ЯНГИ УЙЛАР
ЯХШИ УЙЛАР…(МИ)

Қадимий ва ҳамиша  навқирон Тошкент йил  сайин эмас, кун сайин ўзгариб бормоқда. Афсус билан қайд этиш керакки, Пойтахтимиз навқиронлиги нишонаси бўлган яшиллик майдони бинолар кенгайиши сабаб камайиб бормоқда.

Тошкентда олиб борилган фаол қурилиш ишлари натижасида янги кўп қаватли уйлар пайдо бўлмоқда, бизнес марказлари, савдо комплекслари ва турли-туман хусусий ва давлат объектлари қурилмоқда. Бугунги Тошкентни катта қурилиш майдони десак адашмаймиз. Деярли ҳар бир кўчада бир қурилишга дуч келамиз, шундай эмасми?

Яқинда бир лойиҳага дуч келдим. Бу “Age Tashkent” лойиҳаси бўлиб, у пойтахтдаги қурилишлар жараёнларини онлайн кузатиш имконини  беради. Шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти мутахассислари Тошкентнинг кўп қаватли уйлари тарихини ўрганиш ва Ўзбекистоннинг пойтахти қанчалик тез кенгайиб бораётганлигини кўриш учун тадқиқот ўтказишган. Улар Тошкент шаҳрининг бой меъморчилик тарихини ва маданий меросини кўриш ва уни ҳаққоний баҳолаш имконини берадиган маҳсулотни тақдим этишган. Айрим маълумотлар билан таништириб ўтамиз:

Кўп қаватли уйлар тарихи

Лойиҳа муаллифларининг қайд этишича, Тошкентда кўп қаватли уйлар қуриш одатга айланганига анча бўлган – 1950 йиллардаёқ пойтахтда йилига 100 та кўп қаватли уйлар қурилган. Вақт ўтиши билан, бу тенденция сустлашгандек бўлди, аммо 1966 йилдаги фожиали зилзиладан сўнг бу кўрсаткичлар янада юқорилаб кетди. Тошкентда кўп қаватли уйларнинг аксарияти — 632 таси 1966 йил — кучли зилзила содир бўлган йилда қурилган. Ўшанда уйлар икки қаватли, кўпи ёғочдан қурилган. Қизиқарлиси нимада биласизми, 2019 йилга келибгина бу рекорд янгиланай деган ва шаҳарда 463 та уй пайдо бўлди, улар асосан етти қаватли бўлиб, ғиштдан қурилган.

Йиллар бўйича қурилган уйлар сони

Табиий офат юз берган йили Тошкентда 600 дан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилган бўлса, шу пайтдан бошлаб, 2000 йилларнинг бошларигача қурилиш ишлари деярли тўхтамаган. Фақат XXI аср бошида қурилишлар сони камайиб кетди. Аҳоли сони ўсгани сайин эҳтиёж ҳам ошиб бораверган. Ана шу йиллардаги эҳтиёж сабаблими, қурилиш ишлари ҳамон жадал давом этиб бормоқда.

Хронологияга қараганда 2018-2019 йилларда бирданига 500 дан зиёд янги кўп қаватли уйлар қурилган.

Айни пайтда, кўп хонадонли уйларни қуриш суръати яна пасаймоқда, лекин, эҳтимол, яна бир неча йилдан сўнг кўп қаватли уйларнинг қурилиши «авжига чиқиши» мумкин. Бунинг учун зарур шарт-шароитлар етарли: масалан, «Янги Ўзбекистон» боғи ҳудудида янги турар-жой мавзелари қурилиши режалаштирилган.

Уйларни қуришда қандай қурилиш материаллари ишлатилган?

Тадқиқотчилар хулосасига қараганда, йилдан йилга қурилиш материалларини танлашга ёндашув ҳам ўзгариб боряпти. Бу қурилиш ишларининг тезкорлиги ва иқтисодий вазият билан боғлиқ. Масалан, 1966 йилда, кўп ва тез уй қуриш вазифаси қўйилганда, унгача ҳам, кейин ҳам деярли ишлатилмаган материал – ёғочдан фойдаланилган. 60 йилларнинг охиридан 2000 йилларгача эса кўп қаватли уйлар қурилиши ҳақида сўз кетганда, пишиқ ғиштдан кўра, бетон кўпроқ қўлланилган.

2018 йилдан бошлаб эса, Тошкентда кўп қаватли уйлар панелли темир-бетондан бунёд этилмоқда. Бу, асосан, замонавий биноларнинг баландроқ ва кенгроқ бўлиши билан боғлиқ, яъни уларнинг чидамлилигини ошириш учун мустаҳкамроқ материаллар зарур.

Фақат сон эмас, майдон ҳам ўсмоқда: Одамлар каттароқ, кенгроқ хоналарни исташади

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2019 йилда 1966 йилга нисбатан 200 тага камроқ кўп қаватли уй қурилган, бироқ турар-жой майдони бўйича замонавий бинолар тарихий биноларга деярли етиб олган: 880 минг кв.м.га нисбатан 826 минг кв.м.

Топширилган турар жой майдонлари

Ўрта ҳисобда 1960 йиллардан бошлаб, Тошкентда ҳар йили янги кўп қаватли уйлар ҳисобидан 300 минг кв.м.га яқин турар-жой майдони қўшилган. Лекин, 2004 йилдан 2008 йилгача бундай қурилишлар деярли бўлмаган – кўп қаватли уйлар қурилишида ҳақиқий сукунат кузатилган.

Қанча баландроқдан кузатсангиз, шунча яхшироқ…

Кўчаларни тобора тўлдириб бораётган машиналар, ҳар сонияда уларнинг сигнал беришидан чарчаган одамга баландроқда яшаш қулай бўлса керак.  Қолаверса уй қанчалик баланд бўлса уни қурган тадбиркор ҳам кўпроқ хонадон сота олади, камроқ ер банд қилинади.

“Age Tashkent” мутахассислари бу борада ҳам ўрганиш олиб боришган. Таъкидланишича, одамлар яшаши учун  осмонўпар бинолар қуриш 2020 йилда жадаллашди – айнан ўша пайтда 12 қаватдан юқори бўлган кўп сонли кўп қаватли уйлар қурилиши бошланган. Унгача Ўзбекистон пойтахтида фақат 30 га яқин шундай уй бор эди.

Қаватлари бўйича инфографика.

Дастлаб, 50 йилларнинг бошидан 1966 йилгача икки қаватли уйлар жуда маш-
ҳур эди, 60 йилларнинг охиридан 80 йилларнинг бошигача эса тўрт қаватли уйлар кўпроқ қурилган.

Ундан сўнг беш қаватли уйлар ва кейин дастлабки 9 қаватли уйлар пайдо бўла бошлади.

Тошкентда хусусий уй-жойларнинг сони сони 175 600 тани ташкил этади. Мутахассислар 2019 йилдан шу пайтгача қурилган барча янги бино ва объектларни харитада акс эттирган. Натижада харитага 336 152 объект чизмаси киритилди.  Маълумотларга қараганда, Тошкент ҳудуди 1917 йилдан буён 3 бараварга кенгайди — 15 минг гектардан камроқ ҳудуд эндиликда салкам 44 минг гектарга етди.

Қайд этиш лозимки, уй-жойлар сони йил сайин ортиб бормоқда, ҳар йили минглаб хонадонлар эгаларига топширилади. Лекин нарх-наво ҳам баробар ортиб боряпти. Шу сабабли уларни сотиб олишга ҳамманинг ҳам имкони йўқ. Бунда кўпчилик ипотека кредитлари ёки бўлиб тўлаш имкониятлари билан қизиқа бошлашади. Қайси бири афзал? Газетамизнинг кейинги сонларида бу ҳақида алоҳида мақола берамиз.

Нозима ТошпЎлатова,
журналист

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *