ОШИҒИ ОЛЧИ ВАЙНЕРЛАР

Шу ўринда “Улар ростдан ҳам вайнерми? Вайнер ўзи ким?” деган савол туғилади. Вине сўзи – “Vine” номли дастур билан боғлиқ бўлиб, ушбу дастурда намойиш қилинадиган 6 сониялик роликлар шундай аталган. Instagram ёки бошқа ижтимоий тармоқларда қўйилаётган видеоларни вине деб аташ эса аслида нотўғри. Бундай видеолар “скетч” деб номланади. Бироқ иккала турнинг ҳам асоси видеороликлар билан боғлиқлиги учун буни жиддий хато дейиш асоссиз бизнингча. Нима бўлганда ҳам ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари вайнер деганда асосан Instagramда ижод қилаётганларни тушунмоқда.

Сўнгги йилларда бир неча янги касблар ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллай бошлади. Улар қандай иш билан шуғулланишини билмасак-да номларини кўп эшитганмиз. Бундан 10 йилларча аввал WhatsApp энг оммалашган ижтимоий тармоқлардан эди. Уч-тўрт йил ўтиб эса Telegram энг оммабоп тармоққа айланди. Охирги 2-3 йил ичида эса Instagram мактаб ва университетларда энг кўп фойдаланилаётган тармоқ бўлиб турибди, десак муболаға бўлмайди.


Деярли ҳар куни “янги пост қўйдим”, “сторисингда мени ҳам белгила” каби жумлалар қулоғимизга чалинади. Бевосита ўзимиз ҳам бу жараёнда иштирок этамиз. Айнан Instagram “вайнер” номли янги сўзнинг муомалага кириб келишида катта роль ўйнади. Асосан, ҳазил-мутойибага мойил видеолар, автомашиналар, ижтимоий муаммолар, мотивацион мавзуларга оид контент қилувчилар “блогер” ёки “вайнер” деб атала бошланди. Кулгули бирор интервью ҳам ижтимоий тармоқларда тез тарқалиб вайнерлар учун тайёр янги мавзуга айланяпти. Телеканаллар ҳам ўз рейтинги учун айни интервьюларни саҳналаштираётгандек.
Бугун вайнерлар орасида машҳурликка эришганлари жуда кўп. Жумладан, jaxongir_xo’jayev 5.2 миллион, dili.me, doniyorkayumov1, liil.khuramov 3 миллион, bek_vines 2.1 миллион, abdurahmon_mufid 2 миллион, mitti.me, boburmansurov, elmurodhaqnazarov, salikh_prod, obidjon_nasriddinov каби вайнерлар 1 миллиондан ортиқ обуначига эга. Бундан ташқари, обуначилари миллионга етмаган sakhievvv, komolqohhorov1, alixonov__timur, tolaganoff, utkir_shodmonov ники остида ижод қилаётган вайнерлар видеолари ҳам кўп томоша қилинади. Обуначиси кўп бўлган яна бир қанча ник эгалари бор. Бироқ, улар бу ишга қўл ургунларига қадар танилиб улгурганлиги, асл касби актёр ёки қизиқчи бўлгани учун бу рўйхатга қўшмадик. Одамлар кўзига тушган вайнерлар клип ва фильмларга ҳам тез-тез таклиф қилинмоқда. Айниқса, ўз видеолари билан турли замон образларини жонлантира олишини исботлаб қўйган вайнерларнинг хизматига эҳтиёж катта. Жумладан, dili.me Ҳамдам Собиров клипларида мунтазам равишда роль ўйнаб келмоқда.


Instagram кўпчилик учун имкониятлар эшигига айланди. Энди яхши даромад топиш учун ўша соҳада 4 йил давомида таълим олиш шарт эмас. Ўзингизга яқин ва ёққан мавзуда видео олинг ва ўз саҳифангизга ҳафтада икки-учта янги пост жойланг. Албатта томошабоплик ва сифатига эътиборлироқ бўлиш керак! Қарабсизки, бир неча ойдан сўнг сизнинг ҳам 50-100 минг атрофида обуначингиз бўлади.
Бугун кўплаб брендлар ўз маҳсулотларини вайнерлар орқали реклама қилишни маъқул кўришмоқда. Бу қарор яхши эффект бераётгани ва телевидениега қараганда бир неча баробар арзонлиги билан ўзини оқлаяпти. Вайнерлар эса бир дона реклама учун 200 доллардан 5 минг долларгача даромад топишмоқда.
Хўш, нега уларнинг обуначилари сони ортиб боряпти? Биринчидан, қизиқарли гап ва саҳна кўринишлари учун бирор фильм премьераси ёки қизиқчи ва кулгу жамоаларининг концертини йил бўйи кутиш шарт эмас. Ўзи ёқтирган бирор вайнернинг саҳифасига обуна бўлиш кифоя. Вайнерлар эса ана шу обуначиларни “ушлаб қолиш” учун ҳам ҳаракат қилмоқда. Ҳафтасига икки-учта видео ўз саҳифаларига жойлаб боришмоқда. Биргина янги пост суратга олиш учун кун бўйи банд бўлишмоқда. Рекламалар ҳам ҳазил орқали видео ичига жойлаб кетиляпти. Унинг реклама эканлигини эса зийрак томошабинларгина пайқай олишади. Бу эса телевидениедаги бир неча дақиқали рекламалардан безган томошабин учун айни муддао. Иккинчидан, хоҳлаймизми ёки йўқми аудиторияни бемаъни ҳазиллар кўпроқ жалб қилмоқда. Видеоларнинг аксарияти шундай турга мансуб. Учинчидан, томошабин катта ҳажмли фильм, видеолардан безган, замон тезлашмоқда, ҳатто хориж фильмларида ҳам динамика юқорилаб боряпти. Энди томошабиннинг паст темпли медиа маҳсулотларни кўришга сабри етмаяпти. Ижтимоий тармоқ эса бу муаммони бартараф қилаётгандек.
Бироқ, бу видеолар бизга қанчалик зарур? Унинг жамиятга фойда ва зиёнлари нималардан иборат деган савол ҳам туғилади. Энг аввало, вақтни беҳуда сарфланишида Instagramнинг улуши катта. Бир неча дақиқа, деб кирган одам соатлаб тармоқда вақт сарфлайди. Айрим вайнерлар самимий дўстлик, болалик хотираларига доир ҳазиллар билан эътибор қозонган. Айримларининг асосий мавзуси эса, бемаъниликка асосланган. Айни видеоларнинг кузатувчилари ҳам афсуски, анчагина. Аммо, abdukarimmirzayev, muhammadali_eshonqulov, anvar_abduqayum, osmondagibolalarr каби мотивацион ва тарбиявий аҳамиятга эга видеолар улашадиган профилларни кузатувчилар ҳам сезиларли даражада кўп.
Шунингдек, ижтимоий тармоқ жумладан, Instagram кўплаб қўшиқчиларнинг танилиши учун қулай маконга айланди. Куйлаётган қўшиғини ўз саҳифасига жойлаш ҳам бепул, ҳам телевидениега нисбатан кўрилиш даражаси юқори. Бунинг устига пул сарфлаб клип олиш ҳам шарт эмас. Биргина гитара билан, шинам хона ёки табиат қўйнида қўшиқ куйлаш етарли. Асосийси дилга яқин куйни топа олсангиз кифоя. Достон Эргашев, Жалолиддин Аҳмадалиев, Муҳаммадзиё, Шохруҳ Эргашев, Миржалол Йўлчиев каби қўшиқчилар айнан шу тармоқлар ва шу йўл орқали халқнинг назарига тушишди. Улар орасида ҳатто телевидение орқали бирор маротаба кўриниш бермай, “Халқлар дўстлиги”дек муҳташам саройда концерт берганлари ҳам бор.
Миржалол МАҲКАМОВ тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *