ТАБРИК

— “Тошкент оқшоми” газетаси яна қўлимизга тегаётганидан хурсанд бўлдим. Ҳануз эсимда 14-15 ёшимда “Тошкент оқшоми” газетаси 1966 йилда зилзила рўй берганидан сўнг, дастлаб “Бинокор” номи билан нашр қилинган. Устозим Шуҳрат Қосимов ушбу газетага бош-қош бўлганлар. Кейинчалик эса “Тошкент оқшоми” номи билан бу газета узоқ йиллар давомида чоп этилди. Газета чиқиши билан киоскаларда муштарийлар навбатга туриб олишарди. Ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб мен ҳам маънавий, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган ҳамда халқаро майдонда рўй бераётган сиёсий жараёнлар билан боғлиқ жуда кўп мақолалар билан газета саҳифаларида “кўриниш” бериб турардим. Шу ўринда, газетанинг номи бевосита пойтахт билан боғлиқ бўлса-да, республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам “Тошкент оқшоми”ни севиб ўқишларига гувоҳ бўлганимни ҳам алоҳида айтиб ўтаман.

Яна қадрдон нашрнинг қайтганидан хурсандман. Оқ йўл сенга “Тошкент оқшоми”!

Қобилбек  КАРИМБЕКОВ,

ЎзМТРК сиёсий  шарҳловчиси,

Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист, “Шуҳрат” медали соҳиби, ЮНЕСКО академиги


— Бир вақтлар бўлган, одамлар “Тошкент оқшоми”сисиз яшай олмасди гўё. Газета сотадиган дўконларда узун навбатда турганларнинг аксари “Тошкент оқшоми”нинг муштарийлари бўларди. Пойтахтда бўлаётган ҳамма воқеалар, қизиқарли хабарлар мана шу газетада чоп этиларди. “Тошкент оқшоми” кундалик нашр бўлиб, ундаги маълумотлар энг ишончли ҳисобланарди. Агар шу газетада шеърингиз, мақола ёки ҳикоянгиз босилса, эртасига машҳур одамга айланар эдингиз. Рост, шу қадар ўқувчиси кўп эди. Биз ниҳоятда дилга яқин, дилкаш газетамизни бир қанча вақт йўқотиб қўйдик. “Тошкент оқшоми” газетаси яна қайта умр кўраётганини эшитиб жуда ҳам хурсанд бўлдим.

Тошкент шаҳри – бу Ватанимизнинг жони, республикамиз пойтахти. Ана шу жонажон шаҳримизнинг виждони бўлган “Тошкент оқшоми” билан яна юз кўришаётганимиздан миннатдорман. Газетанинг умри узоқ бўлсин. Чунки, ҳақиқат эгилиши мумкин, аммо у синмайди. “Тошкент оқшоми” газетаси пойтахтнинг юраги бўлиб уриб туришига тилакдошман. Омад ёр бўлсин!

Фарида АФРЎЗ,
шоира:


“Тошкент оқшоми” газетаси ўтган икки ярим йиллик тўхталишдан сўнг ва ниҳоят яна нашр этилаётгани, чоп этилганда ҳам ўзига хос дизайн, кўриниш, бой мундарижа билан муҳтарам газетхонлар эътиборига ҳавола этилаётгани шунчаки воқелик эмас, балки бугунги ўзбек матбуотининг ютуғи, унга кўрсатилаётган эътиборнинг бир кўринишидир, десак хато бўлмайди. Ушбу газетанинг пойтахтимиз ҳаётини ёритишдаги ўрнини унинг илк сонларида босилган мақолалар мисолида ҳам айтиш мумкин. Газетанинг дастлабки сони 1966 йилнинг 1 июлида дунё юзини кўрган бўлса, унинг илк сонларида 1966 йил 26 апрель куни Тошкент шаҳрида бўлган зилзила, унинг оқибатлари, фалокат қандай содир бўлган, шу каби зилзилалар аввал ҳам бўлганми, зилзиладан кейин Тошкент шаҳрини қайта тиклаш ишларида кимлар жонбозлик кўрсатганди каби саволларга тарихий маълумотлар асосида жавоб берилганлигини ўқиш мумкин. Бундай маълумотлар Тошкентнниг яқин ўтмишда бошидан кечирган ҳаётини ўрганишда муҳим ўринга эгадир. Ундан ташқари, ярим асрдан зиёд тарихга эга ушбу газета қанчадан — қанча журналист, шоир-ёзувчиларга мактаб вазифасини ўтамади дейсиз?! Газета бундан буён ҳам шу вазифаларни ортиғи билан бажаради ва энг муҳими, ўз саҳифаларида муҳтарам халқимиз, азиз муштарийлар учун манзур бўладиган бир биридан қизиқ материаллар бериб боради, деган умиддамиз. Пойтахтимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, спорт ва маданий ҳаётидан ташқари бир-биридан гўзал адабий-суҳбатлар, бадиий-публицистик материаллар, ҳикоя, очерк ва бадиалар ҳам газета саҳифаларидан ўрин олишига ишонамиз.

Шуҳрат ҲАЙИТОВ,

филология фанлари бўйича
фалсафа доктори «O’zbekiston tarixi» 
телеканали директори


— “Тошкент оқшоми” газетаси яна фаолиятини тиклаётганини эшитиб, илиқ хотиралар ёдимга тушди. Бу хотиралар XVIII асрда дунёга келган бувам Мираҳмедов Миркарим ота билан боғлиқ. Бувам Ўзбекистонда араб алифбосидан сўнг тахминан 1927 йилларда Жорий этилган лотин алифбосининг ҳаммуаллифларидан бири бўлган. Эслайман, бувам 94 ёшга тўлганида ҳам эрталаб туриб, ювиниб-тараниб, оқ кўйлак, костюм-шимларини кийиб, галстук тақарди ва ўтириб газета мутолаа қиларди. Мутолаани айнан “Тошкент оқшоми”дан бошларди. Газетадаги муҳим, ибратли жумлаларнинг тагига чизиб, менга ўқитарди. Айтиш жоизки, айнан шу мутолаа сабаб менинг дунёқарашим, тафаккурим шаклланган. Газета ўқиш менга жамиятда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий, иқтисодий жараёнларни англашимга катта ёрдам берди. Ва ўйлашимча, бугунги кунда эришган ютуқларим, муваффақиятларим “Тошкент оқшоми” газетасини мутолаа қилиш натижасида шаклланган тафаккурим сабаблидир. “Тошкент оқшоми” газетаси шиддатли ахборотлар замонида барча оммавий ахборот воситалари билан рақобат қила оладиган нашр бўлишига тилакдошман. Босма нашр билан бирга интернет сайти орқали ҳам долзарб, қизиқарли ва тезкор маълумотларни кутиб қоламиз. Газета ижодкорларига муваффақият тилайман.

Бобур РАСУЛОВ,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати


— “Тошкент оқшоми” газетаси бошқа оммавий ахборот воситалари ичида долзарблиги билан алоҳида ажралиб турарди. Долзарблиги шундаки, “Тошкент оқшоми” кун давомида бўлган воқеаларни кечқурун ўқувчиларига етказиб берарди. Телевидение ўша пайтларда аввал ёзиб олиб, сўнг эфирга бергунича вақт ўтарди. Шу сабабли ҳам бу таҳририятда энг тезкор, энг қалами ўткир журналистлар
фаолият юритарди. Улар биринчи навбатда бераётган материалининг тезкорлигини таъминлаш билан бирга пойтахт ҳаётида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни рўйи-рост ёритиб беришни мақсад қилганди. “Тошкент оқшоми”, “Вечерний Ташкент” газеталари фаолиятини бошлаганидан буён турли раҳбарлар бошчилигида чоп этилган. Ва уларнинг ҳар бири ўз даврининг маҳорат эгалари! Газетани бош-
қарган барча бош муҳаррирлар аввалги раҳбарнинг ижобий ишларини давом эттириб, такомиллаштириб боришган.

Мен “Тошкент оқшоми”, “Вечерний Ташкент” газеталари ўз фаолиятини қайта тиклаётганидан жуда хурсандман. Боиси, “Тошкент оқшоми” газетаси доимо талаб даражасидаги, ўз ўқувчиларига эга матбуот нашри бўлган. Ўйлайманки, ўз фаолиятини қайта бошлаган мазкур газета ана шу анъаналарга содиқ қолади. Қолаверса, “Тошкент оқшоми” ва “Вечерний Ташкент” газеталарининг адади аввалги йилларга нисбатан юқори бўлиши керак. Сабаби, унда Янги Ўзбекистоннинг муаззам пойтахтидаги ислоҳотлар ёритилади.

Насиба ИБРОҲИМОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўз МТРК фахрийси


— Раҳматли ота-онам ҳар куни “Тошкент оқшоми”ни ўқирди. Шу сабабли бизнинг ҳам меҳримиз тушган бу нашрга. Заводда ишлаган пайтларимда ҳам уйга қайтаётганимда, албатта “Тошкент оқшоми”ни сотиб олардим. Газета – пойтахтнинг кўзгуси эди. Сўнгги йилларда ушбу газета чиқмай қолганига афсусланиб, хафа бўлиб юрган эдик. Янгиликни эшитиб тўлқинланиб кетдим. Бошқалар учун қандай билмадим, аммо мен учун “Тошкент оқшоми” жуда қадрдон газета. Бу нашрни тиклаш ташаббуси билан чиққан инсонлардан миннатдорман. “Тошкент оқшоми” яна ўз ўрни ва мавқеини тиклашига тилакдошман.

Тошпўлат МАТИБАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Миробод тумани Кенгаши раиси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Темирйўлчилар касаба уюшмаси Республика Кенгашига қарашли “Сиҳатгоҳ” санаторийси бош шифокори


Фурсатдан фойдаланиб, ушбу хайрли ва матбуотимизнинг бугунги ҳаётидаги муҳим тарихий қадам билан бу ишга камарбаста бўлаётганларни муборакбод этамиз!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *