ТУРКСОЙ – БИРЛАШИШ НУҚТАСИ

Пойтахтимиз жорий йилнинг 18-19 июнь кунлари Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейи тантаналарига мезбонлик қилди. Ушбу нуфузли анжуман туркий тилларда сўзлашувчи қадриятлари уйғун, маънан яқин миллатларни бир жойга жамлади.
Халқаро тадбир доирасида юртимизга туркий тилли давлатлардан 150 дан зиёд меҳмонлар, хусусан маданият ва санъат вакиллари ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2022 йил 17 октябрдаги 02-ПА 2-5902-сонли топшириғига мувофиқ, ташкилотга аъзолик бадали 2023 йил 1 январдан бошлаб давлат бюджети ҳисобидан тўлаб борилиши қайд этилди. Унга кўра, ТУРКСОЙ доимий кенгаши маданият вазирларининг 39-мажлиси якунида имзоланган қарорда Ўзбекистон учун аъзолик бадали 500 минг АҚШ доллари этиб белгиланди.

ТУРКСОЙ – собиқ расмий номнинг қисқартирилгани яъни “Turk Kültür ve Sanatları Ortak Yönetimi” туркий давлатларга хос тилларни, қадриятларни сақлаб қолиш ва тараққий эттиришни мақсад қилган Халқаро туркий маданият ташкилоти. Турксой – Шарқий Европа, Кавказ, Марказий Осиё ва Ғарбий Осиёдан Шимолий Осиё (хусусан Сибир) ва Шарқий Осиёга қадар Евроосиёнинг туркий халқлари сўзлашадиган камида 35 ҳужжатлаштирилган тилларнинг оиласи ҳисобланади. Ана шу туркий тилда сўзлашувчи баъзи давлатлар ҳамжиҳатликда ушбу ташкилотга асос солган.
1992 йилда Боку ва Истанбулда бўлиб ўтган учрашувларда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия ва Туркманистон маданият вазирлари маданий доирада ўзаро ҳамкорлик хусусида музокара олиб боради. Фурсат ўтиб 1993 йил 12 июль Олмаотада имзоланган битим асосида Халқаро туркий маданият ташкилот – Турксой ташкил этилди.
ТУРКСОЙ туркий халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида! Халқларнинг умумий маданий меросини келажак авлодларга етказиш ва уни бутун дунёга тарғиб қилиш ташкилотнинг асосий мақсадларидан бири.

Халқаро анжуман доирасида “Табаррук зиёрат” платформасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Платформа 7 та туркий тилли давлатларининг маданияти, муқаддас қадамжолари, зиёрат объектларини ўз ичига олади.

Халқаро анжуман доирасида “Турк дунёси” номли рассомлар ва ҳунармандлар кўргазмаси ташкил этилди. Шу билан бирга туркий давлатлар ўртасида бир қатор лойиҳа ва битимлар борасида музокаралар олиб борилди. Шунингдек, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилейи муносабати билан 6 та давлат – Туркия Республикаси, Венгрия Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси ва Туркманистондан жами 100 га яқин таниқли санъаткор ва ижрочилар иштирокидаги тантанали концерт дастури бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири О.Назарбеков, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ Бош котиби С.Раев, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби К.Омуралиев, Озарбайжон Республикаси маданият вазири А.Керимли, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири ўринбосари Н.Дауэшов, Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири ўринбосари А.Альпарслан, Қирғиз Республикаси маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари К.Иманалиев, Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси бош котиби М.Сурейя, “Турк ҳаво йўллари” бошқаруви раиси О.Бирдал, ТРТ Аваз директори С.Сағиркаялар иштирок этди.

Маросимда ўзбек маданияти ва санъатини дунё миқёсида тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшганлиги учун бир гуруҳ санъаткорлар ташкилотнинг “Олтин медаль” мукофоти билан тақдирланди:
• Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков;
• Профессор Бахтиёр Сайфуллаев (марҳум);
• Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев;
• Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов;
• Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саидов;
• Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев;
• Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова.
Шунингдек, бир гуруҳ маданият ва санъат ходимлари ташкилотнинг “30 йиллик” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири:


– Пойтахтимиз мезбонлик қилган халқаро анжуман ниҳоятда қизғин ўтди. Ушбу тадбир доирасида бир қатор катта лойиҳаларга старт берилди. Жумладан, “Турк ҳаво йўллари” билан муҳим келишувларга эришилди. Айни пайтда Турк ҳаво йўлларидан ҳафтасига 31 та қатнов амалга оширилаётган бўлса, келажакда ушбу кўрсаткич 50 тага етади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам қатновларни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди. Яна буюк тарихий шахсларимизнинг илмий-маърифий асарларини янада кўпроқ тилларга таржима қилиш борасида ҳам музокаралар бўлиб ўтди. Миллий маънавият ва маданиятни ривожлантириш, уни кенг тарғиб этиш ҳар бир халқнинг юксалишига хизмат қилади. Шу ўринда ҳам маънан, ҳам маданий нуқтаи назардан бир-бирига яқин туркий халқларнинг мана шундай бирлашиши қадриятларнинг янада қадр топишига хизмат қилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *