Зулматга йўл

Гиёҳвандлик одамнинг ички органларини зарарлайди, юрак фаолиятини издан чиқаради. Бунинг оқибати ўлимга олиб боради. Қарамлик гиёҳвандликнинг ғалабаси. Бугун сайёрамизда кимёвий ва психотроп моддаларга муккасидан кетганлар, афсуски, жуда кўп.

Афсуски, юртимизда ҳам шу йўл билан кун кўрувчилар, даромад топувчилар бор. Тошкент шаҳар Божхона Бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Отабек Одиловнинг хабар беришича, Бошқарма томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтган 2022 йилда гиёҳванд воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши кураш бўлими томонидан 13 кг. 960 грамм гиёҳвандлик воситалари, 290 дона психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Гиёҳвандлик – сайёранинг мушкул муаммоси. Унинг домига тушган борки, йўлини йўқотади, орини, борини сотади. Бу шундай фожиаки, уни одамлар ўз қўллари билан “ясайди”, бузилган тафаккури билан тарғиб этади.
Замоннинг зайли билан бу балонинг турлари кўпайди, турмушимизда бу офат янги ном ва кўринишларда жуда тез суратларда пайдо бўлмоқда. Ачинарлиси, мутахассис ва масъуллар унинг зарарли ёки ноқонунийлигини исботлагунча юзлаб одамлар қора дорининг қарамига айланиб улгуряпти.
Дунё миқёсида наркомания билан боғлиқ статистик маълумотлар бизни сергакликка чақиради. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг 2022 йилги ҳисоботида 2020 йилда дунё бўйлаб 15 ёшдан 64 ёшгача бўлган 284 миллионга яқин одам гиёҳванд моддаларни истеъмол қилгани маълум бўлди. Ҳисоботда айтилишича, 2010 йилдан то 2022 йилгача глобал гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш 26 фоизга ортган. Шунингдек, 15-20 ёшда гиёҳванд моддалардан фойдаланишни бошлаганларнинг кўпчилиги ўттиз ёшга ҳам етиб бормайди…
Европа мамлакатлари орасида Россия гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчилар сони бўйича етакчилардан бўлиб қолмоқда. Мамлакатда 6 миллионга яқин гиёҳванд рўйхатга олинган бўлиб, 13 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўсмирлар орасида ўғил болаларнинг 40 фоизи, қизларнинг 16 фоизи вақти-вақти билан ёки мунтазам равишда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишда давом этмоқда. Бундан ташқари, мамлакат маҳбусларининг 25 фоизи гиёҳванд моддалар билан айбланган одамлардир.
Юқоридаги рақамлар аниқлангани холос. Яна минглаб рўйхатга олинмаган гиёҳвандлар бор. Сабаби, уларнинг кўпчилиги ўз муаммоларини бошқалар билишини хоҳламайди ва энг оғир ҳолатдагина уларнинг гиёҳвандлиги маълум бўлади. Даволанишни хоҳлайдиган беморларнинг кўпчилиги эса иш, ўқиш ва турмуш қуришда муаммоларга дуч келмаслик учун ҳам “дардини” яширади. Шу боис жиноят содир этмаган, давлат тиббиёт муассасаларида ҳисобда турмайдиган гиёҳвандлар статистикадан четда қолмоқда. Бундан ташқари, хусусий клиникаларда даволанаётган гиёҳвандлар ҳақидаги маълумотларнинг ҳаммаси ҳам давлат идораларига тақдим қилинмайди.
Пандемия туфайли жаҳон мамлакатлари иқтисодиётининг деярли барча тармоқлари зарар кўрди. Бироқ бу ҳолат гиёҳванд моддалар савдогарларига савдо ҳажмини сезиларли даражада ошириш имконини берди. Афсуски… Иш ўринларининг қисқариши, асабийлик, масофавий таълим туфайли ёшларнинг тартибсиз билим олиш жараёни, қора дори савдоси орқали даромад олишга уриниш ва шу каби ҳолатлар гиёҳванд моддалар савдосининг бозорини янада “чаққон” қилди.


РИНИAТМ Тошкент филиали, олий тоифали психотерапевт, нарколог Aбдужамшид Пўлатов:

  • Гиёҳванд ва психотроп моддаларга қарамликни икки турга бўлиш мумкин. Биринчиси жисмоний қарамлик бўлиб, бу модда турига қараб баданда оғриқлар сезиш, ич кетиши, безгак, кўз ёшланиши каби ҳолатлар билан кечади. Aгар вақтида тиббий муолажалар қўлланилса, оғриқлар уч кундан йигирма кунгача давом этади. Иккинчиси руҳий қарамлик бўлиб, жуда оғир ҳолатда кечади. Бемор билан психологик мулоқот қилинса, гиёҳванд моддаларнинг салбий оқибатлари тушунтирилса, даволаниш уч йилдан беш йилгача давом этади. Бизда бу кўрсаткичлар беморнинг реабилитацион салоҳиятига қараб белгиланади. Aгар бемор аввалдан руҳий касал ёки, ОИВ, сил касалликлари билан оғриган бўлса, бу беморларнинг реабилитацион салоҳияти паст деб топилади ва уларнинг соғайиш эҳтимоли жуда паст. Бу дегани соғлом одам учун гиёҳванд моддалар ёки психотроп моддалар истеъмоли зиёнсиз дегани эмас. Ушбу моддалар ҳар қандай соғлом одамни ўлимга олиб боради. Дориларнинг таъсирини икки турга бўлиш мумкин. Биринчиси жисмоний таъсир бўлиб, инсоннинг ички органлари фаолияти, насли ва жинсий физиологияси бузилишига олиб келади. Иккинчиси руҳий таъсир ҳисобланиб, инсоннинг деградация ҳолатига тушиб қолиши яъни, интеллектуал қобилиятининг пасайиши, ривожланиш истагининг йўқолиши, қўпол қилиб айтганда гиёҳванд моддаларнинг қулига айланиб қолиши билан юз беради.

РИНИAТМ Тошкент филиалида даволанаётган бемор Ҳ. И.

  • Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишни неча ёшда бошлагансиз? Бу ҳолатга тушишингиздан аввал қандай иш билан шуғуллангансиз?
  • Ёшим ўттиз иккида, йигирма саккиз ёшларимдан синтетик дориларни истеъмол қилишни бошладим. “Малика” савдо марказида савдо-сотиқ билан шуғулланганман.
  • Сизни нима мажбур қилди?
  • Шунчаки қизиқиш билан шу ҳолга тушиб қолдим. Нимадир мажбур қилди деёлмайман.
  • Бу фожиага ким айбдор?
  • Ҳамма нарсага одамнинг ўзи айбдор бўлади. Агар ҳоҳламаса, атрофдагилар уларни мажбур қила олишмайди.
  • Шифо топишингизга ишонасизми?
  • Ҳа албатта, инсоннинг ўзига боғлиқ. Ташлайман деган одам ташлайди.
  • Бу дарддан қутулмоқчи бўлганларга нима деган бўлардингиз?
  • Оиласига қараб хулоса чиқариб, нима мақсадда яшаяпман, ота-онам нима мақсадда мени катта қилишди, деган саволларни ўзига бериши керак.
  • Оилангиз, фарзандларингиз борми?
  • Ҳа, аёлим, фарзандларим бор.
  • Сизнинг ҳолатингиз уларни руҳиятига қай даражада таъсир қилди?
  • Бу оғир ҳолат… жамиятда ҳам, оилада ҳам сизга бўлган қарашлар ўзгаради. Оилангизда хурсандчилик кайфият йўқолади. Ҳурматингиз қолмайди, ҳатто болаларингиз саволингизга савол билан жавоб беришади.
  • Наркотиклар берган лаззатни ҳалол нарсалардан топиш мумкинми?
  • Хонадонингизга ноз-неъматлар олиб келиш, оилангиз билан хурсанд кайфиятда бир дастурхонда баҳам кўриш энг лаззатлиси, менимча. Бошқа лаззат йўқ деб ўйлайман.
  • Агар яна синтетик моддаларни таклиф қилишса…
  • Йўқ, бу балога қайтиш ниятим йўқ. Aнчадан бери истеъмол қилмайман ҳам. Буни бировга маслаҳат ҳам бермайман. Ота-онам, яқинларим бу дардни курашиб, енга олишимни кўришларини истайман. Уларни ишончига яна қайта кирмоқчиман.

РИНИAТМ Тошкент филиалида даволанаётган бемор С. П

  • Неччи йилдан бери гиёҳванд моддаларни истеъмол қиласиз?
  • Ўн саккиз йилдан бери истеъмол қиламан. (киноя билан кулиб)Гиёҳванд моддалар рўйхатидаги деярли ҳаммасини татиб кўрганман.
  • Ҳолатингиздан афсусда эмасдек кўринаяпсиз?
  • Нега энди? Афсусдаман… кўп нарсамдан айрилдим. Шаҳар марказида бешта квартирам, БМW автомобилим бор эди, ҳаммасини сотдим. Жигарим ҳам панд бераяпти. Шунинг орқасидан гепатит С ни орттириб олдим.
  • Оилангиз борми?
  • Ҳа биринчи хотиним фарзандим билан Москвада яшайди. Иккинчи хотиним шу ерда. Москвада ҳам даволаниб келганман.
  • Улар сизга қандай муносабатда?
  • Бу жуда ёмон нарса. Хотиним доим жанжал чиқаради. Уйингизда ҳаловат бўлмайди. Ҳудо ҳоҳласа, бу ерда даволаниб, бу йўлга қайт яқинлашмайман.
  • Москвада даволанганингиздан сўнг қайтиб истеъмол қилмадингизми?
  • Қилдим.
  • Бу ердан чиқиб яна истеъмол қилсангиз-чи?
  • Йўқ, қилмайман. Чиққанимдан сўнг Вирусологияга бориб, жигаримни даволатаман. Бутун танамни тозалатиб, бу нарсага қайта қўл урмайман.
  • Қувончни қаердан топасиз?
  • Ҳаёт жуда зерикарли, баъзида қувонч йўқдек туюлади. Баъзида яна истеъмол қилгим келади.

Бугунги кунда “туз” номи билан оммалашган синтетик модда энг кўп истеъмол қилинаяпти. Aйнан шу моддани истеъмол қилиш оқибатида ўзини юқоридан ташлаш, қўл томирларини кесиш, юқори тезликда автомобиль бошқариш каби ҳолатлар кузатилган. Бу ҳаракатларнинг ниҳояси аксар ҳолларда ўлим билан якун топмоқда. Шунингдек, “туз” синететик моддаси юрак инфаркти, мия инсульти каби касалликларга доялик ҳам қилади.
Бу инсонлар бир қарашда ОAВга қандай интервью беришни ўрганиб олгандек туюлади. Ҳозирги ҳолатидан мамнунлари ҳам, афсусланаётганлари ҳам бор. Улар қандай фикрда эканлигидан қатъи назар фақат зиён кўришди. Ҳаётининг энг мазмунли қисмини шифохонада даволаниш билан ўтказишмоқда. Тиббиёт марказининг коридори бўйлаб юрар эканман, шифокорнинг “онангни қара тамом бўлди” деган гаплари қулоғимизга чалинди… Ҳўнграб йиғлаётган онани кўриб, эса ич-этимиз эзилди. Aмин бўлдик-ки, гиёҳвандлик одамнинг ўзи билан бирга, унинг ота-онаси ва яқинларининг ҳам умрини зулматга айлантиради. Ҳулоса ўзингиздан!
Миржалол МАҲКАМОВ
тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *