Уддабурон киберфирибгарлар

Зарарли ҳаволалардан эҳтиёт бўлинг!

Ҳурматли фуқаролар, интернетда кун сайин кўпайиб бораётган “фейк”, яъни ёлғон хабарларга алданиб қолманг!

“Scamer”лар яъни интернетдаги фирибгарлар ҳар бир давлатнинг миллий байрамлари ёки шунга ўхшаш тадбирлардан усталик билан фойдаланади. Мустақиллик, Ҳайит байрамлари ёки аҳолининг эҳтиёжманд қисмини қўллаб-қувватлаш мақсадида чиқарилаётган қарорлар, шунингдек, таниқли бренд номлари, улар учун жуда қўл келади. Масалан, “Энди 650 000 сўм миқдорида тўловни олиш имконияти мавжуд агар оилада болалар бўлса, бу ерда ҳавола!”, “5 дақиқа ичида 0 фоиз 50 миллион сўмгача кредит, 36 ой муддатга” ёки “Корзинка филиалининг очилиш маросими. Совға тарқатилмоқда, илтимос, совғани ўз вақтида олинг” – мазмунидаги хабарларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти кўринишидан, таниқли банк номидан ва машҳур супермаркетлар тармоғидан фойдаланиб тарқатади.

Фуқароларни молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай хилма-хил хабарларни кўриб, ўқиган одам хурсанд бўлиб кетади. Айниқса, давлат ва таниқли брендлар номидан дейилганда ишонч янада ортади. Айни жараёнда биз билишимиз керак бўлган энг муҳим маълумот, ижтимоий тармоқлар орқали ҳеч бир компания ёки ташкилот ҳеч кимга шунчаки, ҳеч қандай миқдордаги молиявий ҳадя улашмайди. Демак, бундай турдаги барча хабарлар “фейк”, яъни ёлғон. Аслида, бу каби ҳар қандай хабар ортида фуқароларнинг пул маблағларини ўзлаштириш ётади. “Scamer”лар одамларни ишонтириш учун минг бир синовдан ўтиб кета оладиган усулларни қўллайди. Эътибор берилса, бундай хабарларнинг барчасида маблағни олиш учун тавсия қилинган ҳаволага ўтиш ва шахсий маълумотларни тақдим этиш сўралади. Демак, айнан ана шу сўровнинг ўзиданоқ, хабарни ўқиётган ҳар бир киши шубҳаланиб, бунинг “фейк” эканлигини билиб олиши керак. Бундай ўйинлар тузоғига тушмаслик учун эса асосий ва энг тўғри йўл уларга ишонмаслик. Эътиборсиз, содда ёки совғаларга қизиқиши юқори фойдаланувчилар шошилиб ҳаволага ўтиб қўяқолади. Оқибатда, фуқаролар банк карталаридаги пулларини фирибгарлар ўзлаштиришига ўзлари сабабчи бўлиб қолади.

АҚШнинг Киберҳужумларга қарши курашишда етакчи ўринларни эгаллаган “Cofense” компанияси тақдим этган маълумотга кўра, 2022 йилда телеграм мессенжерида “Фишинг”лар сони 800 фоизга ошган. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Киберхавфсизлик маркази олиб борган таҳлиллар ҳам, бугунги кунда мамлакатимизда кибержиноятчиликнинг ўсиш тенденцияси кузатилаётганидан далолат бермоқда. Хусусан, сўнгги уч йил давомида кибержиноят сифатида айтилаётган ҳолатлар 8 баробарга, яъни 600 тадан 5000 тагача ортган.

Фирибгарлар, “momnt”, яъни жабрланувчидан ўғирланган пулларни дастлаб, киви кошелёк(ҳамён)га, ундан сўнг криптоволюта ва яна бошқа-бошқа айланма ҳисоб рақамларига ўтказиб юборади. Бу бўлса, транзацияларнинг анонимлигини таъминлаб беради. Ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган бундай жиноятларни аниқлаш ва фош этиш учун мутахассисдан алоҳида кўникма талаб этилади. Шундай бўлсада, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда мазкур турдаги жиноятларнинг 80 фоизи очилишига эришилган. Киберхавфсизлик маркази ходимлари томонидан интернет мониторинги ўтказиб борилади. Унда айрим банк, мобиль компания ва бошқа турли ташкилот ҳамда брендлар, шунингдек, машҳур инсонларнинг номидан очилган сохта ҳавола, гуруҳ, канал ва ботлари аниқланиб, улар тегишли тартибда блокланади. Аммо “Scamer”лар яъни фирибгарлар ҳам яна янги бот ва янги каналлар очиб, ишини давом эттираверади.

Ҳатто шундай ботлар борки, улар орқали киберфирибгарлар сизнинг телефон қурилмангиз бошқарувини тўлиқ қўлга олиши мумкин. Айнан шундай. Ундаги дастур биргина тасдиқлаш тугмасини босиш оқибатида телефон қурилмангиздаги барча маълумотларнинг фирибгар ихтиёрига ўтишини таъминлайди.

Аслида, бундай фирибгарликлардан ҳимояланиш унчалик ҳам қийин эмас. Бунинг энг осон ва қулай йўллари бор, албатта. Мутахассислар бу ўринда дастурни юклашдан олдин, аввало унинг манбаасини текшириб кўришни маслаҳат бермоқда. Улар айтишича, олдин юборилган ҳаволаларда кейинги босқичга ўтиш ёки ўтмасликни ўйлаб кўришингиз мумкин бўлгани каби баъзи енгилликлар бор эди. Энди эса фирибгарлар унга имконият қолдиришмаяпти. Демак, энди янаям зийрак ва эҳтиёткор бўлишимиз керак.

Айни жараёнда ҳушёр бўлиб, бу борада керакли маълумотга эга бўлсангиз, кибероламда тарқалаётган бундай ботлардан ҳимоялана олишингиз мумкин. Аммо фойдаланувчилар орасида қизиқувчанлиги, ишонувчанлиги туфайли ёки билиб-билмай бундай хавфли ҳаволаларга аъзо бўлиб қолаётганлар ҳам бор. Фирибгарлар, уларнинг шахсга доир маълумотларини қўлга киритади. Бу орқали, улар номидан ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга оширади. Фуқароларга турли хилдаги киберҳужумлар уюштириб, уларга моддий ва маънавий зарар етказади. Банк карта рақамларини билиб, уларнинг маблағларига эга чиқади. Таниш-билишларига турли хилдаги ёзишмаларни жўнатади. Турли гуруҳларга қўша олади. Сизнинг номингиздан кредитлар олиш имкониятини қўлга киритади.

Мутахассислар фикрига кўра, бунга асосан, интернет фойдаланувчиларининг хавфсизлик қоидаларини яхши билмаслиги сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда бу борадаги тарғибот тадбирлари кучайтирилмоқда. ИИВ Киберхавфсизлик маркази ходимлари Маҳалла, ташкилот, таълим муассасалари ҳатто, уйма-уй юриб, аҳолига киберҳужумлардан сақланиш йўл-йўриқларини ўргатяпти. Энг оддий усул ҳар қандай ҳаволаларга текширмасдан кириш, шахсий маълумотларни бегоналарга бермаслик эканлигини қайта-қайта айтмоқда.

Фуқароларнинг кибероламда фирибгарлар тузоғига тушиб, алданиб қолиши ва ушбу жараёндаги кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида Марказ томонидан @cyber uz_bot яратилди. Бу ерда фуқаролар мутахассисларнинг кибержиноятларнинг турлари, киберфирибгарлар қўллаётган усуллар ва интернетдан фойдаланишдаги оддий хавфсизлик талаблари ҳақидаги билим ва тавсияларини ўрганиш мумкин. V. Cyber.uz. электрон манзилли Кибер ёрдамчи платформаси эса, аҳолини кибер таҳдидлардан ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилди. Ушбу платформа жисмоний шахслар учун мўлжалланган бўлиб, у ҳар бир фойдаланувчига индивидуал хизмат кўрсатади. Бу эса, фуқаронинг кибер гигиенасининг шаклланишини таъминлайди. Кибер ёрдамчи платформасида рўйхатдан ўтиш учун фойдаланувчидан шахсий маълумотларни тақдим этиш талаб этилади. Шу ўринда фуқароларни шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш масаласи ўйлантириши мумкин. Аммо хавотирга ўрин йўқ. Платформада шахсий маълумотлар сир сақланади. Платформа кибермакондаги ҳар қандай кибертаҳдидлардан ҳимояланиш учун қулай восита. Демак, Кибер ёрдамчи платформасида рўйхатдан ўтинг ва ҳимояланинг. ИИВ огоҳлантиради, ҳурматли фуқаролар, ижтимоий тармоқлардан фойдаланганингизда ва телефон рақамингизга келаётган турли кўринишдаги хабарларни кўрганингизда жавоб беришга шошилманг. Аввал унинг хавфли ёки хавфсизлигини текширишдан эринманг. Бу борада ўзингизнинг маънавий ва иқтисодий ҳимоянгиз ўз қўлингизда. Унутманг, киберфирибгарлар биз ўйлагандан анча уддабурон…

Саҳифани журналист МАҚСУДА Ширинбоева ИИВ

Киберхавфсизлик маркази масъул ходимлари билан ҳамкорликда тайёрлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *