ОНЛАЙН ҚИМОРДАН ҚАЧОН ВОЗ КЕЧАМИЗ?

Халқимизда ўт, сув ва туҳмат балосидан асрасин, деган нақл бор. Шубҳасиз бу тилсиз душманлар инсон учун ниҳоятда хавфли ва вайронкор. Бунинг исботини ҳозирги ўарбий Европанинг сув тошқинидан кейинги ҳолат мисолида кўриш мумкин. Бироқ, бугунги кунда бу уч офат қаторига осон бойиб кетиш йўли, яъни онлайн қиморни ҳам қўшишимиз мумкин. Ўзбекистонда футболни ривожлантириш учун 2019 йилда онлайн қимор яъни букмекерлик сайтлари фаолиятига расман рухсат берилган эди.

Ҳаммаси мана шундан бошланди. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг,
уйида тўрт-бешта ҳамтовоқларини йиғиб қимор ўйнаганлар жиноий жавобгарликка тортилади. Лекин бунинг қонуний йўли ҳам бор. Смартфонингизда букмекер сайтига кириб, онлайн рўйхатдан ўтасиз, ҳисобингизни тўлдирасиз, ўйинга пул тикасиз ва ютқазасиз. Бу каби ўйинларда ютишнинг ягона чораси – ўйнамаслик!

Дастлаб кичикроқ суммада гаров тикасиз, ютишингизга бир баҳя қолади. Шу тариқа букмекерлар сизга «азарт» беради. Кейин каттароқ миқдорда гаров тикасиз ва яна ютқазасиз. Энди эса ростмана букмекер зомбисига айланасиз. Топган пулингизни сайтга киритиб, ютқазаверасиз, ютқазаверасиз…

Сиз «азарт»га берилгансиз. Қандай йўл билан бўлмасин пул топиш ва гаровга тикиш, қимор ўйнаш кундалик ҳаётингиздаги юмушга айланиб қолади. Ёш йигитлар осон бойиб кетиш илинжида бу ўргимчак тўрига «ёпишиб» қолади ва ундан халос бўла олмайди. Энди халос бўламан, деб ортга қараса, ҳавога совурилган пуллар ва бесамар сарфланган вақтнинг адоғи бўлмайди. Катта ёшдаги инсонлар бир ой давомида ишлаб топган пулини лаънати ўйинга тикиб юборади. Афсуски ҳозирги кунда аёлларимизнинг ҳам онлайн қимор ўйнаши ва гаровга тикишини ҳеч қанақасига ҳазм қилиб бўлмайди.

Мен ўйнаганман ва ютганман, ёшларнинг тилида «плюс»даман дейишингиз мумкин. Бироқ бу қанча вақт давом этади? Букмекерларнинг ўз тактикаси бор. Улар сизга маълум миқдорда ютишингизга имконият беради ва кейинчалик ушбу суммани ўн, юз баробар қилиб чиқариб олади!

Масалага яна бошқа томондан ёндошсак, балки сиз ҳар куни ютгандирсиз. Лекин Ислом динида инсонларга маънавий ва моддий жиҳатдан зарар берадиган ҳар қандай ҳолат қимор ман этилган. Қимор ўйнаш орқали орттирилган маблағ ҳаром ҳисобланади. Бу нафақат сизнинг, балки оилангиз, танишларингиз ва барча яқинларингизнинг уйидан қут-барака, тинчлик-тотувлик йўқолишига сабаб бўлади. Деярли ҳар куни ижтимоий тармоқлар ва телевидениеда ушбу онлайн қиморнинг оқибатлари ҳақида турли хил кўнгилни хира қилувчи хабарлар келиб туради. Булардан бири Самарқанд вилоятида содир бўлди. 18 ёшли, энди куч-қувватга тўлган, келажагини порлоқ қилиб қурадиган ёшда бўлган йигит ўз жонига қасд қилиб, вафот этди.

Хўш, сабаби нима деб ўйлайсиз?

Сабаби даҳшат. Онлайн қимор ўйнаб, ютқазган. Охирги йўл деб ўз жонига қасд қилган. Энди кўзингизни юмиб, қошингизни чимириб ўйлаб кўринг. Бу йигит қанча суммани ютқазганки, ўз жонига қасд қилишни афзал билса? Бу бизга чақириқ, ёш авлодни футболни ривожлантирамиз деб йўқотяпмиз, йўқ қиляпмиз. Онлайн қиморларнинг маънавий зарари шундан иборатки, ёшлар осон ҳаёт тарзига ўрганиб қолади. Тез бойиб кетиш илинжида ҳаётнинг нақадар машаққатли йўл эканлиги, фақатгина тинимсиз меҳнат орқали муваффақиятга эришиши мумкинлигини ёддан чиқариб, англаб етмайди. Бунга мисол килиб сирли дўстимиз билан бўлган суҳбатни ушбу саҳифада эътиборингизга ҳавола қиламиз.

«Ёшим йигирмада. Мактабни битирибоқ коллежга ҳужжатларимни топширдим… Коллежга бормай курсда ўқиб, олий таълим даргоҳига ҳаракат қиламан. Асосийси ота-онам, яқинларимнинг ишончини оқлайман, деб ўйлардим. Шундай қилиб коллеж талабаси ҳам бўлдим! Илк кунлари ўқишга бориб қўймасам, кейинчалик йўқлигим сезилиб қолармиш… Ҳа, майли, дея режаларни сал орқага сурдим. Ҳаммаси шундан бошланди… Қишлоқ шароитидаги коллеж ва «бошқачароқ» ўқитиш тизими – бу нуфузли лицейда ўқиб келган ва у ерда ҳам энг аълочи, кўзга кўринган ўқувчи учун бироз эриш туюларди. Гўё курсдошларим орасида ўзимни осмондан тушгандек ҳис қилардим. Эшитишимга қараганда 1-2 кундан сўнг улар орасида «АҚЛЛИ» деган лақабим тарқалибди. Улар билан пачакилашиб ўтиришга вақтим йўқ эди. Ягона мақсад – грант асосида ўқишга кириш! Кунлар ҳам бир маромда ўта бошлади. Курсдошларимга ҳам мажбурликдан кўникиб кетдим. Якка юришдан зерикдим. Секин-аста ўзимга дўст орттира бошладим… Телефон қўлига ёпишиб қолган бир ошнам бор эди. Менимча, ухласа ҳам телефонини қўлидан қўймаса керак!

Душанба тонги… Яна ўша ўқиш… Яна ўша инсонлар… Нима ҳам қилардим, ўзимни мажбурлаб ўқишга келдим. Дарс бўладиган хонага кирсам шов-шув… Ҳамма курсдошлар ўша «телефон жинниси»ни осмонга отишяпти. Кейинчалик нима бўлганини билсам, онлайн ўйин орқали катта микдорда пул ютиб олганмиш. Мендек ақлли бола бунга ишонармиди, албатта йўқ! Аммо эртаси куни у боланинг қўлида кўпларнинг орзусига айланиб улгурган сўнгги урфдаги смартфонни кўриб, ҳайрон қолдим. Билсам, ростдан ҳам айтишганидек ўйин орқали ютиб олган пулининг бир қисмига олган экан. Мени ҳам аста-секин ўйинга қизиқишим ортди… Ўрганишга киришдим ва тез ўзлаштириб олдим. Биринчи ўйинни ўзидаёқ 300 доллар тикдим. Уни икки баробар кўпайтириб олдим. Ўша пайт мендан бахтли одам йўқ эди. Омадни ҳам боғлаб бермас экан! Кейинги ўйинларда ҳам ғалабага оз қоларди, аммо ютқазардим… Коллежга нима мақсадда келганим тобора унутилиб борарди. Ўйинга тикишга пул қолмади, тўхтатишга уринардим-у, лекин ҳавога учирган пулларимни ўрнига қўймасдан тўхтатмасликка қарор қилдим. Сотишга арзийдиган ҳамма нарсамни сотдим, қарз ҳам олдим, уйдан пул, онамнинг тилла тақинчоқларини ҳам ўғирладим. Қарзларимни тўлай олмасдим. Булардан қутилишнинг ягона чораси ўлим деб ўйладим. Бу ишга қўл урмоқчи бўлдим… Жон ширинлик қилди… ва шу пайт ортга қарасам, самода қанот қоқаётган 3000 доллар ва «озгинагина» ортга сурилган режаларим билан ёлғиз қолган эдим!»

Ёш авлодни тўғри тарбиялаш, янги Ўзбекистоннинг келажагини порлоқ кўриш, дунёнинг етакчи давлатлари қаторида бизнинг давлатимиз номи ҳам бўлишини мақсад қилдикми, осон ҳаёт тарзидан, тез бойиб кетишдек сохта ва пуч ғоялардан воз кечишимиз даркор. Халқимизга моддий ва маънавий зарар берадиган иллатларни, онлайн қиморлар, букмекерлик сайтлари, казинолар фаолиятига юртимизда нуқта қўйишимиз лозим. Бу салбий машғулотларнинг зарарини ўрнини давлат тўлайдиган солиғи билан қоплаб бўлмайди. Сўзим сўнгида яна бир бор такрорлайман, ҳаётда муваффақият қозонмоқчимизми осон ҳаёт тарзидан воз кечайлик.

Бой бўлмоқчимисиз?! Бунинг жавоби оддий, ҳамма ухлаган вақтида сиз ишланг, меҳнат қилинг. Ўз ишингиз устаси, етук кадр бўлганингизда муваффақият ва маблағ сизни ўзи излаб келади!

Маҳзуна 
ВАЛИЖОНОВА

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *