НАРГИЗА ЭРГАШЕВА: “МАКСАДИМИЗ — ОДАМЛАРГА ЯХШИЛИК УЛАШИШ”НАРГИЗА ЭРГАШЕВА:

Бугун ижтимоий тармоқлар фаоллашган бир пайтда одамлар телевизор кўришдан бироз йироқлашгандай, назаримизда. Экранда жиддий кўрсатувлардан кўра енгилроқ, саёзроқ дастурлар кўпроқ ўрин олган, дейиш мумкин. Бу аксарият хусусий телеканалларда кузатилади. Сабаби улар телеканал рейтингини биринчи ўринга қўйишади. Лекин ҳар бир телеканалнинг, ҳар бир кўрсатувнинг ўз мухлиси бор. Айтиш жоизки, маънавий-маърифий, дунёқарашни кенгайтирадиган, одоб-ахлоқ, таълим-тарбияга оид дастурларнинг томошабини ҳамиша топилади. “Маҳалла” телеканалида эфирга узатиладиган “Одоб дурдоналари” кўрсатуви шулар жумласидан. Биз унинг муаллифи Наргиза Эргашевадан айрим саволларимизга жавоб олдик.


— Наргиза опа, “Одоб дурдоналари” кўрсатуви бугунги кун томошабинига нима беради?
—Тасаввуф аҳлининг қоидаларидан бирида: “Одоб бўлмагунича, Ҳақ ва халқ билан сайри сулук бўлмас”, дейилган.
Бугунги дунёга глобализм деган тушунча кириб келган. У ҳатто инсониятнинг маънавий ҳаётига ҳам дахл қилмоқда. “Оммавий маданият”, ёт ғоя ва мафкураларнинг кириб келиши ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсата бошлади. Маънавий бой, билимли кишигина ҳар қандай ғояни ўз тафаккури элагидан ўтказиб қабул қилади. Аммо бугунги кундаги “маънавий ғалвиримиз” қанчалик бутун? Ўйлайманки, ҳар қандай ёт ғоявий хуружларга ҳар биримиз ахлоқий-ҳуқуқий жиҳатдан тарбия топган, диний ва дунёвий билимларга эга бўлган, ўзининг тарихи, қадриятлари ва маданияти билан қуролланган шахс сифатида жавоб бера олишимиз керак. Шу маънода кўрсатув концепциясида одоб-ахлоқ тамойилларининг ҳар бир бўғини эътиборга олинган. Ундан оила, фарзанд тарбияси, ота-онага эътибор, яхшилик, меҳр-оқибат, сахийлик, ҳалоллик, силаи-раҳм, эзгулик, қўни-қўшничилик, катталарга ва устозларга ҳурмат, илм олиш, муомала маданияти, Ватанга муҳаббат туйғуларини шакллантиришга қаратилган қатор мавзулар ўрин олган.
— Назаримизда бугун одоб-ахлоққа оид кўрсатувдан кўра, енгил ва бачкана дастурларнинг томошабини кўпроқ…


— Енгил кўрсатувни ҳазм қилувчисининг қабул қилиш доираси ҳам енгил бўлади. Тафаккур қилувчи ҳар бир одам истеъмолчидир. У аввал маҳсулотни бир қараб чиқади, вазни кўтарса қабул қилади, бўлмаса йўқ. Томошабин кайфиятига ва вазнига қараб кўрсатув танлайди. Усти ялтироқ, мағзи пуч маҳсулотнинг ҳам ўз харидори бўлади. Айрим шоуларда эр-хотин, ака-ука, опа-сингил можаролари, мерос талашиш каби ижтимоий масалалар студияга олиб чиқиляпти. Сунъий бир хил кўринишдаги қиз-жувонлар, айрим аёлларнинг эри билан мулоқотдаги устунлиги, ота ва қизининг суҳбатлари, ёмон келин ва қайноналар саҳналарини экранга олиб чиқавериб томошабин дидини қотириб қўймадикмикан? Баъзи рекламалардаги оила даврасида эшитишга уяладиган сўзларга қулоқларимиз ўрганиб қолмаяптими? Биз уларнинг миллий маънавиятимизга, қадриятларимизга ва руҳиятимизга сингиб кетишига йўл қўймаслигимиз керак. Ўзини билган томошабин уларни кўрмайди. Маданиятимизни гўзал ҳолатда тарғиб қилайлик. Раҳматлик онажоним беодоб ва бетарбия болаларни кўрсалар “эй, ота-бобонг қилган ишни қилсанг-чи, нима қиласан ўзингни шарманда қилиб?” деб танбеҳ берардилар. Шундай насиҳатлардан куч олиб, шарқона ва ижтимоий одобларимизни амалда кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
— Мавзуларни танлашда нималарга аҳамият берасиз?
— Бирор мавзуни ёритишдан аввал муаллиф сифатида албатта китобларга мурожаат қиламан. Мавзуларни бугунги ҳаётимиздан келиб чиқиб танлаймиз. Масалан, оила мавзуси. Афсуски, сўнгги вақтларда айрим катталар ҳам оила муқаддаслигини унутиб қўйишмоқда. Шунинг учун ажримлар кўпайган. Бегуноҳ болалар тирик етим бўлиб қолаётганини кўряпмиз. Бу фожиа. Шунингдек, ёшлар тарбияси, қариндошлар оқибати, илм олишнинг ҳикмати каби мавзуларга кўпроқ мурожаат қиламиз. Мухлислардан келадиган таклифларни ҳам инобатга оламиз. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “Одоб — “адаб” (арабча)” деб ёзилган. “Адаб — адабиёт, яхши тарбия, маъқул ҳаракат, ижтимоий ва шахсий ҳаётдаги яхши ахлоқ, тарбия, хушмуомалалик”, дейилади. Манбаларда келтирилишича, одоб сўзи инсонларни маънавий зиёфатга, яхшиликка даъват қилмоқ, гўзал хулқ-атворга ундаш маъносини англади. Инсоннинг зийнати унинг ташқи кўринишида ёки бойлигида эмас, балки чиройли одобидадир. Ҳамма замонларда ҳам яхши хулқли, ширин сўзли, гўзал фазилатли инсонлар жамиятнинг кўрки бўлиб келган. Шунинг учун тайёрлаётган ҳар бир кўрсатувимиз томошабинга манфаатли ва хайрли бўлсин, деб дуо қиламан.
— Айнан одоб-ахлоққа оид кўрсатув муаллифи сифатида ёшларга айтадиган фикрларингиз борми?
— Ёшларга айтадиган гапларим кўп. Аввало вақтни ғанимат билинг, қадрланг. Мен ҳам ёш бўлганман. “Ҳали ёшман-ку, вақти келса ўрганиб оларман”, деган пайтларим бўлган. Гоҳида ўша зое кетган муддат бугун менга панд беради. Кўпроқ китоб ўқинг. Интернетдан эмас, ҳақиқий китобни қўлларингиз билан ҳис қилиб ўқинг. Ижтимоий тармоқларга боғланиб қолманг. Бирор-бир хорижий тилни ўргансангиз яна яхши. Одамларни яхши кўринг, меҳрли ва саховатли бўлинг. Энг муҳими ким эканлигингизни унутманг. Динимиз кўрсатмалари ва қадриятларимизга амал қилинг. Ишонинг, шунда кўзлаган мақсадларингизга осон етишасиз.
Шуни таъкидлашим керакки, кўрсатувимиз тарбиявий аҳамиятга эга бўлгани учун ҳар бир ходим ўз вазифасини яхши билади. Тасвирга олиш ишлари бошланишидан олдин сценарий устида баҳслашиб оламиз. Режиссёримиз Алишер Абзаловнинг тажрибаси катта бўлгани учун маслаҳатига қулоқ тутамиз. Кўпинча тасвирчиларимизнинг ўткир нигоҳлари билан сценарийдаги айрим саҳналарни ўзгартиришга тўғри келади. Асосий мақсадимиз — томошабинга кўримли маҳсулот бериш орқали уларга яхшилик улашиш.
Ғофур ЖАБИЕВ суҳбатлашди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *