ЗИЙРАК БОБО БОЗОРДА ЁХУД ИЧКИ КўЧАЛАРНИНГ МУАММОЛАРИ

Мана, яна ўша шаҳримизнинг обод ва кўркам бўлишига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Зийрак бобоингиз сиз билан. Навбатдаги манзилимиз пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган «Авиасозлар» деҳқон бозори бўлди.

Хуллас, телефонимга СМС келди. Келган СМСни очиб ўқисам пластик картамга нафақа пулим тушганлиги ҳақидаги хабарнома экан. Бу хабарномани ўқиб, нафақамдан невараларимга ширинликлар ҳамда турли мевалардан олиб келиш мақсадида тумандаги “Авиасозлар” деҳқон бозорига йўл олдим. Йўл-йўлакай пластик картамдаги нафақа пулимни нақдлаштириш учун бозор ёнидаги банкоматга бордим. Буни қарангки, банкомат атрофида ҳеч ким йўқ, хурсанд бўлдим. Ҳартугул, навбатсиз пул ечиб олар эканман, деб тургандим. Афсуски бу хурсандчилигим узоққа чўзилмади. Пластик картамни кармонимдан қидириб топиб, банкоматга солмоқчи бўлсам иккита ёнма-ён турган банкоматларнинг иккаласи ҳам ўчиқ экан. Атрофида ҳеч ким йўқлигидан ҳайрон бўлгандим ўзим ҳам. Чунки бу вақтда ўзимга ўхшаган аксарият пенсионерлар пластик картасига нафақа пули тушиши билан банкоматларга бориб, нафақа пулини нақдлаштириш билан овора бўлишарди. Бу банкомат ёнида эса атрофидан ўтиб кетувчи инсонлардан ташқари ҳеч ким йўқ эди. Хуноб бўлиб тургандим, бир мўйсафид: “Ҳа биродар нафақани нақдлаштирмоқчимидиз?”, дея сўз қотди. Мен у мўйсафидга жавобан: “Ҳа нафақа пули тушганди. Шуни нақдлаштириб невараларга бозорлик қилмоқчи эдим, банкомат ҳам аксига олиб ишламаётган экан”, дедим. “Буни неча кундирки ишлаганини кўрмадим. Сиз яхшиси бозор ичига киринг, ичкарида банкомат бор. Мен ҳам ўша ердаги банкоматдан пул ечиб, мана бозорлик қилиб кетяпман. Қолаверса, пластик карта билан ҳам савдо қиладиган дўконлар бор”, дея кетди.


Мен ҳам мўйсафидга раҳмат айтиб, бозор ичидаги банкомат ёнига борсам, бир нечта одам (ўзимга ўхшаш пенсионерлар шекилли) навбат кутиб турган экан. Мендан олдинда турган одамдан бошқа жойда банкомат ишламаяптимикин, навбатда турганлар бунча кўп, дея сўрасам. У: “Ишлаётганди ичидаги пули тугаб қолибди”, деди. “Эҳ, аттанг”, дея навбатим келгунича шу атрофдаги мева сотаётган сотувчилардан терминали бор ёки йўқлигини сўраб чиқдим. Терминал борида бор, йўғида йўқ. Мана пластик картага ҳам савдо қилса бўларканку. Бу “зорманда”га навбатда туриш шартми, дедим. Шунда банкоматдан пластик картадаги пулни нақдлаштириш учун навбатда турганлар кинояли кулиб қўйди. Мен эса бу кулишнинг маъносини тушунмай терминали бор сотувчиларнинг олдига бориб, нархини сўрадим. Уларнинг айтган нархини эшитиб, бошимдаги дўппим ерга тушиб кетай, деди. Қарилик панд бериб, балким нотўғри эшитгандирман, дея қайта сўрадим. Сотувчи баланд овозда “айтдимку нархини. Нечи кило тортиб берайин?” дея идишини қўлига олди.


“Нарса олсанг, савдолашиб ол!” деганларидек. Савдолашмоқчи бўлиб гап бошламоқчи эдим. «Отахон ўзи пластикка савдо қилмоқчисиз, аслида нархи сал баландроқ сотаман пластик картага. Сизнинг ёшингиз ҳурмати келиштириб айтдим», деди. Бу гапидан кейин: “Майли болам янги чиққан меваларингдан икки кило, икки кило сол қани”, дедим.
Олма, гилос, ўриклардан тортиб солиб берди. Жами суммасини ҳисоблаб пластик картамдан ечиб, олиб қолди. Мана энди нафақа пулимни нақдлаштириш учун навбатда туришга ҳожат қолмади. Уйга бориб невараларни бир хурсанд қилай, деб бозорнинг иккинчи дарвозасидан чиқиб кетаётганимда дарвозадан ташқарида, пиёдалар юрадиган йўлакчанинг бир четида шу мен олган меваларни сотиб ўтирганларни кўриб ёнига бордим-да нархини қизиқиб сўраб чиқдим. Мен сотиб олган нархдан икки баробар арзон нархни айтди. Ҳайрон бўлиб бирор айби бордир, дея «Бир дона еб кўрсам майлими?», дедим. Сотувчи ҳам: “Албатта, марҳамат”, деди-да, бир дона мевани ёнида турган идишдаги сувга чайиб, қўлимга тутқазди. Мазаси ҳам мен олган мевалардан ширин бўлса шириндир-ки, лекин қолишмайди. Шунда ўша пулни нақдлаштириш учун банкомат ёнида навбатда турганларнинг кинояли кулишини тушунгандай бўлдим.
Йўлак бўйлаб йўлимда давом этар эканман. 10-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабига дуч келдим. Бу муҳташам бинога ҳавас билан қараб ўтиб кетаётсам, шундоқ мактабнинг қарама-қаршисида, йўлнинг нариги томонида атрофи ўралган, қурилиши ҳали битмаган бино ёнидаги дарахтнинг атрофига чиқиндилар уюлиб ётганини кўриб, кўнглим хира тортди.
Бу атрофда чиқиндихона йўқмикин деб, маҳалла оралаб озгина юрдим. Ўша дарахт атрофидаги уюлиб ётган чиқиндилардан ҳеч қанча узоқлашмасимдан атрофи ўралган бир чиқиндихона чиқди. У ердаги тозалик айрим хонадонлар атрофидан тозароқ бўлиб турганига гувоҳ бўлдим. Бу озодаликни кўриб қувондим. Лекин бояги кўчанинг бошига, яъни, келажак авлодни маданиятли, юртимиз санъатини жаҳонга танитадиган етук кадрларни етиштириб берадиган масканнинг рўпарасига маданиятсизларча чиқиндиларни ташлаб кетган айрим кимсалар борлигидан ачиниб кетдим. Ахир бу чиқиндилар куннинг иссиғида ёқимсиз ҳид чиқариб, атроф-муҳитдаги аҳолининг дилини хира қилади-ку! Энг ачинарлиси эса бу чиқиндиларни бегона жойдан келиб ташлаб кетишмайди. Шу атрофда яшайдиган аҳолининг ўзи ташлаб кетади. Ахир шу заҳарли ҳаводан ўзи ва фарзандлари нафас олишини наҳотки, ўйламаса?!
Мутахассислар томонидан таъкидланишича, айниган маҳсулотларни чиқиндихонада кўп туриши натижасида турли маҳсулотлар билан аралашиб, реакцияга киришиб, ўзидан заҳарли кислород тарқатар экан. Бу эса турли касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Хўш, буни билмаймизми?.. Албатта биламиз! Лекин билиб туриб яна уйимизда айниб қолган маҳсулотдан тортиб, чақалоқларнинг таглигигача кўча юзига отиб кетаверамиз.
Йўлак бўйлаб кетар эканман, ички кўчаларнинг равонлигидан қувониб, мутасадди раҳбарларни дуо қилиб қўйдим. Пиёдалар юрадиган йўлакча четидан велосипедда юрадиганлар учун ҳам қизил ранг билан алоҳида ажратиб қўйибди. Аммо йўл қурувчиларнинг бундан “кўнгли тўлмаган” ёки “ўзгача бир янгилик” киритмоқчи бўлган шекилли, автомобиллар юрадиган йўлнинг четини махсус машиналар билан нимагадир қириб олиб, ишини охирига етказмай кетишибди. Бир ишни бошладингми, уни охирига етказ-да! Устига-устак шу қириб олинган асфальтнинг парчаларини шундоқ пиёдалар юрадиган йўлакнинг велосипедлар учун қизил ранг билан ажратилган йўлакчанинг ўртасига ташлаб кетилган.
Дарвоқе, йўл юзидаги дўконларнинг ичига харидорлар киришмайдими, аксарият дўконларда маҳсулотларини ташқарига чиқариб савдо қилади. Бунга қизиқиб дўкон эгаларидан сўрадим. Аммо тайинли бирор жавоб ололмадим. Яна қайта шу саволни айлантириб сўрамоқчи бўлдим-у, жуда зиқна чол экансиз, демасин деб, ниятимдан қайтдим. Ахир Зийрак бобоингизнинг номи “Зиқна бобо” бўлиб кетмасин дедим-да.
Шу билан бугунги сафаримиз поёнига етди. Сафар сўнггида ушбу мен сўзлаб берганлардан ўзларингизга тегишли хулоса оласизлар, деган умиддаман. Чунки ҳар биримиз зийраклигимизни ошириб борсак жамиятимиз учун фойдадан холи бўлмайди. Азиз ҳамшаҳарлар, сиз ҳам шу ва шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келсангиз, Зийрак бобоингизга мурожаат қилинг!
Азиз муштарий, Зийрак бобоингизга куч-қувват тилаб туринг. Чунки сафаримиз давом этади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *