ТОШКЕНТНИНГ КАДАСТР СОҲАСИ СЎНГГИ ОЛТИ ОЙДА

Жорий йилнинг 23 август куни “Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан 2023 йилнинг ўтган 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошходжаев сўзга чиқиб, Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан 2023 йилнинг 6 ойида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди. Унга кўра, 2023 йилнинг 6 ойи мобайнида Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармалари, унинг туман бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 5 638 та (2022 йилнинг шу даврига нисбатан 490 тага кўпайган) электрон, ёзма ва оғзаки мурожаат келиб тушган.

Шундан қаноатлантирилган – 2 446 тани, тушунтирилган – 1 504 тани, рад этилган – 62 тани, бошқа идорага юборилган – 1604 тани, кўрмасдан қолдирилган – 22 тани ташкил этган. Шу жумладан, Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармалари раҳбарияти томонидан соҳага оид масалалар юзасидан жисмоний ва юридик шахслар билан 2023 йилнинг 6 ойи давомида 6 та туманда сайёр қабуллар ўтказилган. Бунда жами 38 та мурожаат ўрганиб чиқилган, уларнинг 23 таси ижобий ҳал этилган, 15 таси бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Ер назорати бўйича 2023 йил 6 ойи давомида Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасининг туман Ер ва кадастр назорати бўлимлари инспекторлари томонидан Тошкент шаҳрининг туманлари ҳудудларида умумий 837 та ер қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Шунингдек, анжуманда Тошкент шаҳрида жойлашган автобус оралиқ бекатларида амалга оширилаётган хатлов ишларига ҳам тўхталиб ўтилди. Бугунги кунда Кадастр агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ва Тошкент шаҳар Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси билан биргаликда пойтахтимизда жойлашган оралиқ автобус бекатларида хатлов ишларини ўтказиб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари ва унда қурилган қурилмаларни бартараф этиш чоралари кўриб келинмоқда.

Анжуманда Тошкент шаҳридаги кўчмас мулкларнинг ҳолати ва кадастр соҳасида кўрсатилган хизматлар бўйича ҳам маълумот бериб ўтилди. Бугунги кунда Тошкент шаҳрининг умумий ер майдони 43 466,6 гектарни, маҳаллалар сони 585 тани, кўчмас мулклар сони жами 793 954 тани ташкил этмоқда. Булар, нотурар жойлар – 58 944 та, якка тартибдаги турар жойлар – 199 842 та, квартиралар – 533 276 та, ер участкалари – 1 892 тани ташкил қилмоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *