Захарли газларнинг инсон саломатлигига Таъсири

Баҳор келиши билан шаҳримиз хиёбонлари-ю кўчалари яшиликка бур-канади. Шаҳар бўйлаб юрган одамнинг кўзи қувонади. Кўзга кўринмайдиган тутун ёки чангнинг йўқлиги эса ҳаво тоза эканлигини англатмайди. Пойтахтимиз ҳавоси ифлосланган шаҳарлар рейтингида маълум вақт давомида юқори ўринлардан тушмаганлиги ачинарлидир. Бу ҳолат тартибсиз қурилиш ислоҳоти билан изоҳланди, бироқ, атмосферанинг сунъий ифлосланишида автотранспорт воситалари биринчи ўринда (40%) туришини унутмаслик керак.


Бугунги кунда ер юзи бўйлаб 500 миллионга яқин автомобиль ҳаракатланмоқда. Юртимизда эса деярли ҳар бир оила ўз шахсий автомобилига эга. Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 2023 йил 1 январь ҳолатига Республикамизнинг ҳар 1000 нафар доимий аҳолисига ўртача 95 та автомобиль тўғри келмоқда. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич ҳар 1000 кишига ўртача 193 тани ташкил қилади. Рақамларсиз ҳам аёнки, куннинг серқатнов қисмида шаҳримиз кўчалари деярли ҳар куни тирбанд бўлади. Aвтомобиллар сигнали-ю, ҳуштак овозлари шаҳар шовқинини таъминловчи энг асосий омилга айланади. Бундай ҳолатда автомобил бошқариш эса, инсонни ҳар томонлама толиқтиради, асаб тизими фаолияти бузилишига олиб келади ва йиллар ўтиб, ўз асоратини турли кўринишларда билдириши ҳам мумкин.
Aтмосферанинг сунъий ифлосланишида автомобиль транспорти, энергетика саноати, корхона ва ташкилот ишлаб чиқариши, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ва яна бир неча омиллар асосий роль касб этади.
Кўпчилигимиз бу ҳолатга беэътибормиз, бундай ҳаводан нафас олиш инсон саломатлигига қай даражада салбий таъсир кўрсата олишидан бехабармиз. Ваҳоланки, ифлосланган ҳаводан нафас олиш, юрак касалликлари, нафас олиш йўллари инфекциялари, инсульт ва ўпка саратони каби оғир касалликларни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, IQ даражасининг пасайиши, идрокнинг бузилиши, руҳий тушкунлик каби психологик муаммоларнинг пайдо бўлиши ҳам ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ҳавога чиқаётган заҳарли газлар ерга кислотали ёмғирлар кўринишида яна қайтмоқда. Дарахтларнинг ўз-ўзидан қурий бошлаши, ҳосилдорликнинг пасайиши каби муаммолар ҳам юзага келаётгани бежиз эмас.
Бу гаплар кимларгадир эришдек туйилиши табиий, аммо, статистик маълумотлар бу эътиборга арзигулик муаммо эканлигини кўрсатмоқда. Инсульт, ўпка саратони ва юрак касалликларидан вафот этаётганларнинг учдан бир қисми ҳаво ифлосланиши билан боғлиқдир. Дунёдаги болаларнинг 90 фоизидан ортиғи ҳар куни заҳарли ҳаводан нафас олади. 5-18 ёшдаги болаларнинг 14 фоизи астма касаллигидан азият чекмоқда. Шунингдек, ҳар йили 5 ёшгача бўлган 543 минг бола ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ нафас олиш тизими касалликларидан вафот этади. Болалар саратони ҳам шу омил билан бевосита боғлиқ бўлиб, ҳомиладор аёлларнинг ифлосланган ҳаводан нафас олиши, ҳомила миясининг ривожланишига ўз салбий таъсирини кўрсатади. Ҳавони ифлослантирувчи моддалар соғлигимизга салбий таъсир кўрсатишидан ташқари, атроф-муҳитга ҳам зарар етказади. Бу эса, ўз навбатида, иқлим ўзгаришига олиб келади, бу ҳам саломатлик учун жиддий таҳдиддир.
Бугун айнан, юрак ёки ўпка касаллиги билан оғриган беморлар машиналар серқатнов шаҳар марказларида жойлашган шифохоналарда даволанишмоқда, ота-оналар фарзандларини серқатнов кўча четидаги хиёбонларда сайр қилдиряпти, саломатлигига бефарқ бўлмаган ҳамюртларимиз шу кўчалар четидаги йўлакларда оммавий югуриш билан машғул. Мантиқ йўқолгандек, гўё…
Муаммонинг ечими сифатида, авволо, электр транспорт воситаларига ўтишни тезлаштириш ва кўпроқ жамоат транспортидан фойдаланишни тарғиб қилиш зарур. Бироқ, кўпчилик ҳамюртларимиз 10-15 дақиқалик масофага ҳам ўз автомобилида боришни афзал кўришади. Сўнгги пайтларда, импорт қилинаётган электробуслар, яшил белгили давлат рақамларига эга автомобилларнинг кўпаётгани инсонни қувонтиради, албатта. Aммо ривожланган мамлакатларда асосан, фермерлар фойдаланадиган ёқилғи сарфи юқори, катта ҳажмли двигателларга эга автомобилларни фермер хўжалиги умуман мавжуд бўлмаган шаҳримиз кўчаларида тез-тез учратиш мумкин. Бу нимадан дарак? Хулоса ўзингиздан!
Деярли барча мамлакатларда ҳаво ифлосланишининг асосий омили автотранспорт воситалари ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ривожланган мамлакатлар электромобилларга ўтишни тезлаштирмоқда ва ишлаб чиқаришни кўпайтирмоқда. Юқорида айтганимиздек, шаҳримиз кўчаларида электромобиллар сони ортиб бормоқда. Импорт қилинаётган автобусларнинг аксарияти электробуслар. Бироқ, кўпчилик учун божхона тўлови ҳамон юқори эканлиги электромобиллар сони ортишига оз бўлса-да тўсқинлик қилмоқда. Хўш, уларни мамлакатимизга олиб киришда қандай имтиёз ва чекловлар бор?
Бу ҳақдаги батафсил маълумотни соҳа мутахассисининг ўзидан олдик.

Ҳусан Тангриев,
Божхона қўмитаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бош инспектори:

– Электромобилларни республикамизга кириб келишини рағбатлантирилиши натижасида 2022 йилда 135,5 миллион AҚШ долларлик 4409 та электромобиллар, шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида 143 млн. AҚШ долларлик 4570 та электромобиллар, импорт қилинган. Электромобиллар асосан Хитой Халқ Республикаси, Бирлашган Aраб Aмирликлари, Германия, AҚШ ва Корея Республикаларидан олиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 289-моддасига асосан товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда божхона божи, қўшилган қиймат солиғи, аксиз солиғи ва божхона йиғимлари тўланиши белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3818-сон қарори билан импорт божхона божи ставкалари тасдиқланган. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 2891, 2892, 2893-моддаларида эса республикада ишлаб чиқариладиган ва импорт қилишда акциз солиғига тортиладиган товарлар рўйхати келтирилган. Солиқ кодексининг 258-моддасига асосан барча товарларга нисбатан 12 фоиз миқдорида қўшилган қиймат солиғига тортилиши белгиланган. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 июндаги “Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини жорий этиш тўғрисида”ги 347-сон қарори билан 2020 йил 1 августдан бошлаб утилизация йиғими ставкалари ва транспорт воситалари тоифалари тасдиқланган.
Юқоридаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ электр двигатели ёрдамида ҳаракатланадиган енгил транспорт воситалари (TIF TN коди 870380) четдан импорт қилишда божхона қийматининг 12 фоизи миқдорида қўшилган қиймат солиғи, базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида утилизация йиғими ҳамда божхона қийматига қараб божхона расмийлаштируви учун йиғим ундирилиши белгиланган.
“Яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш, электромобиллардан фойдаланишни оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги ПҚ-4545-сон қарорига кўра, электр двигатели ёрдамида ҳаракатланадиган енгил транспорт воситаларига белгиланган импорт божхона божи ставкалари “нол”га туширилган.
Бундан ташқари, электромобиллар ва гибрид автомобилларни саноат усулида ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси
Президентининг 2022 йил 19 декабрдаги “Электромобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига асосан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича хориждан олиб келинадиган электромобилларнинг ва гибрид автомобилларнинг бутловчи қисмлари, хомашё ва материаллар, ускуналар ва технологик жиҳозларни, шу жумладан, сервис хизмати кўрсатиш учун эҳтиёт қисмларни олиб кириш 2030 йил 1 январга қадар божхона божидан озод этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 декабрдаги “Электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, хориждан олиб келинадиган электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар 2026 йилнинг 1 январига қадар божхона божидан озод этилган.
Экологик тоза ҳудудда яшаш, ҳар хил касалликлардан ўзимиз ва фарзандларимизни асраш, келажак авлодга нест-нобуд қилмай етказиш ўз қўлимизда. Бунинг учун аввало, фуқаролар атроф-муҳитга бўлган муносабатларини бироз бўлса-да ўзгартиришлари, дабдабадан кўра жамиятга манфаатлироқ танловни қилишлари керак.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *