ОИЛА МЕҲР-МУҲАББАТ МАСКАНИ БЎЛМОҒИ ЛОЗИМ

2023-йил 2-ноябрь куни Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши ва Олмазор тумани ҳокимлиги билан биргаликда “Чўлпон” номли кутубхонада оилаларни мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини янада такомиллаштириш мақсадида “Соғлом оила-соғлом жамият” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар ҳамда туман кенгашлари масъуллари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман кенгаши депутатлари, нуроний отахон ва онахонлар, маҳалладаги хотин-қизлар, ёшлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Мулоқотда оила институтини янада ривожлантириш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида оила ва хотин-қизлар йўналиши бўйича белгиланган вазифалар ҳақида атрофлича фикр юритилди. Эрта турмуш ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ, оилавий ажримлар сабаблари ва уларнинг олдини олиш бўйича маълумотлар берилди. Шунингдек, оилани, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда юқоридаги каби оила қуришда кузатилаётган иллатларнинг олдини олиш мақсадида 2023-йил 31 октябрда Президент томонидан имзоланган ЎРҚ-874-сонли Қонун мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Кўп йиллик ҳаётий тажрибага эга нуроний отахон ва онахонлар ёшларга оилавий ҳаёт, оилани муқаддас санаш, оиладаги ўзаро муносабатлар, фарзанд тарбияси ҳақида маслаҳатлар берди. Ўзларининг ҳаёт йўллари, тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази директори Ҳ. Каримова

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *