Ватан туйгуси кимматга тушди

Яқинда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида Ўзбекистон давлат байроғи ранглари туширилган тасмани таққан йигитга нисбатан Ички Ишлар ходимларининг қўполлик ишлатиб, олиб кетишаётгани акс этган видео тарқалди. Маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича иш қўзғатиш қарори Прокуратура томонидан ноқонуний деб топилди. Савол туғилади: Йигитга Маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича иш нега очилган? Давлат байроғи тасвири туширилган тасмани фахр билан таққанлиги учунми? Ёки ИИВ ходимларининг “қонуний” талабини бажармаганлиги учунми? Ёки форма кийган ҳар бир ходимнинг айтган сўзи “қонуний талаб”ми?


Юқоридаги ҳолат бўйича, Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати баёнот берди. Унга кўра, воқеа 5 май куни Қамаши шаҳридаги “Чим” бозорида содир бўлган. Йигитдан “Битирувчи” ёзуви туширилган давлат байроғи рангидаги тасмани ечиш сўралган. У эса бош тортган. Шундан сўнг йигит билан профилактик суҳбат ўтказилиб, судга тақдим этиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ҳолат юзасидан фуқарога МЖтКнинг «тегишли моддалари»га кўра ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний тўхтамга келиш учун жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судига юборилган, дея қўшимча қилди ИИБ.
Бу хабардан сўнг Бош Прокуратура ўзининг аралашуви билан йигитга қўлланилган ноқонуний қарор бекор қилинишини таъминлаганини эълон қилди. ИИВ хабарида профилактика ходимининг қонуний талабига бўйсунмаганлиги, давлат рамзларига ҳурматсизлик учун жазо кўрилганлиги бот-бот таъкидланмоқда. Бу ерда кишини иккита масала ўйлантиради: биринчиси, биз ҳам мактабни битираётган пайтимизда айнан май ойларида шундай тасмалардан кўплаб олиб тақар эдик. Бу анъанага айланиб улгурган оддий ҳолат бўлиб туюлиши мумкин, лекин байроқни қўлда кўтариб юриш, тасмасини елкага тақиш кишига ўзгача ғурур бахш этади. Давлат рамзларига ҳурматни талаб қилган ходимлар, масаланинг иккинчи томони ҳам борлигини мулоҳаза қилиб кўришса, яхши бўларди. Улар бундай қўпол хатти-ҳаракатлари билан ёшларда миллий рамзларга бўлган ғурур ва ифтихор туйғусини “ўлдириб” қўймаяптиларми?! Эндиликда ҳуқуқ-тартибот орган ходимлари томонидан қўлга олинган бу йигитда байроқ билан боғлиқ нохуш хотиралар бир умрга қалбида мухрланиб қолмайди, деб ким кафолат бера олади? Ривожланган мамлакатларда давлат рамзларининг кийимларда акс этиши одатий ҳолат. Масалан, Туркиянинг деярли ҳар бир хонадонида давлат байроғи мавжуд. Бу ватандошлик жамиятини шакллантиришнинг ҳам олд шартларидан бири. Яна Ватанга, унинг рамзларига, ватандошларга бўлган ўзаро ҳурматдир.
Юзага келган ҳолат “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг камчиликлари борлигини ва унинг устида ишлаш кераклигини кўрсатади.
Иккинчи масала, ҳар бир форма кийган ходимнинг сўзини бажармаслик бу “ИИБ ходимининг қонуний талабига бўйсунмаслик”ни англатмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам инсоннинг шахсий ҳуқуқлари дахлсиздир. Қанчадан-қанча инсонларнинг “талабни бажармаганлиги” учун жарима тўлаётганлиги ёки бошқа жазоларга тортилаётганликларини эшитиб қоляпмиз. Бунга жамоатчиликнинг муносабат билдирмаётганлиги кўнгилга келган ишни қилиш дегани эмас. Шу ўринда, ИИБ ходимларининг қонуний талаблари нималардан иборат эканлиги борасида аҳолига аниқ тушунча берадиган видеоролик ёки ахборотнома тайёрлаб, уни кенг жамоатчиликка тарқатилса, ҳар икки тараф учун ҳам фойдали бўлар эди, назаримизда.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон байроғи рангларидаги тасмалардан мактабларда ўқув йили якунланган куни, шунингдек, 9 май — Хотира ва қадрлаш кунида кенг қўлланилади.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида ЎзЛиДеП байроқдан фойдаланишга қўйилган чекловларни юмшатиш, фуқароларга ундан эркин фойдаланиш, хусусан, уни ўз уйи ва иш жойларига ўрнатиш ташаббуси билан чиққан эди. Бундан ташқари, байроқдан фойдаланиш билан боғлиқ жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиш ҳам таклиф қилинди.
Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистон байроғидан фақат давлат органлари ва дипломатик ваколатхоналар биноларида, президент ва бошқа раҳбарлар девонларида, ҳарбий қисмларда, чегара постларида, спорт майдончаларида, маросим ва тантаналарда, шунингдек, байрамларда асосий кўчаларда фойдаланишга рухсат берилади.

Байроқ – таёқ, сим ва бошқа нарсага маҳкамланган муайян ранг ҳамда ўлчамдаги мато бўлиб, Ўрта асрларда туркий халқлар орасида туға деб ҳам аталган. Бу атама асосан ҳарбий юриш пайтида фойдаланиладиган байроқларга нисбатан ишлатилган. Ўрта асрларда Ғарбий Европа шаҳарларида табақа, уюшма ва корхоналар ҳам ўз байроғига эга бўлган. Бугунги кунда ҳар бир давлатнинг расмий рамзларидан бири байроқ ҳисобланади ва у давлат байроғи деб юритилади.
Давлат байроғи — давлатнинг асосий рамзларидан бири: расмий, бошқа давлатлардан фарқловчи белгиси, эмблемаси. Давлат байроғининг тасвири махсус қонун ёки конституция билан белгиланади. Давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади. У герб ёки бошқа эмблема тасвирланган бир ёки кўп рангли алвондан иборат бўлади.
Ўзбекистан Республикаси Давлат байроғининг схематик ва рангли тасвири «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун 1991 йил 18 ноябрда тасдиқланган. Ўзбекистан Республикаси Давлат байроғи байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан ташкил топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир. Оқ рангнинг тепа ва пастки қисм байроқнинг юқори қисмида ярим ой ва 12 юлдуз тасвири туширилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг эни 125 см, узунлиги — 250 см бўлади. Оқ рангнинг тепа ва пастки қисмларидан горизонтал қизал чизиқ ўтган. Байроқнинг ҳажми бошқача бўлиши ҳам мумкин. Лекин ҳамма ҳолларда байроқнинг эни узунлигига нисбатан 1:2 бўлиши керак.
Дунёдаги энг қадимий байроқ- Дания байроғидир. Ҳар йили 15 июнда бу кун байрам сифатида нишонланади. Афсоналарда айтилишича 1219 йил 1 июнда бу байроқ осмондан тушган. 2019 йилда байроқнинг 800 йиллиги кенг нишонланди.
Умида Ҳақбердиева

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *