“Олтин қалам” ҳақида…

15 май куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида журналистика соҳасидаги «Олтин қалам» XVII Миллий мукофоти учун ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Танланган жой ниҳоятда улуғвор – Анжуманлар саройи! Аммо куни кеча бўлиб ўтган тадбир ташкилотчилик нуқтаи-назаридан қанчалик ўзини оқлади? Ҳа, бу тақдирлаш маросими ўзгача бўлиши керак эди. Тамоман бошқача, юқори кайфиятда!


Манаман деган катта лойиҳаларнинг бошида журналисту режиссёрлар туради аслида… Лекин “Олтин қалам” учун ташкил этилган тадбир қўл учида, фақатгина мукофотларни топшириш учунгина тайёрлангандек гўё. Худдики, пала-партиш тайёрланган “ҳисобот” каби! Нима учун кино, театр ва мусиқага оид катта тадбирларда қизил йўлакчалардан соҳанинг машҳурлари, фидойилари виқор билан юришга ҳақли, аммо ОАВ ходимларини ҳатто тайинли кутиб олишнинг ҳам иложи йўқ?! Алвон гиламларда намойишга чиққан оломонга ўхшадик! Тадбир вақтини шом пайтига тўғрилаб, чироқлар ёруғида, шаҳарнинг оқшом палласидаги файзига ҳамоҳанг тарзда саҳналаштириш мумкин эди-ку!
Ўзбекистон журналистикасининг забардастларини, фидойиларини, телеюлдузларини, донғи кетган режиссёр ва операторларини алоҳида эътироф билан залга таклиф этсак қандай ярашар эди? Ёки муболаға қиляпманми? Тўғри, қалам аҳли бир қадар ҳокисор, шоу-бизнес оламидагилар каби ўзларини кўпда кўз-кўз қилмас. Аммо ташкилотчилар уларнинг меҳнатларини кўз-кўз қилса, ўзларига ҳам обрў орттириб олишар эди.
Республикамиз Президенти журналистлар менинг дўстларим, деб ардоқлаб турганда “Уюшмаган уюшма” жўн тадбир ташкил этганини қандай изоҳлаш мумкин?
Таклифномалар… Бир кун аввал ижтимоий тармоқларда айнан шу мавзуда постлар қўйилди. Демак, таклифномалар қолмаган деган ўй келди. Аммо эртаси куни… Анжуманлар саройи муҳташамлиги боис одамларни ютиб юборганга ўхшади. Бўш ўриндиқлар, қўлда қолиб кетган таклифномалар шуни тасдиқладики, ташкилотчилар ҳатто меҳмонлар рўйхатини ҳам тўғри шакллантирмаган!
Соат 16.00 да бошланадиган тадбир 17.00 да бошланди. Ҳа, майли, биз вақт масаласида “немисча ҳисоб-китоб” қила олмаймиз, дедик. (Боиси “Олтин қалам”дан аввал “Ҳоким бува” мини-сериалининг тақдимоти ҳам таклифномаларда соат 15.00 деб кўрсатилган. Борсак, 16.00 да бошлаймиз, дейишди. Аммо шунда ҳам камида 15 дақиқа чўзилган бўлмаса…)
Хуллас тадбир бошланди. Саҳна монитор ва бир бурчакда созандалар! Аммо катта саҳнанинг ҳувиллаб тургани тадбирнинг умумий кайфиятини белгилаб бўлди. Наҳотки, саҳнани ёрқинроқ намоён этишнинг имкони бўлмаса?


Анжуманлар саройига биринчи марта келган одамда қандай тасаввур пайдо бўлганини англаш қийин эмас… Ҳа, майли, унисига ҳам чидадик. Аммо бошловчилар айтган маълумотларни яна мониторда (жуда арзон ролик) лавҳа билан бериш қайси мантиққа тўғри келади? Одатда катта тадбирлар учун махсус роликлар тайёрланади. Аммо “Олтин қалам” даги кадрларнинг ҳаммаси “терма кадрлар”! Наҳот шундай катта маросим учун битта промо ролик тайёрланмаган?!
Бир маҳал саҳнага Муҳаммадзиё дегани чиқди! Буниси ҳаммасидан ошиб тушди. Тўғри, унинг “қўшиғи” тўйбоп, оммабоп бўлиши мумкиндир. Аммо СЎЗ билан боғлиқ катта тадбирда “миндей” деб куйлаши… бу ҳақоратдек гап!
Мукофотларни эълон қилиш учун саҳнага таклиф этилган катта шахсларда, катта ижодкорларда завқ етишмади. Совуққина саҳнага совуққина қадамлар билан борди… Фақат Комил Алламжоновгина саҳнада сўзини саломдан бошлаб мукофотни илиқ кайфият билан топширди. Бу жараённи эгаллаб турган мансаб билан изоҳламаслигингизни сўрардим. Ҳар ҳолда катта саҳнага чиққан ижодкорларнинг сўз борасида ҳеч ҳам ғариблиги йўқ эди.
Мен номинациялар, мукофотланганлар ва “Жентра” ҳақида гапирмайман. Чунки, ким лойиқ, кимнингдир имкониятига муболаға билан баҳо берилганини одамлар аллақачон билиб олишди. Ҳа, узр, “Жентра” ҳақида гапирмасам бўлмас экан! ЎзМУнинг 105 йилликги байрами ҳақиқатан катта эътирофларга лойиқ. Аммо “Олтин қалам”нинг Бош мукофоти айнан бир ижодкорга берилиши керак эмасми?.. ЎзМУ учун алоҳида махсус соврин ажратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Эҳ, ёзаман деса… Бир йил кутган тадбиримизнинг аҳволи шундай бўлди. Балки, бу сўзларим маросим ташкилотчиларига малол келиши, оғир ботиши, “сен кимсан, аввал катта бир ишнинг бошида туриб кўр” деган муносабатларига сабаб бўлар. Аммо айтмасам ҳам бўлмас эди… Чунки биз яна бир йил “Олтин қалам”ни кутамиз, бу ОАВ ходимлари учун анъанадек гап. Келаси йили тадбирга борсак (бормасак борганлардан) фақат яхши эътирофларга гувоҳ бўлайлик.
Севдо Ниёзова

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *