ОРЗУЛАР УШАЛГАНДА

Агар давлат таянадиган асосий устун қонун бўлса, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим бу – ички ишлар соҳаси, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Бугунги кунда ички ишлар тизимида фуқаролар тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашдек бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган ходимлар орасида подполковник Жозил Турсунов ҳам бор. У кишининг оиласини том маънода ҳарбийлар оиласи, десак асло муболаға эмас. Сабаби, бугунги кунда Жозил аканинг нафақат фарзандлари, балки набиралари ҳам ички ишлар органларида сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда.

Жозил Турсунов етти фарзандини ҳам Ватан корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялади. Бугунги кунда у набиралари учун ҳаётда севимли бобо, хизмат вазифасида эса меҳрибон устоздир.

Жозил Турсунов 1950 йилда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида таваллуд топган. У мактабни битирганидан сўнг Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Тошкент давлат педагогика университети)да ўқиди. Дастлабки фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган қаҳрамонимиз Ватан олдидаги шарафли бурчни ўташ мақсадида армияга жўнаб кетади. Бир йиллик хизматни ўтаб қайтган Жозил Ибрагимович яна педагогика соҳасида фаолият юрита бошлади. Бироқ, ёшликдаги орзуси ва меҳнатлари самараси ўлароқ, 1978 йилда Самарқанд вилояти Нурота тумани ИИБнинг Вояга етмаганлар билан ишлаш инспекциясида инспектор лавозимида иш фаолиятини бошлади.

– Мактабда ўқиб юрган кезларимда ички ишлар ходимларига ҳавас қилардим. Мен таҳсил олган 56-умумтаълим мактаби уйимиздан 4 км. масофа узоқликда жойлашганди. Мактабга кетаётганимда кўпинча орган ходимларини учратардим. Улар билан суҳбатлашиш менга ёқар, уларнинг фаолиятига жуда қизиқардим. Шу суҳбатлар асносида менда ички ишлар ходими бўлиш истаги пайдо бўлган.

Ходим сифатида фаолият олиб боришни бошлаганимдан сўнг ишдан ажралмаган ҳолда Тошкент давлат юридик университетида ҳам ўқидим. Хизмат даврим мобайнида таълим ва тарбия масаласини баробар олиб боришга ҳаракат қилардим. Инспекторликдан полковниккача бўлган деярли 20 йилдан ортиқ фаолиятимда жиноятчиликка қарши курашиш, Ватанга, халққа садоқат билан хизмат қилишни ўз бурчим деб билганман. Ҳозир 73 ёшдаман. Ҳеч қачон бу соҳада хизмат қилганимдан афсусланмаганман. Агар яна ёшликка қайтишни имкони бўлганда ҳеч иккиланмасдан яна шу соҳани танлаган бўлардим. Фарзандларим ҳам, набираларим ҳам шу руҳда тарбияланганлиги сабабли, улар ҳам мендан, мени касбимдан фахрланган ҳолда шу соҳада фаолият олиб боришмоқда. Катта ўғлим Тошкент давлат юридик университетини тамомлаб, бугунги кунда юрист сифатида ишлаб келмоқда. Иккинчи ўғлим эса Ички ишлар академиясининг магистр даражасини тамомлади. Бундан ташқари, раҳбар кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳам ўқиб, ҳозирги кунда тезкор жиноят-қидирув йўналишида хизмат олиб бормоқда. Набирам Нодирабегим Ибрагимова ҳам Академияни тамомлаб, 2021 йилдан бери Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Кадрлар бўлимида ишлаб келмоқда. Яна бир набирам Темурбек Ибрагимов ҳозирги кунда Ички ишлар академиясининг охирги курсида таҳсил оляпти. Фарзандларим, набираларим мени изимдан бориб, унвонларга сазовор бўлишларини, халқимизни тинчлигини, осойишталигини сақлашда, фидокорона меҳнат қилиб, жонбозлик кўрсатишларини истайман. Ўзларининг шу соҳадаги ҳалол хизматлари билан халқимиз назарига тушишларини истардим. Юртимизда доим тинчлик бўлсин.


Нодирабегим Ибрагимова,

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси
Психологик таъминлаш гуруҳи бош психологи,
лейтенант:

– Ёшлигимиздан оиламизда Ватанга муҳаббат, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига юксак ҳурмат муҳитида тарбия кўрганмиз. Бобом ва дадамнинг формада юришлари, ўзларини тутишлари, улардаги қатъиятлилик менда ҳам бу касбга нисбатан меҳр уйғотган. Шу сабабдан, Ички ишлар академиясига ўқишга топширдим. Курсантлик даври ҳаётимнинг энг ёрқин лаҳзалари, десам муболаға бўлмайди. 3 йиллик машаққат самараси ўлароқ, бугун ўзим севган ва ёшликдан орзу қилган касбимдаман. Биринчи марта лейтенант формасини кийганимда барча қийинчиликлар кўз олдимдан ўтган ва машаққатли меҳнатнинг меваси ширин бўлишини тушунганман.


Ички ишлар органлари ходимлари кечаю кундуз тинчлигимиз ва хавфсизлигимизни ҳимоя қилишаётгани ҳақида кўп ёзамиз. Ва бу ҳақиқатан ҳам шундай. Қариндошлари шу касбни танлаган инсонлар буни яхши билишади. Ҳуқуқ-тартибот органи ходими бўлиш шарафли бўлиш билан бирга машаққатли касблардан биридир. Қийинчиликларга қарамай, осуда ҳаётимизни таъминлаётган ушбу касб эгаларига муваффақият тилаймиз. Байрамингиз муборак бўлсин, тинчлигимиз посбонлари!

Умида ҲАҚБЕРДИЕВА

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *