СИЗДА ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ВА ГАЗ БИЛАН БОЎЛИҚ МУАММО БОРМИ?

Маълумки, шу кунларда пойтахтимизнинг айрим туманларида электр таъминотида узилишлар ҳамда газ босимининг пасайиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Хўш, бунинг сабаби нимада ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўриляптими? Биз шу каби саволлар билан мутасаддиларга мурожаат қилдик.

Фарруҳ Усмонов,

«Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали
директори ўринбосари:

– Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши натижасида табиий газ истеъмолига бўлган талабнинг кескин ошиши “Ҳудудгазтаъминоти” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ билан тузилган шартнома параметрларида келтирилган газ босими етказиб берилмаётганлигига олиб келмоқда. Бу албатта вақтинчалик ҳолат бўлиб, газ босимини кўтариш бўйича барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туну кун навбатчилик хизматлари, ишчи гуруҳи штаблар тузилган. Тез орада мазкур камчиликлар бартараф этилади.

Газ босимини яхшилаш мақсадида Сергели тумани “Номданак” маҳалласидаги аҳоли хонадонларга қўшимча юқори босим ГТП ўрнатилиб, 500 метр кичик ҳажмдаги газ қувур катта ҳажмдаги газ қувурига алмаштирилди. Сергели тумани “Қумариқ” маҳалласига қўшимча юқори босим ГТП қўйилди. Яшнобод туманидаги “Жарбоши” маҳалласига йўналтирилган Д-108 мм ли газ қувури ўрнига ҳажми катта d-219 мм ли 1.2 газ қувури қайтадан қурилди. Юнусобод туманига 219 г/қ тик, Яккасарой туманига 100 метр қўшимча 89 мм қурилди. Янги ҳаёт туманидаги “Чоштепа” маҳалласи Ўзар 1, 2, 3, 4, 5, 7 ва 8-берк кўчаларида ҳам газ босимини яхшилаш мақсадида 2 дона ГТП ўрнатилди ва 300 дан ортиқ хонадонларда газ босими яхшиланди. Бундай ишлар пойтахтимизнинг барча туманларида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда «Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали ва унинг тумангаз таъминоти бўлимларида мурожаатларни камайтириш мақсадида тасдиқланган жадвалларга мувофиқ шахсий ва сайёр қабулларни ўтказиш, мурожаатларни кўриб чиқишда қонун устуворлигини таъминлаш, мурожаатлар билан ишлашнинг аҳволини ўрганиб бориш ва иш юритишни белгиланган тартибда ташкил этиш юзасидан назорат ишлари кучайтирилди.

Ҳурматли пойтахтимиз аҳолиси, агарда сизда газ босими билан боғлиқ муаммолар вужудга келаётган бўлса, (71) 202-11-04 рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.


Дурдона Шоаҳмедова,

“Ҳудудий электр
тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар филиали матбуот котиби:

– Республикамизга кириб келган совуқ ҳаво оқими, айни пайтда кўплаб ҳудудларда қалин қор ёғиши ва ҳароратнинг кескин тушиб кетиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ҳам cезиларли даражада ортганини таъкидлаш жоиз. Ана шундай вазиятда магистрал газ қувурлари ва тармоқларида табиий газ босимининг кескин пасайиши кузатилиб, электр энергияси ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станцияларига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда табиий газ етиб бориши натижасида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам мос равишда тушиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Маълумот ўрнида, декабрь ойининг дастлабки сўнгги кунида шаҳар бўйича истеъмол ҳажми 301 млн. кВт. соатни ташкил этиб, бу ўтган йилга нисбатан 4.1 млн. кВт. соат ёки 1,3 фоизга кўплигини айтиш лозим.

Юқоридагиларни инобатга олиб, хусусан, энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш ва электр энергия ишлаб чиқариш объектлари, юқори ва паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида йирик авариялар вужудга келишининг олдини олиш мақсадида Республикамизнинг турли ҳудудларида электр таъминотида чекловлар киритилмоқда.

Ўз навбатида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар филиалининг барча таркибий корхоналари ишчи-ходимлари томонидан жойларда содир бўлаётган аварияли ҳолатларни бартараф этишга қаратилган зарур чоралар тезкорлик билан кўрилмоқда. Бунинг учун Тошкент шаҳар бўйича жами 94 нафар ходимдан иборат 47 та тезкор авариявий чиқиш бригада ҳамда уларга 58 та махсус авариявий чиқиш машинаси ва техникалар сафарбар қилинган.

Жумладан, пойтахтимизнинг Олмазор, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Учтепа, Яшнобод, Миробод, Мирзо Улуғбек, Янги ҳаёт ва Сергели туманларида электр таъминотида узилишлар ёки авариявий ўчишлар содир бўлди. Натижада 21 та маҳаллалардаги 2720 та хонадонларга вақтинча электр энергиясини етказиб беришда чеклов киритилди. Узилишлар ва авариявий ўчишларни зудлик билан бартараф этиш ҳамда олдини олиш мақсадида тезкор бригада ҳамда 8 та автонарвон (автовышка), 2 та кран машина жалб этилиб, 3 та эксковатор орқали узилган симлар уланди, куйган кабеллар муфталар ёрдамида тикланиб, истеъмолчиларга таъминот етказиб берилди. Яроқсиз ҳолга келиб қолган эҳтиёт қисмлари янгиланиб, иш фаолияти тўлиқ тикланди.

Кун давомида истеъмолчилардан электр энергияси таъминоти масаласида 939 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 903 таси тўлиқ бартараф этилди, 36 таси жараёнда.

Фурсатдан фойдаланиб, истеъмолчилардан ушбу вазиятни тўғри тушунган ҳолда, тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган йирик аварияларнинг олдини олиш ҳамда энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш учун имкон қадар электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланишларини сўраймиз.

Ҳурматли электр энергияси истеъмолчилари, мазкур тармоқ билан боғлиқ ҳар қандай муаммоли вазиятда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 24 соат давомида тўхтовсиз фаолияти йўлга 11-54 рақамли call-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *