УЧ  ҚАҲРАМОН

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги “Уч қаҳрамон” постидан ҳар куни юзлаб автомобиллар ўтиб-қайтади. Аммо унинг нима учун “Уч қаҳрамон” деб номланишини ҳамма ҳам билавермаса керак. Ўттиз беш йил муқаддам юз берган мудҳиш воқеа сабаб шу ном берилган…

1988 йилнинг 16 июнь куни соат 04:30лар атрофида Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари Мусабек Гашимов ва Олимжон Асқаровлар “Чимкент” постида ўз хизмат вазифаларини бажараётган эди. Мусабек автомобилида радио тинглар ва ён дафтарига маълумотларни қайд этар, хизмат шериги Олимжон эса йўлни кузатар эди. Ана шу вақтда постга тепаликдан мотоциклда яқинлашаётган икки шахс кўринди. Улар пост яқинида тўхташади ва бири йўлни назорат қилиб турган Олимжон Асқаровни ўққа тутади. Шу заҳотиёқ Гашимов шеригига ёрдамга шошилади ва икки жиноятчини ҳам яралайди. Бироқ ўзи ҳам оғир жароҳат олади. Жиноятчилардан бири шу ернинг ўзида жон таслим қилади, иккинчиси билан Гашимов ўртасида олишув юзага келади. Гашимов оғир ярадор бўлишига қарамай, жиноятчини қўйиб юбормай, забардаст қўллари билан қаттиқ ушлаб олади. Аммо жиноятчи унга 17 маротаба пичоқ санчиб ўлдиради ва шеригининг қуролини олиб, шаҳар маркази томон ҳаракатланади.

Соат 04:55да “02” рақамига пост яқинида отишма ва одамларнинг ҳайқириқлари эшитилганлиги ҳақида қўнғироқ бўлади. Зудлик билан воқеа жойига етиб келган милиция ходимлари жиноятчилар томонидан ташлаб кетилган мотоцикл ёнида икки нафар милиция ходимининг жонсиз таналарига гувоҳ бўлишади. Шундан сўнг рация орқали шаҳар маркази томон “Жигули” русумли автомобилда ҳаракатланаётган қонга беланган жиноятчи ҳақида хабар бошқа ходимларга етказилади.

Рация орқали бу хабарни эшитган милиция катта лейтенанти Маткарим Матчонов “Қозоғистон” кинотеатри яқинида йўлнинг қарама-қарши томонидан ҳаракатланиб келаётган сариқ “Жигули”ни кўради. Катта лейтенант уни тўхтатиб, ҳужжатларни тақдим этишини сўрайди. Айни шу дамда орқа ўриндиқда ўтирган жиноятчи ёнидан қурол чиқариб, инспекторга қарата икки маротаба ўқ узади. Сўнгра машинадан чиқиб, қочишга уринади. Матчонов яраланганига қарамай, унинг ортидан қувиб кетади. Жиноятчи яна бир неча бор ўқ узади, Маткарим Матчонов беш жойидан жароҳат олади. Ҳолсизланиб, ерга йиқилган катта лейтенантни шериги касалхонага олиб кетади.

Бу орада жиноятчи кўп қаватли уйлардан бирига кириб яширинганди. Воқеа жойига етиб келган милиция ходимлари эрталабгача бўлган отишмадан сўнг жиноятчини тириклайин қўлга олишга муваффақ бўлади.


Уч қаҳрамондан бири – катта лейтенант Маткарим Матчонов эди. 1958 йил 21 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчоновнинг туғишган укаси. Маткарим Матчонов ҳали жуда ёш эди. Эндигина ўттизга кириб, куч-қувватга тўлган, агар ўша машъум воқеа бўлмаганда узоқ умр кўриб, фарзандлари, набираларини тарбия қилиши мумкин эди. У ўша йили эндигина 7 ёшга қадам қўйган ўғли Музаффарни мактабга ўзи олиб бормоқчи эди. Аёли Маҳмуда опа билан атиги 8 йил турмуш кечирган бўлса, шундан икки йилини Маткарим Матчонов Саратов шаҳридаги ДАН ходимларини тайёрлаш ўрта-махсус мактабида ўтказган. Қизалоғи дунёга келганда Маткарим Матчонов бу дунёни тарк этганди. Орадан ўттиз беш йил ўтди, лекин йиллар айрилиқ дардини ювиб кетмади… Бугун катта лейтенант Маткарим Матчоновнинг етти нафар невараси бор…


Матёқуб Матчонов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

– Ҳар куни эрталаб ота-онамдан хабар олиб, кейин ишимга ўтиб кетадиган одатим бор. Одатга кўра, ота уйимга борсам, онам: “Уканг Маткаримни машина уриб кетибди, отанг ҳозир ТошМИга кетди”, деб айтди. Дарҳол, машина тўхтатиб, касалхонага борсам, отам раҳматли қаерга киришини билмай, ҳайрон бўлиб юрган экан. Биргалашиб, қабул бўлимига бордик. Навбатчи врач: “Бу ерда эмас, иш жойидан суриштиринглар”, деб айтди. Тошкент шаҳар ЙПХга бордик, укам билан ишлайдиган Искандар исмли йигит бўларди. Мени
бошқа хонага олиб чиқиб: “Матёқуб ака, Маткаримдан айрилиб қолдик. Мен дадангизга айта олмайман, ҳозир эски ТошМИда, ўша ерга олиб кетишган”, деди. Отамга бу гапларни қандай айтаман? “Бу ерда эмас, эски ТошМИда экан”, дея олдим, холос. Биз учун машина ажратишди. Йўл бўйи отамга бу хабарни қандай айтишни ўйлаб кетдим. Отам ҳам бир нарсани сезгандек укамнинг дўстига: “У ҳеч ўзини аямасди, ўзини ўққа-чўққа ураверарди, яна шундай қилган бўлса машина туртиб кетдими-а? Ишқилиб, оёқ-қўли синмабдими?”, деб сўрарди. У эса нима деб жавоб қайтаришни ҳам билмай: “Йўқ-йўқ амаки”, деб қўярди, холос. Касалхонага етиб келганимиздан сўнг айтишга мажбур бўлдим. Ҳалиям… отамнинг сиймоси кўз олдимдан кетмайди. Биронта сўз айтмади, фақат: “Нега? Ким? Нима учун?”, деб сўради тамом.


Хизмат вазифасини адо этиш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган Олимжон Асқаров 1951 йил 10 октябрда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида туғилган. У ички ишлар тизимидаги фаолиятини 1976 йилда Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси Давлат автомобиль назорати бошқармасида 2-алоҳида дивизион йўл назорати инспектори вазифасида бошлаган. Олимжон Асқаровнинг кенжа ўғли Жамшид Асқаров ота касбини танлаган. У Сергели туманидаги Ички ишлар бошқармасида фаолият юритади.


Улфатой Асқарова,

Олимжон Асқаровнинг умр йўлдоши:

– Ўша машъум кунда турмуш ўртоғимни кечки навбатчиликка ўзим кузатган эдим. Болаларим ҳали жуда ёш: энг каттам эндигина 10 ёш, кичигим ҳали 4 ёш эди. Кечаси ёмон туш кўриб уйғониб кетдим: Турмуш ўртоғим эшикдан кириб келибди-да, эгнида формаси йўқ, фақат ички кийимда ҳаммаёғига пичоқ санчилган, лекин қон йўқ. “Вой тавба, бу нима туриш?”, десам, “Кўрдингми, мендан қон чиқмаяпти”, деб айтди. Чўчиб уйғониб кетдим. Шу билан эрталабгача ухлолмай, безовта бўлиб чиқдим. Эртасига қайнонамни Ички ишларнинг “Виллис” машинасида олиб келишди. “Олимжон меҳмон олиб келаркан”, деди қайнонам. “Йўқ ойи, меҳмон олиб келмайди, у кишига нимадир бўлган”, деб айтдим. Қайнонам: “Унақа деманг, нафасингизни ел олсин”, деди. Бир зум ўтмай, уйимизни тумонат одам босди. Бир кечада тўрт бола билан бева бўлиб қолдим…

Хўжайиним ҳали 37га ҳам кирмаган эди. Ўн йил бирга яшадик, отасидан ёдгор икки қиз, икки ўғлим бор. Умр йўлдошим ватанпарвар эди, фидоий эди, доим у инсон билан фахрланамиз. Орадан ўттиз беш йил ўтди, ҳанузгача касбдошлари хабар олиб туришади.


Муса Гашимов 1950 йил 12 июлда Озарбайжоннинг Шамхар туманида таваллуд топган. Ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 1973 йилда Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси Давлат автомобиль назорати бошқармасида Йўл патруль хизмати 2-алоҳида дивизиони инспекторлигидан бошлаган.

Муса Гашимовнинг ўғли Юсуф Гашимов машъум воқеа рўй берган 1988 йилда 3 ёшда бўлган. Отаси қаҳрамонларча ҳалок бўлганлиги ҳақидаги воқеани у илк маротаба ўсмирлик пайтида тоғасидан эшитган.

Юсуф Гашимов:

– Отам вафот этганида, опам 7 ёшда, мен эса 3 ёшда бўлганмиз. 12-13 ёшимда отам ҳақидаги воқеани тоғамдан эшитганман. Ўшанда отам ҳақиқий қаҳрамон бўлганлигини билганман. Эшитишимга қараганда, отам жиноятчилардан бирини яралаган, иккинчиси билан эса олишув юзага келган. Отам учта ўқ еган бўлса ҳам, жиноятчини қўйиб юбормай, ётган ҳолда уни орқасидан маҳкам ушлаб, кучсизлантирмоқчи бўлган. Шундан сўнг жиноятчи этигининг қўнжидан пичоқ олиб, отамга 17 маротаба пичоқ санчган. Отам жуда бақувват инсон эди, жони узилгунча жиноятчини қўйиб юбормасликка ҳаракат қилган экан…

Кўча-кўйда ҳанузгача отам ҳақида яхши гаплар эшитаман. Бир куни таксига чиқсам, бир кекса ҳайдовчи отамни танир экан. Ўша пайтлар ҳам таксичилик қилганида қоидани биринчи маротаба бузгани учун отам уни оғзаки огоҳлантириб, қўйиб юборган экан. Ҳозир мен ҳам деярли отамнинг ёшидаман, икки нафар ўғлим бор. Катта ўғлимга отамнинг исмини қўйганман. У билан фахрланаман!

Ҳар уччала ходим ҳам вафотидан сўнг “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирланган. Улар хизмат қилган масканга эса “Уч қаҳрамон” номи берилган.

Шоҳида ЗУФАРОВА

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *