ўша, ажойиб шеър-у достонлари, “Шинелли йиллар”, “Олтин зангламас”, “Жаннат қидирганлар” номли машҳур романлари билан халқ меҳрини қозонган забардаст адиб Шуҳрат домла эди.
Бизга чин, сизга муболаға, ўтган асрнинг 60-80 йилларида биронта ижодкорнинг маъракаси, тўю тўйчиғи шу инсоннинг тасарруфисиз кузамаган. Бошига иш тушган ижодкор, албатта, Шухрат акага бош уриб борган. Шуҳрат домла келиб аралашмагунича, азали уйдан маййит чиқмаган. Вилоятлардан пойтахтга келиб довдираб юрган иқтидорли ёшлар Шуҳрат домлани Абдулла Қаҳҳордан кейинги нажот қалъаси деб тасаввур этган. Бу тасаввур, айниқса, армия хизматини ўтаётган сурхондарёлик Усмон Азим деган аскар боланинг шеърий машқларига оқ йўл тилаб газетада чиқартиргандан кейин янада мустаҳкамланган эди. Қўйингки, адиб Тошкентдаги катта-ю кичик ижодкор бор-ки, барча барчанинг “Шуҳрат ака”сига айланган эди!..
Умуман, Шуҳрат домланинг замондошлари тақдирига ҳеч қачон бефарқ бўлмагани, кимлигидан қатъи назар беминнат ҳожатбарорлиги, ёрдамга муҳтожга мудом камарбасталиги тўғрисидаги хотиралар йиғилса ҳам салмоқлигина китоб бўлади!

  • * *
    Ўзбекда ака сўзи, биласиз, сўзи ўлмайдиган, ёнидагиларга отадай меҳрибон, қаҳрида ҳам меҳри пинҳон жигар, дегани.
    Хўш, бу гаплардан мудда не? Муддоа шуки, Тошкент шаҳрининг биз яшаб турган «Афросиёб» номли маҳалламиз (Миробод тумани) да ҳам Шуҳрат домлага ўхшаган ўз Ботир акаси борлигини айтиш.
    Тўғри, бизнинг Ботир акамиз ижодкор эмас. Лекин қўлига қалам тутган шоир, ёзувчи, олим-у аллома борки, барчасини номма-ном билади. Газетачи журналистларнику, айтманг, ҳаммасини танийди. Наинки танийди, феъл- атвори, қандай ёзади, қаерда туғилган, нечта хотини, нечта фарзанди бор, айтиб беради. Чунки у бир умр марказий газета журналлар, адабий китоблар чоп этиладиган “Шарқ” нашриёти босмахонасида ишлаб, салкам етмиш ёшида пенсияга чиқди.
    Нафақага нега бунча кеч чиққан, дейсизми? Болалари, дада, энди етар ишлаганингиз. Бизни дуо қилиб, уйда ҳам ўтиринг, роҳатланиб, демаса, ким билади, ҳалиям ишлаётган бўлармиди. Ҳа, нима қипти, уйда азиз, маҳаллада мукаррам, ишхонасида иззат-икромли… Турли издиҳомларда файзимиз – оқсоқолимиз бўлиб юринг, деб туришса, ишлайди-да!..
  • * *
    Ботир акани хўб мақтадингиз-да, дейсизми? Ундай деманг, дўстим. Маҳалламизнинг ўзида ҳам бор, шундай деб ўйлайдиганлар. Анави, димоғи калон Бовлиқул Довруқ ҳам шундай дегувчилардан эди. Қазоси етиб, онаси вафот қилди! Ўлим, айтиб кел-майди. Бечора, довдираб қолди. Азанинг юмушлари тиғиз бўлади. Югуртирай деса, фарзандлари ёш. Ўзи эса элнинг иссиқ совуғи, издиҳомидан мудом нарида турган. Ўлим хужжатларини расмийлаштириш. Ғассол топиш. Тобут ва бошқа асбоб анжомларини олиб келиш. Масжидга одам юбориш. Қабр қаздириш. Қўйингки, бундай пайтда ҳар қандай дадил одамнинг ҳам ақли шошиб қолиши тайин.
    Бизникида хали ўладиган одам йўқ, деб, кафанликнинг ҳам ғамини емаган экан. Бу “сарупо” қўни-қўшнидан сўраладиган матах эмас. Бозорга чопмоқ зарур. Шундай пайтларда чечан Худо минг қўйлининг ишини бир қўйлига тушириб қўяди…
    Йўқ, бундай пайтларда сиз-у биздан кечган мулоҳазалар Ботир аканинг хаёлига ҳам келмайди. Эл бошига иш тушганда қилиб юрган одатдаги иши: юмушларни расамади билан ҳал этишга киришиб кетаверади. Қўлидан иш келадиган чаққон йигитларни топиб-топиб, ҳар томонга тирқиратади. Ўзи эса, маййитнинг руҳини чирқиратмай, сўнг манзил сари эъзозлаб элтиш учун бажо қилиниши лозим бўлган бошқа майда-чуйда, аммо аҳамияти маънавий қадриятларимиз билан боғлиқ нозик расм-русумларни тўғри ва бекам-у кўст адо этилишини назорат қилишга киришади.
    Тўй, байрам ўз йўлига. Бироқ азанинг тартиб таомили мураккаб. Расм-у русмини ҳамма ҳам билавермайди. Лекин, ўрни келганда бир гап, биз яшаб турган «Афросиёб» номли маҳалламизда бундай ишлар ҳеч қачон муаммога айланмаган. Чунки, бу ернинг ўз Ботир акаси бор!
  • * *
    Ботир аканинг сўзи ҳеч қачон ўлмаган. Нега? Чунки у киши билмаган ишнинг ўзи йўқ. Зарур бўлса, юз килолик дошқозонда ош дамлаб, менман деган ошпазга дам бериб қўяди. Қурбонликка қўй сўймоқчисиз, қассоб излаб овора бўлиб юрмайсиз. Эҳсонлар-у издиҳомларда дастурхондаги озгина нарсангизни созгина – кўпдай қилиб тузаб ҳам қўядики, бу иш ҳам энди ҳар каснинг қўлидан келавермайди.
    Оилавий тутумлари ҳам айрича ибратли. Завжаси Саодатхоним билан ўғил-қизлардан барака топган. Қуда-андалар миннатдор. Маҳалла ҳавасда. Невара- чевараларидан келин олсам, куёв қилсам деганлар саноқсиз…
  • * *
    Ҳа, дарвоқе, биз Ботиржон билан дўмдош қўшнимиз. Муштарийлар муаллиф таниш билишчилик қилибди бу мақоласи билан, деб ўйлаётгандир. Ҳай энди, инсоф билан ўзингиз айтинг, шундай қўшним билан мен ифтихор қилмай, ким ифтихор қилсин? У ҳақида ёзмай, ким ҳақида ёзай?! Қолаверса, ён қўшним-жон қўшним, деб айтиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Бордию, сизнинг ҳам таърифида Ботиржондай ҳамсоянгиз бўлса, садағангиз кетай, айтинг, ўша инсон ҳақида ўн қоғозлик очерк ёзмаган номард!

  • Набижон ТЎЙЧИЕВ,
    журналист.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *