Пойтахтнинг бош кўчаси

Навоий кўчаси – Тошкентнинг энг қадимги кўчаларидан бири. Қадимда у шаҳар маркази – Чорсу бозорини ҳунармандлар маҳаллалари билан боғлаган. Ундан кейин эса боғ ва далалар бошланган. XIX асрнинг охирларида кўча Тошкентнинг эски ва янги шаҳар қисмларини боғлаб, ўша даврда Тошкўча, кейинчалик Катта кўча номларига эга бўлган. Собиқ Совет ҳукумати даврида эса унга ўша даврда республикани бошқарган Файзулла Хўжаев номи берилди. Сўнг кўчага Шайхонтоҳур номи берилди, 1940 йилда буюк шоирнинг 500-йиллик юбилейи нишонланиши арафасида кўчага Навоий номи берилди. Мана 80 йилдирки биз уни айнан шундай атаб келамиз.

ХХ асрнинг бошларида у эски шаҳарнинг энг гавжум кўчаларидан ҳисобланган, 1908 йилда ушбу ҳудудга пойтахтдаги биринчи керосинли ёритгичлар ўрнатилди. Трамвай ҳам биринчи бўлиб 1912 йилда шу кўчалардан юрган. 1930 йилларнинг охирида кўчада ҳозирги кунда ҳам унга безак бериб турган чиройли бинолар қурилиши бошланди. Улар орасида Хадрадаги Тоғ-кон ўқув юртининг ётоқҳонаси, “Родина” – “Ватан” кинотеатри, Маданият вазирлиги бўлиб, ҳозирги кунда унинг биносида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги жойлашган.

1966 йилдаги зилзиладан кейин кўча Амир Темур шоҳ кўчасигача узайтирилиб, Шахрисабз кўчасининг давоми бўлди ва бу шаҳар марказида транспорт ҳаракатланиши имкониятини кенгайтирди. 1950 йилларда кенг кўчани Чорсу майдонигача узайтиришди, 1982 йилда унда қурилган баланд “Чорсу” меҳмонхонаси – Навоий кўчаси ҳудудининг тугашига ишора қилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *